Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:41

Омск колониясида ўзбек-тожик маҳбуслар бош кўтарди


13 май куни Россиянинг Омск вилоятида жойлашган 6-сонли ахлоқ тузатиш қолониясида қамоқ жазосини ўтаётган бир нафар тожикистонлик маҳбус қамоқҳона маъмурлари томонидан ўлдирилгани иддао қилинган хабар пайдо бўлди. Озодликка мурожаат қилган колониядаги ўзбеклар маъмуриятнинг бу бедодлиги ва қийноқларига қарши ғалаён кўтарганини айтмоқда. “Халқаро амнистия” ташкилоти қийноқлар одатий тус олган мамлакатлар қаторига бу гал ҳам Ўзбекистон ва Россияни киритди.


13 май куни Омскдаги 6 сонли ахлоқ тузатиш қолониясида асосан ўзбек ва тожиклардан иборат маҳбуслар ғалаёни кўтарилгани айтилмоқда.

Бу ҳақда Озодликка маълумот берган Москвадаги “Ёрдам” ташкилоти раҳбари Баҳром Ҳамроевга қуйидаги мазмунда СМС-хабар келиб тушди:

Мен Омскдаги ИК-6 (ахлоқ тузатиш қолонияси.таҳр). Кеча бир тожик болани мелисалар ўлдириб қўйишди зонада. Зонага ҳозир ўзбек ва тожик боллар бош кўтарган. Нима қилайлик?

Колония маҳбусларининг Озодликка берган маълумотига кўра, 13 май куни эрталаб қамоқҳона махсус зонасида 1989 йилда туғилган Отабобоев Беҳзод исмли йигит ўлиб қолгани ортидан мусулмон маҳбуслар бош кўтарган.

- Бугун мана шу 6 зонада биттасини ўлдириб қўйишибди, деб гап чиқди. Шунга телефон қилган эдик. “Итлар” уриб ўлдирибди, деяпти. Бугун саҳар соат 5 да бўлган бу воқеа. Бизда бараклар бор, у бола яшаган жой “адаптация” дейилади. Улар билан алоқа қилишнинг иложи йўқ, нима бўляпти... Биз “Нимага уриб ўлдиряпсизлар?” деб ҳамма мусулмонлар йиғилдик, 100 кишидан ошиқ.
Уларни “гонять” қилган-да, ёшларни. 1989 йилги бола эканда, Беҳзод исми, дейди 6 колония маҳбусларидан бири.
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:05 0:00
Бевосита линк

Қамоқхонанинг бош кўтарган мусулмонлари орасида бўлган яна бир ўзбекистонликнинг айтишига кўра, ҳозирда колония маъмурияти улар қўйган талабларни қондирган ва “режим”да қолган ўзбек-тожик йигитлар умумий зонага олиб чиқилиши боис ғалаён тўхтаган.

- Бир болани ўлдириб қўйган эди, мана шу ерда нечта мусулмон бўлсак, ҳаммамиз кўтарилдик. Менинг бу ерга келганимга бир ярим йил бўлган бўлса, бунақаси биринчи маротаба бўляпти. Янги йилдан олдин бир ўрис ўзини ўлдирган эди. Янги келганлар “карантинга” тушади, карантиндан уларни “адаптация”га 9 ойга жойлаштиради, мослашишга зонага. Адаптацияда 20 киши ўзбек-тожикларимиз бўлган экан, 4 кишини чиқариб олдик. Улардан “Урдими?”, десак, “Йўқ” деяпти. Жума кунигача, маъмурият билан келишдик, ҳаммаси чиқарилади, деди ғалаён иштирокчиларидан бири.

Маҳбуслар Озодлик билан суҳбатда Отабобоев Беҳзод ўлими юзасидан текширув олиб борилиши ва айбдорлар жазоланишини ваъда қилганини айтмоқда.

Бироқ, Озодликнинг қўнғироғига жавобан колония навбатчиси катта лейтенант Ерёменко маҳбусларнинг бу гапларини “ёлғон”, деб таъкидлади.

- Навбатчи катта лейтенант Ерёменко бўламан. Мен бундай демаган бўлар эдим, бу аниқ ёлғон. Ҳеч кимни бизда ўлдиришгани йўқ – бизда сув сепкандек тинч, дея ишонтирди навбатчи офицер.

