Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:25

Чинни бозор тадбиркорларига товон пули талаб қилинмоқда


Тошкент вилояти Зангиота туманидаги Чинни бозорда рўй берган ёнғиндан зарар кўрган тужжорларга ҳукумат товон пули бериши керак. Тошкентдаги “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари ташкилоти пайшанба куни ана шундай баёнот билан чиқди.

“Хонавайрон бўлган тадбиркорларга кредит бериш йўли билан ёрдам беришмоқчи. Аслида эса акциядорлик жамияти бўлган мазкур бозорнинг қимматли қоғозлари назорат пакети ҳокимиятга тегишли бўлиб, акциядорлик жамияти уставига кўра бозордаги хавфсизлик учун маъмурият жавобгарлир. Шу боисдан ҳам бозорда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб, солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлаб келганларга товон пули берилиши лозим”, -дейилади ташкилот баёнотида.

Чинни бозорда 12 август куни рўй берган ёнғин оқибатида 160дан ортиқ дўкон ёниб кул бўлгани, шу дўконларда миллионлаб сўмлик товар бўлгани айтилади.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ёнғин электр тизимидаги қисқа туташув оқибатида келиб чиққани ва бунинг оқибатида йигирмага яқин дўкон зарар кўргани ҳақида баёнот берган. Ҳозирда ҳуқуқ-тартибот идоралари ёнғин юзасидан тергов олиб бораётгани айтилади.

Ўзбекистондаги “Эзгулик” жамиятига эса ёнғиндан зарар кўрган тужжорлардан шикоятлар кела бошлаган.

“Оловнинг тутуни тарқаб улгурмасдан шикоятлар оқиб кела бошлади. Шу боисдан ҳам мазкур ёнғин оқибатларини ўрганаётган прокуратура органлари тадбиркорларнинг арз-шикоятларини ўрганиши ва бу борада тадбиркор манфаатлари нуқтаи назаридан хулосага келиши лозим. Токи мамлакатда “Тадбиркор — элга мададкор” шиори амалда экан, уларнинг қонуний манфаатлари ҳимоя қилиниши шарт”, - дейилади “Эзгулик” баёнотида.

Озодлик манбаларига кўра, бозорга қасддан ўт қўйилган деган тахмин ҳам ўрганилмоқда.

Яқинда ушбу бозорнинг 20дан зиёд раҳбари бозор қурилишидаги фирибгарлик боис узоқ муддатларга қамалган эди.

Зангиота ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотга қараганда, Чинни бозордаги ёнғинни ўчиришга 18та ўт ўчириш машинаси жалб қилинган.

XS
SM
MD
LG