Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:42

Сўхлик суҳбатдош: "Қирғиз расмийси ўзбекистонликларга туҳмат қилди"


Қирғизистон ҳукуматининг Боткен вилоятидаги вакили вазифасини бажарувчи Жениш Разаков ўзбек-қирғиз чегарасидаги барча тартиббузарликлар ва низоларни Ўзбекистон фуқаролари бошлаб беришини иддао қилди. Унга кўра, Қирғизистон томони барча чегара низоларида фақат жабрланувчи бўлиб қолмоқда.

Қирғизистон ҳукуматининг Боткен вилоятидаги вакили вазифасини бажарувчи Жениш Разаков “Ўзбекистоннинг Сўх эксклави билан чегарадош ҳудудларда юзага келган барча низоларни ўзбекистонликлар бошлаб берган” деган иддао билан чиқди. Боткенда ўтган матбуот анжуманида Жениш Разаков ҳар йили Сўх экслави билан чегарадош ҳудудларда 5 тадан 15 тагача низо бўлишини, бу конфликтларнинг асосий сабаби сув, йўл ва яйловлар бўлишини айтди.
Сўхлик суҳбатдош: "Қирғиз расмийси ўзбекистонликларга тухмат қилди"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:05 0:00
Бевосита линк

“Масалан, 2013 йилнинг январида Қирғизистоннинг Чорбоғ қишлоғи ва Сўхнинг Хушёр қишлоғи аҳолиси ўртасида содир бўлган низони олайлик. Бу низони ҳам ўзбекистонликлар бошлаган. Чорбоғда 75 оила яшайди, Сўхнинг Хушёр қишлоғида эса 700-800 оила бор. Кўриб турганингиздай, фарқ жуда катта”, деб билдирган расмий. Яъни Жениш Разаков бу билан қирғизистонликлар “ўзбекистонликлар бошлаган низолар”да фақат жабрланувчи бўлиб қолаётганини иддао қилган.

Ўзини Сўхдаги ҳукумат идораларидан бирида ишловчи шахс сифатида таништирган ва исмини айтмаслигимизни илтимос қилган суҳбатдошларимиздан бири Озодлик радиосига берган суҳбатида қирғиз расмийсининг бу каби иддаоларини “ўзбекистонликларга тухмат” сифатида баҳолади.

-Бу гапларнинг ҳаммаси ўзбекистонликларга нисбатан тухмат. Масалан, ҳозир Сўхга келсангиз, ҳар куни қирғиз номерлари билан юрган юзлаб машиналарни кўришингиз мумкин. Бозорларимизда қирғизлар бемалол савдо қилишаяпти. Уларга ҳеч қандай ёмонлигимиз йўқ. Агар ўзбекистонликлардан бирортаси қирғизларга ёмонроқ гапириб қўйса, ўзимизнинг мелисаларимиз бизни-ўзбекларни жавобгарликка тортади. Чунки Сўхда юрган қирғизларга нисбатан “булар бизнинг меҳмонларимиз”, деган муносабатда бўламиз, -деди сўхлик.

Айни пайтда суҳбатдошимиз чегарада юзага келаётган ҳар қандай низоларнинг асосий сабабчиси Қирғизистон кучишлатар тузилмаларидаги коррупциялашган ходимлар бўлаётганини ва бу борада у Қирғизистон чегара хизматига ҳам бир неча маротаба мурожаат қилганини, бироқ шикоятларига жавоб олмаганини айтди:

-Сўхдан Фарғонага Қирғизистоннинг Ҳайдаркони орқали борамиз. Бу йўлда тўхташга ҳам қўрқаман, агар ишонсангиз. Қадамжой постида қўрқитиб пулингизни олишади, ҳеч бўлмаганда икки минг сўм ташлаб кетишингиз керак. Хатто чегарачисига ҳам пул бериш керак. Агар пул бермасангиз, мутлақо чегарадан ўта олмайсиз, -деди сўхлик суҳбатдош.

2013 йилнинг 5 январида бошланиб 7 январь куни ниҳоясига етган Сўх жанжали қирғиз чегарачиларининг Ўзбекистон билан баҳсли ҳудудга симёғочларни ўрнатиши ортидан келиб чиққан эди. Жанжал пайтида Ўзбекистонда 30 қирғизистонлик, Қирғизистонда эса 6 ўзбекистонлик гаровга олинган. Қирғиз чегарачилари отган ўқдан камида уч ўзбекистонлик яралангани айтилган эди.

Мазкур воқеадан сўнг Қирғизистон Ўзбекистоннинг 60 минг аҳоли яшайдиган Сўх туманини қамал қилган ва Сўхни Фарғона билан боғловчи энг яқин чегара пунктларини ёпиб қўйган эди. Бугунги кунда ҳам бу чегара пунктлари очилган эмас. Қирғизистон ҳукумати расмийлари бу чегара пунктлари Ўзбекистон томони билан мазкур ҳудуддаги чегарани аниқлаш жараёни якунланганидан сўнггина очилишини бир неча маротаба билдирган эди.

Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Тўқўн Мамитов чегара масаласида ўзбек ва қирғиз расмийлари ҳар ойда уч мартадан учрашаётганини, бироқ томонлар тил топиша олмаётгани учун ҳам бу масалани ҳал этиш ортга сурилиб келаётганини айтган.

Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатларини ўрганаётган россиялик сиёсатшунос Александр Князевнинг айтишича, чегарани аниқлаш жараёнининг ортга сурилаётганига бошқа сабаб ҳам бор:

-Музокаралар жуда суст олиб борилаяпти. Чунки Қирғизистонда тез-тез ҳукумат одамлари алмашиб турилади. Бунинг ортидан кўпинча чегара музокараларида бу борада тажрибага эга бўлмаган одамлар қатнашиб қолаяпти. Умуман олганда, ҳар икки томоннинг бир-бирига эътирози жуда кўп. Масала, ҳақиқий профессионалларнинг бу ишга жалб қилинмаётганида. –деди Александр Князев.

Ўзини Сўхдаги ҳукумат идораларидан бирида ишловчи шахс сифатида таништирган суҳбатдошимиз эса Сўх атрофидаги чегарани аниқлаш ишлари боши берк кўчага кириб қолганини айтди:

-Масалан, ҳозир Сўхга (Ўзбекистон билан боғланиш учун) каридор берилиши сўралаяпти. Бу ерда Бурганди массиви бор. Бурганди юзасидан учта харита мавжуд. Биринчиси, 1924 йилги харитада у Ўзбекистон ҳудуди сифатида белгиланган. Яна бир харитада эса бу ҳудуд Қирғизистонники бўлиб қолган. Хуллас, учта харитада уч хил кўрсатилган. Битта харитани Москва тасдиқлаган, яна бири тасдиқланмаган... Бу жуда баҳсли масала. Аммо биз томонда асосий козир мана шу харита бўлиб турибди. Сўхдаги чегара муаммолари ҳал этилиши учун Бургандини Ўзбекистон талаб қилаяпти. Бу билан эса келишувлар яна бузилиб, чегарани аниқлаш масаласи охирига етмай қолмоқда, -деди сўхлик суҳбатдош.
XS
SM
MD
LG