Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:25

Наманганда стадионни битириш учун халққа ўлпон солинди


Намангандаги “Навбаҳор” стадиони қурилишини мустақиллик байрамигача тугатишга ваъда берган вилоят ҳокимининг оғзаки буйруғига кўра, тадбиркорлар, ўқитувчилар, бозор ходимлари қурилиш учун пул ўтказишга мажбурланяпти. Ҳатто “Дамас” ҳайдовчиларига ҳам “солиқ” солинмоқда.

Наманган шаҳридаги “Навбаҳор” стадиони қурилишига кетадиган маблағ тадбиркорлар, ўқитувчи ва киракашлар ҳисобидан йиғилаётгани ҳақидаги хабарни Озодликнинг Намангандаги манбаларидан бири етказди:

“Намангандаги “Навбаҳор” стадиони қурилиши учун президент томонидан ажратилган маблаг қаёққа кетди? Ҳозирги кунда Намангандаги тадбиркорлар мажбурланиб маблағ утказишяпти ёки 2-3 та хонасини қуриб беришяпти. Ҳаттоки ўқитувчиларнинг ойлик иш хақидан пул уриб қолишяпти, қурилиш учун. Бир йилдан ошди, Намангандаги такси ҳайдовчиларига ҳам солиқ солинган. Шунча маблағга Бунёдкор стадионидан хам зўрини қурса бўладику, лекин лойиҳадаги стадион кичкинагина сифатсиз стадион бўляпти”, деб ёзади Озодлик мухлисларидан бири.

Намангандаги "Навбаҳор" стадиони реконструкцияси бошланганига бир йилдан ошди.

Наманганлик журналист Носир Зокирнинг айтишича, вилоят ҳокими Баҳодир Юсупов “Навбаҳор” стадионини қайта қуришда молиявий ёрдам бериш ҳақида футбол ишқибозлари билан бўлган учрашувда гапирган ва барча тадбиркорларни, аҳолини кўнгилли хайрия қилишга чорлаган:

- Вилоят ҳокими билан учрашувда мен ҳам бор эдим. У киши айтдиларки, биз юқорининг буйруғига биноан стадионни Мустақиллик байрамига очишимиз керак, мен бутун ташкилотларни йиғиб пул ўтказиб беринглар, деганман, деди. Ҳозир бутун вилоят бўйича барча ташкилотларнинг эътибори ана шу стадион қурилишига қаратилган. Масалан, бизнинг почтамизнинг бошлиғи ҳам биздан 50 минг сўмдан ушлаб қолди, деди Носир Зокир.

Стадион қурилишига мажбурий маблағ ажратишнинг энг оғири тадбиркорлар зиммасига тушгани айтилади. . Исми сир қолишини сўраган наманганлик тадбиркорлардан бирининг айтишича, уларга жуда катта “солиқ” солинган:

- Тадбиркорлардан ҳеч ким четда қолмади. Ташкилотинининг катта кичиклигига қараб 10 миллион сўмдан 40 миллион сўмгача солиқ солинди. Айримларига нақд олиб келасан деяпти. Айримларига ҳисоб рақам беряпти шунга ўтказасан деб, ҳеч ким билмайди у қанақа ҳисоб рақам, дейди тадбиркор.

Унинг айтишича, йўналишли такси ҳайдовчилари ҳам ҳар куни тушган фойдасидан 5000 сўмдан стадион қурилишига “хайр” қилишга мажбур:

- Агар тахминан беш мингта “Дамас” бўлса, унинг ҳайдовчилари ҳар куни беш мингдан берса у ёғини ҳисоблаб олаверинг, дейди суҳбатдош.

Тадбиркорга кўра, ҳатто маҳаллалар ҳам бу “солиқ”лардан четда қолмаган:

- Агар маҳаллада беш минг одам яшаса, ўша маҳаллага 3-4 миллион сўм солиқ соляпти, каттароқ маҳалла бўлса, каттароқ солиқ. Ҳеч ким энди ҳозир чўнтагидан бермайди, бу пуллар болалар нафақаси ҳисобидан, ёрдам пули сифатида расмийлаштирилиб олиняпти, деди тадбиркор.

Намангандаги бир неча дўкон эгаси бўлган тадбиркор Озодлик билан суҳбатда исми сир қолишини сўради. Унинг айтишича, давлат бюджети ҳисобидан қурилаётган объектларнинг ҳаммасида тадбиркорларнинг пул ўтказишга мажбурланиши вилоятда расм бўлиб қолган:

- Бу бор нарса. Биз ҳоким айтган пулни ўтказишга мажбурмиз. Агар ўтказиб бермасак, сизга нисбатан бошқа вариантни қўллаймиз, деб қўрқитади. Энди ҳар қандай корхонанинг бухгалтериясини текширганда, албатта, бирорта камчилик топилади. Ўша вариантга тушиб қолсангиз, текширувчилардан бошингиз чиқмай қолади. Шунинг учун, тинчгина ўша айтган пулини ўтказиб берамизда, қутуламиз, бу ёғидан худо берсин, дейди тадбиркор.

Озодлик бу жараённи такшириш давомида Наманган вилояти ҳокимлиги билан боғланди. Телфеон гўшагини кўтарган мулозим, телефон орқали саволларга жавоб бермаслигини айтди.
XS
SM
MD
LG