Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:42

Асадулло Иброҳимов: "Жодугар мулла бўлсам бу ерда ўтирмасдим"


Душанбе шаҳри Сино тумани суди қарорига кўра¸ 7 йилга озодликдан маҳрум қилинган ва ижтимоий тармоқларда “жодугар мулла” номи билан танилган Асадулло Иброҳимов Озодлик радиоси тожик хизматига интервью берди. Мулла ўз айбига иқрор эмаслиги ва уни “жодугар” дейишларига асос йўқ, деб билишини таъкидлади.

Душанбе шаҳар Жиноят ишлари суди коллегияси “жодугар мулла” номи билан танилган ва жинсий тажовуз, фирибгарликда айбланиб етти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган Асадулло Иброҳимовнинг аппеляция шикоятини кўриб чиқиб, биринчи суд ҳукмини ўзгаришсиз қолдирди.

Озодлик радиоси тожик хизмати сўрови билан адвокат Мавлудхон Солеҳов қамоқхонага кириб, Асадулло Иброҳимовдан видеоинтервью олди.

Асадулло Иброҳимов бу интервьюда унга нисбатан адолатсиз ҳукм чиқарилганини айтади:

- Мен ҳукмнинг адолатсиз чиқарилганидан шикоят қилган эдим. Суддан менинг саккиз нафар балоғат ёшига етмаган фарзандим борлигини ҳисобга олиб, мени озод қилишларини, ҳеч бўлмаганда жарима солишларини ёки қамоқдан ташқари бошқа жазо беришларини сўраган эдим. Бироқ, суд коллегияси менинг бу илтимосимни қаноатлантирмади, - дейди Асадулло Иброҳимов.



Асадулло Иброҳимов интервьюда ўзини гуноҳсиз, деб билишини айтади:

- Мен ўзимни гуноҳкор ҳисобламайман. Чунки менга жинсий зўравонлик ҳақидаги модда қўлланилган, лекин менинг ҳаракатимда ҳеч қандай зўравонлик аломати йўқ. Мени “жодугар мулла” дейишди. Лекин бунинг ҳаммаси ғирт ёлғон ва бўҳтон. Агар мен жодугар бўлганимда эди, бу ерда ўтирмасдим, аллақачон чиқиб кетган бўлардим, - дейди у.

Асадулло Иброҳимов саломатлиги ёмонлашиб жигари оғриётгани ва бу касаллик оқибатида паришонхотир бўлаётганини ҳам айтади.

Унинг хотини Бибикалон Иброҳимова ҳам бу ишларнинг ҳаммасини 30 йиллик ёстиқдошига нисбатан туҳмат, деб билишини айтади:

- Мен бу ишлар бўлганига ишонмайман. Мен бу одам билан яқин 30 йилдан буён бирга яшаб унинг бундай ишлар қилганини кўрган эмасман, бу унинг ҳақига туҳмат, - дейди Асадулло Иброҳимовнинг хотини.

Асадулло Иброҳимов Тожикистон Жиноят кодексининг 139-моддаси (жинсий тажовуз) бўйича айбдор топилиб, етти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Бундан ташқари Тожикистон маҳкамаси Асадулло Иброҳимовни фирибгарликда ҳам айблаган.

Суд ажримига кўра¸ Асадулло Иброҳимов жазони ўтаганидан кейин беш йил мобайнида диний лавозимда ишлаши мумкин эмас.

Асадулло Иброҳимовнинг ўзи суд масжлисидаги сўнгсўзида қонун олдида ўзини айбсиз, деб билишини таъкидлади.

Иброҳимов фақатгина исломий аҳлоқ меъëрларини бузгани, дунëвий қонунга зид ҳаракат қилмаганини айтди.

Маҳкумнинг адвокати Мавлудхон Солеҳов ўз мижозини ёлғон йўл билан тузоққа туширилган, дея ҳимоя қилган.

Адвокатга кўра¸ Асадулло Иброҳимов “дам солган” аёл Зилола Раҳимова унга турмушга чиқиш ниятида ўз ишқий алоқасини тасвирга туширтирган.

Бир муддат ижтимоий тармоқларда шов-шувга сабаб бўлган Асадулло Иброҳимов иштирокидаги видеороликда дуохон домла ва хаста жувон тасвирланган. Унда домла Қуръондан оятлар ўқиш баробарида шаҳвоний тарзда жувоннинг бутун аъзойи баданини ғижимлаб ташлайди.

Тасвирдаги мулла жувоннинг лозимини тушириб жинсий алоқа экани ишонилган ҳаракатни бир неча бор амалга оширади.

Сентябрь ойида бу ролик ижтимоий тармоқларда шов-шув бўлиб кетгач, Тожикистон расмийлари уни қоралаб, эътиборли дин арбобларидан бирининг ўғли бўлган “жодугар мулла”ни ҳибсга олди.

Мазкур видеоролик ким томонидан тасвирга олингани ва ижтимоий тармоқларга жойлаштирилгани аниқ эмас.

Тожикистон ҳукумати қошидаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Мавлон Мухторовнинг Озодлик тожик хизматига билдиришича, Асадулло Иброҳимов мулла ҳам, имом-хатиб ҳам эмас, балки оддий диндордир.

Мулозим бу каби хатти-ҳаракатлар учун жазо берилиши лозимлиги, “чунки Қуръондан суралар ўқиб, бундай ҳаракатлар қилиш қабул қилиб бўлмас иш” экани, асл мусулмон одам бундай ишларни қилмаслиги ҳақида гапирди.

Мавлон Мухторов ўзидаги маълумотларга таянган ҳолда, Асадулло Иброҳимов ҳеч қанақа исломий партия ёки ҳаракатга аъзо эмаслигини ҳам қўшимча қилди.

Тожикистон Ислом Уйғониш партияси раис ўринбосари, парламент депутати Сайидумар Ҳусайний бунинг диндорларни обрўсизлантириш йўлидаги фитна бўлиши мумкинлигини ҳам эътибордан соқит қилмайди.

- Биз кўплаб муллалар ҳукумат ва хавфсизлик идоралари назорати остида эканига гувоҳ бўлиб турибмиз. Бу одамлар ўшаларнинг кўрсатмаси билан масжид ва минбарларнинг эгасига айланиб олаяптилар, шунинг учун улар Худо ва пайғамбар иродасига эмас, ҳукмдорлар ва махсус хизматлар буйруқларига итоат қилаяптилар, - дейди Сайидумар Ҳусайний.

Тожикистон парламентининг бошқа депутати Саодат Амиршоева эса Асадулло Иброҳимовга ўхшаган “мулла”лар муқаддас Ислом динига ҳам, мамлакатга ҳам иснод келтираётганини айтган эди.
XS
SM
MD
LG