Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:41

Ўзбекистонлик маҳбус МХХ ташрифидан кейин ўз жонига қасд қилди


Тошкент сўрови асосида қўлга олиниб, Россиянинг Омск шаҳридаги 6 - сонли колонияда сақланаётган қашқадарёлик 35 ёшдаги Зайниддин Раҳимов Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ва Россия Федерал хавфсизлик хизмати “ташрифи”дан кейин ўз жонига қасд қилгани айтилмоқда.

Россиянинг Омск шаҳрида жойлашган 6-сонли аҳлоқни тузатиш колониясида МХХ ва ФСБ ходимлари босимига учраган Зайниддин Раҳимов қўли ва бўйнини кесган.

Бу хабарни Озодликка тасдиқлаб берган Россиядаги “Ёрдам” ташкилоти раиси Баҳром Ҳамроев "ўзбекистонлик маҳбус шу тариқа ўз норозилигини билдирган"ини айтди:

- Омскдаги 6 - колонияда Ўзбекистон фуқароси Зайниддин Раҳимовга ҳам ФСБ, ҳам СНБ ходимлари босим ўтказган. Улар қилмаган жиноятларни “Бўйнинга оласан!”, деб дўқ-пўписа қилиб мажбурлашган. Лекин улар чиқиб кетганидан кейин у ўз бўйнини, қўлларини кесишга мажбур бўлган, чунки бошқача қаршилик кўрсата олмаган. Ўзбекистонда уни Жиноий кодекснинг бир нечта моддаси билан айблашаяпти. Бунинг устига Зайнидинни ҳозир 7 кунга қамаб қўйишган, изоляторга. Ўзбекистонга бир неча йил бормаган уч нафар ака-ука Раҳимовлар сохта айбловлар билан қидирувда,- деди Баҳром Ҳамроев.

Ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти раҳбари оғир жароҳатлар олганига қарамасдан ҳозирда карцерда қолаётган Зайниддин Раҳимовнинг ҳақ-ҳуқуқлари таъминланиши масаласида колония маъмуриятига махсус билдириш хати билан чиққани ва бу ишни ўз назоратига олганини айтди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:25 0:00
Бевосита линк

Айни пайтда, Омск шаҳар 6 - сонли ахлоқни тузатиш колонияси расмийлари Озодлик мухбирига ҳозирча бу ҳодиса юзасидан бирор ортиқча маълумот бера олмасликлари ва маълумот олиш учун Федерал бошқармага мурожаат қилиш кераклигини билдирди.

Қашқадарёлик маҳбус Зайниддин Раҳимовнинг укаси Зуҳриддин Ўзбекистон хавфсизлик хизмати идоралари нима сабабдан ака-укаларга бундай жиддий айбловларни қўяётганини ҳанузгача тушунмаётганини гапиради.

- Менга колониядан акамнинг камерадошлари телефон қилиб, жума куни ходимлар келиб акамни сиқувга олишганини айтди. Мажбур қилишибди нимагадир “Ўзбекистонда сенинг айбинг бор экан”, деб. Қўл қўймаган экан, изоляторга тиқишибди. 7 сутка беришибди. Хабар ололмаяпман ҳозир, билолмасдан сиқилиб ўтирибман. Акам ўзи 2 йил олдин сохта пул билан тушган эди. Машинада ухлаб ётган. Ёнидаги болаларда сохта пул чиққан. Уларга 4 йил берди, акамга 2,5 йил “кемага тушганни жони бир”, деб. Ундан кейин бизни ҳам олиб бориб тиқиб қўйишди. Ҳозир кичкина укам ҳам ётибди ўша ерда. Мени яқинда қўйиб юборишди. Акамга нима статья қўйган бўлса , бизга ҳам шуни тикди, -дейди ноҳақлик туфайли ярим йил қамоқхонада умрини ўтказганини гапирган Зухриддин.

Ўзбекистонлик бу меҳнат муҳожирининг айтишича, ака-ука Раҳимовлар “одам савдоси”, “террорчилик фаолиятини амалга ошириш” ва у ҳақда “хабар бермаганлик”, “Конституциявий тузумга тажовуз” ва бошқа моддалар асосида Ўзбекистонда қидирувда қолмоқда.

- Бештача статья қўйиб ташлаган – руслар ҳам кўриб, “Сизларнинг айбларинг йўқ экан”, дейишди. Бу ерда биз документларни қонуний қилиб ишлаб юрган бўлсак. Ҳозир Россия Ўзбекистонга бериб юбориш учун акаларимни ушлаб туришибди. Шахсан ўзим 6 ой 12 кун ўтириб чиқдим, шундан 3 ой 10 кунинин – махсус блокда бир ўзимни сақлашди. Акамни бола-чақасини ҳам 4 ойга тиқиб қўйган эди, яқинда чиқиб уйга кетди. Ишламайди оиламизда ҳеч ким, уйдагилар ҳам қийналиб қолган. Ўзимизда қидирувда эканмиз – ҳозиргача олиб ташламабди. Нима қилганимиз учун, нима сабабдан? Ўзимиз билмаймиз: биз намоз ҳам ўқимасак... Ишлаб тинчкина юрганмиз,- дейди қидирувда бўлган Зуҳриддин Раҳимов.

Ҳозирча Зайниддин Раҳимовнинг аҳволи тўғрисида бошқа маълумотлар олинмади. Озодлик Раҳимов ишини кузатишда давом этади.

Жорий йилнинг 13 майида Омск вилоятида жойлашган 6 - сонли аҳлоқни тузатиш колониясида қамоқ жазосини ўтаётган бир нафар тожикистонлик маҳбус қамоқхона маъмурлари томонидан уриб ўлдирилгани тўғрисида хабар пайдо бўлгани ҳақида Озодлик олдинроқ хабар берган.

Таҳририятга мурожаат қилган колониядаги бир гуруҳ ўзбеклар маъмуриятнинг бу бедодлиги ва қийноқларига қарши ғалаён кўтарганини айтган.

XS
SM
MD
LG