Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:49

Қорақалпоғистонда ишчи-хизматчилар ҳам далага ҳайдалди


Шу кунларда нафақат Қорақалпоғистон, балки мамлакатнинг деярли барча ҳудудларида ишчи-хизматчилар далага жалб қилинган.
Шу кунларда нафақат Қорақалпоғистон, балки мамлакатнинг деярли барча ҳудудларида ишчи-хизматчилар далага жалб қилинган.
Қорақалпоғистондаги тиббий муассасалар, таълим масканлари ва бошқа деярли барча ташкилотларнинг ишчи-хизматчилари ётоғи ва емаги ўз ҳисобидан бўлган ҳолда ғўза чопиғи ва яганасига жўнатилди. Қорақалпоғистондаги манбаларимизга кўра, ишчилар апрель ойидан буён навбати билан кунлик равишда далада текинга ишлаб келаётган эди.

Тўрткўл туман тиббиёт бирлашмасига қарашли барча тиббий муассасаларнинг ишчилари навбати билан 20 кунлик дала ишларига жалб қилинди.

“Ётарлай кетишди. 20 кунда алмаштириб турилади. Ҳар бир поликлиника ёки шифохонадан 10 ёки 15 ишчи кетган. Улар 20 кун ишлагач, ўрнига бошқа ишчилар жўнатилади”, деди Тўрткўл туман тиббиёт бирлашмасининг исмини очиқламаётганимиз ходими.
Тўрткўл шаҳридаги поликлиникалардан бирида ишловчи ҳамширанинг Озодликка айтишича, ҳамкасблари 5 кун аввал Тўрткўл тумани чеккасидаги фермер хўжалигига ҳашарга жўнатилган:

“Яганага чиқаяпмиз. Мен ўзим суткалик пайтида бир ҳафта боргандим. Ҳозир ётарлай қилишди. Тўрткўл шаҳридан 1 соат узоқликдаги Сотим Нуримматов фермер хўжалигига олиб кетишди. Улар 20 кун ишлаб келгач, кейин бизни жўнатишади”, деди тўрткўллик ҳамшира қиз.

Унинг айтишича, далага жўнатилган ишчиларнинг ётоғи ва емаги ўз ҳисобидан бўлиши таъкидланган:

“Пул фақат пахта терганимизда беришади. Ягана, чопиқ ёки қатқалоқ пайти ҳеч қачон пул беришмаган. Энди ойлигимиз юриб тургани учун ҳеч ким индамайди. Баъзи фермерлар обедини қилиб бераяпти. Лекин мен борганимда ўша жойдаги хонадонларга заказ бериб, овқат сотиб олганмиз”, деди тўрткўллик ҳамшира қиз Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Озодлик мухбирининг ўрганишича, идора ва ташкилот ходимларининг текин ишчи кучи сифатида далага ҳайдалиши нафақат Тўрткўлда, балки Қорақалпоғистоннинг Элликқаъла, Беруний, Амударё каби деярли барча туманларида кузатилаяпти.

Элликқаъладаги коллежлардан бирининг ходимига кўра, тумандаги деярли барча коллежларнинг ишчилари навбати билан 10 кун давомида далага ҳайдалган.

Озодликнинг жойлардаги манбалари берган хабарга кўра, Қорақалпоғистондаги каби мамлакатнинг бошқа жойларида ҳам идора ва ташкилот ишчилари баҳорги-ёзги дала ишларига жалб қилинаяпти.

Жумладан, Қаршидаги Озодлик манбаларига кўра, 26 майдан бошлаб Қарши шаҳридаги ишчи-хизматчилар ғўза чопиғи ва яганасига жалб қилинган.

Қаршидаги манбаларимизга кўра, ишчилар навбати билан 10 кун давомида ётоғи ва емаги ўз ҳисобидан бўлган ҳолда далада текинга ишлашлари лозим.

Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги мактаблардан бирида ишловчи 42 яшар ўқитувчи Жонибек Усмоновга кўра, май ойининг бошидан буён тумандаги мактаб ўқитувчилари пахта чопиғига чиқарилган.

Унга кўра, маҳаллий раҳбарият чопиқ 45 кун давом этиши, бу вақт ичида ётоқ ва емак учун ҳаражат тўлиқ ўқитувчининг ўз зиммасида бўлишини айтган.

Сурхондарёдаги Озодлик манбаларига кўра, вилоятдаги Узун тумани тиббиёт бирлашмасининг 20 дан ортиқ ходимлари 7 май куни ётоғи билан чопиққа жўнатилган. Бундан ташқари ҳар куни ўнлаб ҳамширалар кунлик чопиққа чиқарилмоқда.

25 апрель куни Озодликка етиб келган хабарда Сирдарёнинг Боёвут туманидаги коллеж ва лицей ўқитувчилари баҳор бошидан буён дала ишларига мажбурланмоқда.

Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида эса хусусий тадбиркорлар ҳам пахта чопиғига сафарбар этилди.
XS
SM
MD
LG