Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:39

Тожикистонда яна бир мулла жинсий тажовузда айбланди


Жодугар мулланинг ўз мижозини авраш тасвири.
Жодугар мулланинг ўз мижозини авраш тасвири.

Тожикистоннинг Қумсангир туманида истиқомат қиладиган маҳаллий муллалардан бири дуохонлик қилиб аёлларнинг номусига текканликда айбланмоқда. Бироқ мулланинг яқинлари бу айбловни кескин рад этмоқда.

Қумсангир туманида ўзини “мунажжим ва домла” сифатида танитган Қиёмиддин Ғиёсов ўтган ҳафтада унинг олдига даволаниш учун келадиган аёлларга тегажоғлик ва номусга тажовуз қилганликда айбланди.

Қумсангир тумани ички ишлар бўлимининг мулозими Ҳусайн Сайдалиевнинг айтишича, 47 ёшли Ҳусайн Сайдалиев одамларни ўз уйида дуохонлик билан даволаган ва аёл мижозларнинг ожизлигидан фойдаланиб, уларнинг номусига теккан:

- У икки-уч йилдан буён аёлларни алдаб пулини олар ва бунинг устига уларнинг номусига тегар экан, дейди Ҳусайн Сайдалиев.

Унинг айтишича, Қиёмиддин Ғиёсовнинг мукаммал исломий билими бўлмаган ва асосан зурёдсиз аёллар унинг ҳирсининг нишони бўлган.

Ички ишлар мулозими Қиёмиддин Ғиёсовга нисбатан қандай аниқ далил ва фактлар борлиги ҳақидаги саволга “тергов сири” дея жавоб бермади.

- У ҳатто ўзидаги исломий китобларни ўқишни ҳам билмайдиган бир қаллобдир, деди Ҳусайн Сайдалиев.

Қиёмиддин Ғиёсов Тожикистон Жиноят Кодексининг “ожизлигидан фойдаланиб номусга тажовуз қилиш” моддаси билан айбланмоқда. Агар унга қўйилаётган айб судда тасдиқланса, беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Айни пайтда тумандан чиқиб кетмаслиги ҳақида тилхат олиниб, Ғиёсов очиққа чиқарилган.

Киракашлик ва деҳқончилик билан шуғулланадиган Қиёмиддин Ғиёсов ўзига қўйилаётган айблов ҳақида Озодлик билан суҳбатлашишни истамади.

Бироқ унинг отаси Набижон Ғиёсов Озодликка ўғлига нисбатан туҳмат уюштирилганини иддао қилди:

- Ҳозир душман кўп, кимки исломий китоб ўқиса унга нисбатан туҳмат қилишади. Аввал ҳам менинг бу ўғлимга туҳмат қилиб, азоблашган эди. Бизнинг уйимизга аёллар ҳеч қачон дуохонлик қилиш учун келган эмас. Менинг ўғлимнинг айби Исломга таважжуҳи холос, деди Набижон Ғиёсов.

Тожикистонда сўнгги йилларда муллаларнинг жинсий ҳаëти яширинча ëзиб олинган видеотасвирлар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалмоқда

Тожикистон Исломй уйғониш партияси вакилларига кўра, бундай ҳаракат ва босимлар партияни обрўсизлантириш ва кучсизлантириш учун ҳукумат томонидан ташкил қилинмоқда.

Жорий йилнинг апрель ойида Тожикистондаги ижтимоий тармоқларда Ислом уйғониш партиясининг(ТИУП) аъзоси эканлиги айтиладиган шахснинг шаҳвоний видеолари тарқалди.

Ўтган йилнинг октябр ойида Тожикистонда ижтимоий тармоқларда “жодугар мулла” номи билан тарқалган видеоролик қаҳрамони Асадулло Иброҳимов Душанбе шаҳри Сино тумани суди қарорига кўра¸ 7 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Ундан олдин эса яна бир тожикистонлик мулланинг ўз қўшнисининг хотини билан жинсий алоқа қилаётгани ҳақидаги тасвир ижтимоий тармоқларда тарқалганидан сўнг мулла Тожикистондан қочиб кетган эди.

XS
SM
MD
LG