Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:42

Марғилон бозорида чиққан ёнғинга бозорқўм айбдор деб топилди


Марғилондаги бозорда 2013 йилда ёнғин чиққан эди.
Марғилондаги бозорда 2013 йилда ёнғин чиққан эди.

Санъат музейидан ўғирланган картиналар юзасидан тергов давом этмоқда. Жайронларнинг қирилиб кетаётгани мутасаддилар эътиборидан четда қолмоқда. Ўзбекистонга келаётган тожикистонликлар милицияга 28 доллар беришга мажбур бўлмоқда. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

“Ўзбекистон давлат санъат музейида ўғирланган картиналар юзасидан тергов давом этмоқда”

Ўзбекистон давлат санъат музейидан машҳур рассом Виктор Уфимцевнинг 6 та картинаси ўғирланиши ортидан мамлакатдаги бошқа музейларда ҳам текширувлар бошланган (“Даракчи”, 10 июль).

Қайд этилишича, қирқ икки нафар экспертдан иборат ишчи гуруҳ барча музейларда экспонатлар инвентаризациясини ўтказмоқда. Текширувлар Уфимцевнинг Ўзбекистон давлат санъат музейида сақланмоқда деб ҳисобланган картиналари турли аукционларда сотувга қўйилганидан кейин бошланган.

Кейинроқ давлат музейида сақланаётган картиналар кўчирма экани, асл нусха эса ўғирлангани маълум бўлган.

Ўзбекистон давлат санъат музейи директори Васила Файзиевага кўра, эндиликда музей фондидаги 67 минг дона асарнинг ҳаққонийлиги бирма-бир текширилиши лозим.

“Афсуски, Уфимцевнинг асарлари алмаштириб қўйилган асарларнинг биринчиси эмас. Текширув ишлари давомида айбдорлар аниқланиб, ўз жазосини олишига ишонамиз”, деган музей раҳбари В.Файзиева.

“Марғилон бозоридаги ёнғинда бозорқўм айбдор деб топилди”

Марғилондаги буюм бозори хўжайини Бахтиёр Собиров бозор ҳудудида 2013 йилда рўй берган ёнғинда айбдор деб топилди (“Ҳуқуқ”, 10 июль).

Қайд этилишича, ИИБ ёнғин хавфсизлиги бошқармаси аввалроқ ўтказган текширувда юқори кучланишли электр тармоғи остида савдони тўхтатиш лозимлиги аниқланган. Бу борада вилоят хўжалик суди ҳал қилув қарори ҳам чиқарган. Бозорқўм Бахтиёр Собиров эса хўжалик судининг ушбу қарорига зид равишда бозор ҳудудида савдони давом эттирган.

2013 йилнинг 17 ноябрида рўй берган ёнғинда 100 дан ошиқ савдогарнинг жуда катта миқдордаги кийим-кечак маҳсулотлари куйиб кул бўлган эди.

Фарғона вилоят прокуратураси вакили Шуҳрат Мусаевга кўра, бозорқўм, шунингдек, 521 миллион сўм миқдоридаги кунлик патта пулларини ҳам ўзлаштириб юборган. Марғилон буюм бозори раисига қандай жазо берилгани очиқланмаган. Қайд этилишича, унга “қилмишига мувофиқ жазо тайинланган”.

“Жайронларнинг қирилиб кетаётгани 9 ойки мутасадди ташкилотлар эътиборидан четда қолмоқда”

“Жайрон” экомарказида жайронларнинг қирилиб кетаётгани муаммоси кўтарилган мақола чоп этилганига 9 ой ўтган бўлса-да, мутасадди расмий идоралар муносабат билдирмади (“Новий век”, 10 июль).

Газета маълумотларига кўра, биргина 2011-2012 йилларда экомарказда 625 та жайрон нобуд бўлган. Шу тариқа 1988 йилдан буён Қизил китобга киритилган жониворларнинг 85 фоизи ҳалок бўлган.

Газета ушбу масала юзасидан Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси, прокуратура ҳамда Экология ҳаракатининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги депутатларидан расмий муносабат кутган, аммо расмийлар долзарб масалага эътибор қаратмаётир.

“Танасини тештириб, тилига пирсинг қадаётган ёшлар танқид қилинди”

Ўзбекистон ёшлари орасида татуировка ва пирсинг ишқибозлари ҳам учрамоқда. Шу муносабат билан матбуот ёшларни бундай “бемаъни ва хавфли қадам”дан эҳтиёт бўлишга чақирди (“Инсон ва қонун”, 8 июль).