Омск колонияси маҳбуслари ишини кузатиб бораётган “Ёрдам” ташкилоти раҳбари Баҳром Ҳамроев тожикистонлик маҳбус Отабобоев Беҳзод колония хавфсизлик бўлими бошлиғи ва оператив ходимлар томонидан қийноққа солингани тўғрисида аввалдан маълумотга эга бўлганини айтмоқда.

Ҳуқуқ фаоли бундай вазиятда маҳбуслар курашнинг ҳуқуқий йўлини танлаш керак, дейди.

- Буларга берилган маслаҳат шундай бўлдики, ким ўлган ва қанақа ҳолатда ўлгани тўғрисида маълумот йиғинглар, деб телефон орқали гаплашдик. Менга саҳар мурожаат қилганларнинг телефонлари ўчирилган. Маъмурият ҳаммани тарқатиб “раскидать” қиляпти, бир жойга йиғилишга имкон берилмаяпти, деган охирги хабар бўлди, дейди колониядаги вазиятни кузатиб бораётган “Ёрдам” ташкилоти раҳбари Баҳром Ҳамроев.
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:26 0:00
Бевосита линк


“Халқаро амнистия”: “Қийноқлар тўхтатилсин!”

Айни пайтда, “Халқаро амнистия” ташкилоти бугундан бошлаб “Қийноқлар тўхтатилсин!” кампаниясини бошлаганини эълон қилди.

Ташкилот очиқлаган ҳужжатларда турли мамлакатлардаги давлат идораларида одамларни қийноққа тутиш ва таҳқирлаш ҳолатлари одатий ҳолатга айлангани эътироф этилган.

Ташкилот қийноқлар кўп қўлланиладиган мамлакатлар қаторига Мексика, Филиппин, Марокаш, Нигерия, Россия ва Ўзбекистонни киритган.
Ҳуқуқ фаоллари БМТнинг Қийноқларга қарши конвенцияси қабул қилинганидан 30 йил ўтиб ҳам кўплаб мамлакатларда одамларни азоблаш ва қийноққа солиш ҳолатлари кенг тарқалганини гапирмоқда.

13 май куни “Қийноқлар тўхтатилсин!” халқаро кампаниясини бошлаб юборган ташкилот ходимлари ўз ҳисоботида қийноқлар собиқ Совет Иттифоқи мамлакатларида кенг тарқалгани қайд этилганини маълум қилади.

Бу мамлакатларда коррупциялашган ва кам ойлик оладиган полиция ва тергов ходимлари айбланувчиларни у ёки бу жиноятни бўйнига олишга мажбурлаши тўхтамаётганидан бонг урмоқда.

- Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатлари қаторида қийноқ ва таҳқирлаш бўйича етакчилик қилмоқда. Бу мамлакатдаги инсон ҳақлари бузилишига эътибор Андижон воқеаларидан кейин кучайтирилиб, ҳозирга келиб анча сусайиб қолди. Чунки Ўзбекистонга кўплаб халқаро делегациялар келиб туради, у халқаро ҳамжамиятга геостратегик нуқтаи назаридан жуда аҳамиятли. Биз эса Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари бузилишлари маҳаллий ҳокимият билан доимий равишда муҳокама этилиши тарафдоримиз, деди Озодлик билан суҳбатда Европа ва Марказий Осиё бўйича “Халқаро амнистия” ташкилоти минтақавий дастури раҳбари Жон Далхизен.

У айниқса қамоқхона маҳбусларининг қийноққа солиниши Россия колонияларида ҳам одатга киргани қайд этилаётганини маълум қилди. Ташкилот ўз ҳисоботида Россияда инсон ҳақлари бузилиши бобида маҳаллий полициячиларнинг мигрантларга бўлган зўравонлиги ва адолатсизлиги кучайиб бораётгани ҳам ўз аксини топган, деди.

Сўнгги 5 йил давомида “Халқаро амнистия” камида 141 мамлакатда қийноқ ва зўравонликларнинг турли кўринишлари қўлланилганини қайд этди.
XS
SM
MD
LG