Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:24

Узунлик тиббиёт ходимлари беш кунлик чопиққа сафарбар этилди


Шу кунларда Ўзбекистоннинг аксар вилоятларида ишчи-хизматчилар дала ишларига жалб қилинган. (Сурат Узун туманида олинмаган)
Шу кунларда Ўзбекистоннинг аксар вилоятларида ишчи-хизматчилар дала ишларига жалб қилинган. (Сурат Узун туманида олинмаган)
Сурхондарё вилоятидаги Узун тумани тиббиёт бирлашмасининг пахта чопиғига сафарбар этилган ходимлари Хотира ва қадрлаш кунини далада ўтказдилар. Тумандаги марказий касалхонанинг 20 дан ортиқ ходимлари 7 май куни ётоғи билан беш кунлик чопиққа жўнатилди. Бундан ташқари ҳар куни ўнлаб ҳамширалар кунлик чопиққа чиқарилмоқда.

Сурхондарё вилоятидаги Узун тумани тиббиёт бирлашмасининг 20 нафар ҳамшира ва техник ходими 7 май куни Лойлиқ қишлоғига ётоғи билан пахта чопиғига жўнатилди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган тиббиёт ходимларидан бирининг айтишича, улар Хотира ва қадрлаш кунида ҳам далада пахта чопган:

- Кеча кетишди, бугун телефонда гаплашсам далада чопиқда эканлар. Мисол учун битта бўлимда 50 киши ишласа, шундан 5 киши кетди. Ҳеч ким қаршилик қилолмади, чунки бормаганлар ишдан расчет қилсин деб айтишди,- деди тиббиёт ходими.

Суҳбатдош пахта чопиғидан қолишнинг “йўл”лари борлигини айтади:

- Биринчи йўли, соғлиғи дала ишларига тўғри келмаслиги ҳақида ВКК справкасини тўғрилаши керак. Бу комиссиядан ўтиш ҳам харажатсиз бўлмайди, камида 50-60 минг сўм пул кетади. Иккинчи йўли, эса бўлим бошлиғига пора берилади. Шу йўллар билан чопиқдан қолса бўлади,- деди тиббиёт бирлашмаси ходими.

Узун тиббиёт бирлашмасининг ўзини таништирмаган мулозими Озодлик билан суҳбатда ҳамшираларни пахта чопиғига сафарбар қилиш ҳақидаги буйруқ туман ҳокимлиги томонидан берилганини айтди:

- Бош врачимиз шунақа буйруқ бор, 10-15 кун ҳашарга чиқишимиз керак экан, деди. Шунга 7 май куни 20та одамни ётоққа жўнатдик. Бундан ташқари қизларимиз ҳар куни чиқиб, чопиб келишяпти. Маъмурият томонидан вакил қўйилган, улар чопиқчиларга шароит қилиб беради. Навбат ташкил қилганмиз, бир гуруҳ келгандан кейин иккинчиси кетади, - деди тиббиёт бирлашмаси мулозими.

Узун тиббиёт бирлашмасининг марказий касалхонасида 14 та бўлим бор. Бундан ташқари 12 та қишлоқ врачлик пунктларида ишлайдиган ҳамширалардан ҳам ҳашарчилар гуруҳи тузилгани айтилади.

Озодликнинг WhatsApp ига келган хабарлардан бирида ҳам шу ҳақда ёзилган:

Узун тиббиёт бирлашаси ходимлар “кўнгилли” сифатида пахта чопиғига отланди. Тумандаги “Серҳаракат” фермерлар уюшмасининг Лойлиқ қишлоғида 8 майдан бошлаб жавлон уриб, “оқ олтинни оқ халатлар” яратади деб, чопиқни бошлашди. Туман Агросаноат(халқ тилида “илтимос” коллежи) коллежи ўқитувчи ва ўқувчилари эса Б.Очилдиев фермерлар уюшмасида 4 майдан бошлаб пахта чопмоқда.

“Кўнгиллилар” ёки “ҳашарчилар” сафидан чиқиш нархи бошлиқнинг ҳимматига қараб 100-150 минг сўм атрофида баҳоланган. Қўштирноқдаги сўзларнинг қандай маъно касб этиши сиз журналистларга кундек равшан, менимча”, (хабар таҳрир қилинмади- таҳр.)
деб ёзди узунлик муштарий.

Сўнги йилларда Ўзбекистонда мактаб, боғча, коллеж, институт, университет, шифохона, завод-фабрика ва бошқа давлат идоралари ишчи-хизматчиларини йилнинг тўрт фаслида турли ишларга мажбурий тарзда жалб қилиш ҳолатлари кўпаëтгани кузатилаяпти.

Шу ҳафта бошида Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманидаги хусусий тадбиркорлар пахта чопиғига сафарбар этилган эди.

25 апрель куни Озодликка етиб келган хабарда Сирдарёнинг Боёвут туманидаги коллеж ва лицей ўқитувчилари қирқ кундан буён дала ишларига мажбурланаётгани айтилади.

Шу кунларда Тошкент шаҳрининг Сирғали туманидаги мактаб ўқитувчилари ва боғчаларнинг тарбиячилари ободонлаштириш ва тозалаш ишларига мажбурий тарзда жалб қилинмоқда.
XS
SM
MD
LG