Татуировка йигирмадан ортиқ касаллика олиб келиши мумкин, шунингдек, татуировка чизишда ишлатиладиган бўёқ таркибида экзема, дерматит ва бошқа хавфли кимёвий моддалар бор.

Газетанинг ёзишича, пирсинг ҳам соғлиқ учун жиддий зарар саналади. Тананинг турли қисмларига қадалган металл безаклар аллергик реакцияга олиб келади.

“Тана қисмларини тештиришнинг тез-тез учрайдиган асорати заҳарланишдир. Янги тешилган жойга тушган бактерия ва вируслар яллиғланиш сингари гепатит В ва бошқа касалликларни юзага келтиради”, деб ёзади газета.

“Ўзбекистонга келаётган тожикистонликлар милицияга 28 доллар беришга мажбур бўлмоқда”

Ўзбекистонга чиқишни хоҳлаган Тожикистон фуқаролари тожик милициясига 150 сомони (28 доллар) беришга мажбурланмоқда (“Диёнат”, 10 июль).

“Тожикистондаги виза бериш тартиби маҳаллий милиция ходимлари учун тайёр хўракка айланди. Улар йўқ ердан чўнтак қаппайтириш йўлини ўйлаб топишган: қўшни давлатларга чиқиш истагида бўлган фуқаролар тартиб посбонлари талаб қилаётган маълум миқдордаги маблағни тўлашсагина мақсадларига етишади. Бир қарашда маълумотнома учун тўланаётган сумма майда-чуйдадек кўринади. Бироқ қўшни давлатда яшовчи қариндошларини йўқлаш мақсадида кунора паспорт бўлимларига мурожаат этувчи тожикистонликлар сони ҳисобланса, яхшигина маблағ йиғилаётгани аён бўлади”, деб ёзади газета.

“Абитуриентларга жавоб варақасини тўлдириш учун қўшимча 20 дақиқа берилиши керак”

Тест жавоб варақасига абитуриент ўз шахси ҳақидаги маълумотларни ёзиши учун алоҳида 20 дақиқа ажратилиши керак (“Адолат кўзгуси”, 10 июль).

Самарқандлик абитуриент “ўтган йили жавоб варақасига ўзим ҳақида маълумотни киритиш учун анча вақт кеткиздим, сарфланган ана шу вақт тест учун ажратилган вақт ичига кирадими”, деган мазмунда савол берган.

Ушбу масала аниқлик киритган газета мазкур 20 дақиқа тест жавобларини ёзиш учун берилган вақтга қўшимча сифатида берилишини ёзган. Демак, абитуриентлар зарур ҳолларда низомда белгиланган ушбу қўшимча 20 дақиқадан фойдаланишни талаб қилиши лозим.

“Темир йўл чиптаси уйга етказилади. Хизмат нархи – 33 минг сўм”

“Ўзбекистон темир йўллари” ширкати чипталарни йўловчиларнинг уйига етказиш хизматини жорий қилди (“Оила даврасида”, 10 июль).

Ширкат таркибидаги “Ўзтемирйўлйўловчи” акциядорлик жамияти директори Ойбек Худойқуловга кўра, мижоз уйдан туриб (+99871) 2991827 телефон рақами орқали буюртма бериши мумкин. Чипта буюртма қабул қилган куннинг ўзида 9:00 дан 18:00 га қадар етказиб берилади. Мижоз ушбу хизмат учун 33 минг сўм тўлаши керак.

“Самарқанд “Албатта бориб кўриш лозим бўлган дунёнинг 50 шаҳри” рўйхатида”

Американинг таниқли “The Huffington Post” нашри Самарқанд шаҳрини “Албатта бориб кўриш лозим бўлган дунёнинг 50 шаҳри” рўйхатига киритди (“Тошкент оқшоми”, 9 июль).

“Регистон майдонидаги мадрасалар ва қадимги иншоотлардаги нақшлар Буюк ипак йўлининг кўҳна шаҳри – Cамарқандни жаҳон ислом меъморчилигининг энг гўзал намуналаридан бирига айлантирган”, дея ёзган рейтинг муаллифлари.

“Самарқанд МДҲ мамлакатлари шаҳарлари ўртасида ушбу нуфузли рўйхатга кирган ягона шаҳар” деб қайд этади “Тошкент оқшоми” нашри.

XS
SM
MD
LG