Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:33

Тўрткўлда геморрагик безгакка чалинган ўсмир шифохонага ётқизилди


Геморрагик безгак касалининг¸ асосан¸ кана орқали зарарланган мол гўштидан одамларга юқаётгани айтилмоқда.
Геморрагик безгак касалининг¸ асосан¸ кана орқали зарарланган мол гўштидан одамларга юқаётгани айтилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл туманида геморрагик безгак касалига чалинган бир бемор қайд этилди. Расмийлар айни пайтда туман марказий шифохонаси юқумли касалликлар бўлимида қолаётган 15 яшар беморнинг аҳволи яхшилангани, аҳоли эса огоҳлантирилаётганини маълум қилди. Ўтган йили айни хавфли касаллик Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманида қайд этилган ва 10 киши нобуд бўлгани хабар қилинган эди.



Қорақалпоғистоннинг Шуманай шаҳридан боғланган ва исми сир қолишини истаган Озодлик муштарийси 26 май куни шаҳар Санитария-эпидемиология хизмати вакиллари аҳолини геморрагик безгак касаллигига чалиниш эҳтимолидан огоҳлантира бошлагани ҳақида хабар йўллади.

- Бугун эрталаб Шуманай шаҳридаги аҳоли уйларига 4та аёл кириб: "Санэпидстанцияданмиз, Тўрткўлда геморрагик лихорадка чиққан. Уйларингизни тоза тутинг! Қорамол, қўйлардан эҳтиёт бўлинг!" деб огоҳлантиришни бошлади. Қўлимизга касалликдан сақланиш йўллари ёзилган қоғозни ҳам беришди. Хавотирга тушиб қолдик, яна безгак тарқалдимикин?- дея Озодликка савол билан юзланди шуманайлик муштарий.

Мурожаат ортидан аниқланишича, ҳақиқатда Тўрткўл туманида геморрагик безгакка чалинган бир бемор шифохонага ётқизилган.

Тўрткўл тумани Соғлиқни сақлаш бўлимидан 25 май куни олинган маълумотга кўра, туманнинг Наврўз жамоа хўжалигида истиқомат қилувчи 15 яшар бемор Тўрткўл тумани марказий шифохонасининг Юқумли касалликлар бўлимида қолмоқда.

"1999 йилда туғилган С.С (Беморнинг исми сир сақланмоқда - Таҳр.) исмли бемор. Аҳволи яхши, эртага виписать қиламиз (жавоб берамиз-таҳр.). У ўзи яшайдиган совхозда қўйларнинг жунини қирқаётган пайтда шу касалликни юқтириб олган. Кана чаққанда, шу орқали юққан бу касал. Бошқа бирорта бемор бизга келмади. Унақа эпидемиологик хавф йўқ,- деди Тўрткўл тумани Соғлиқни сақлаш бўлимининг исмини ошкор қилмаётганимиз мутасаддиси.

Тўрткўл тумани марказий шифохонаси маъмурияти ҳам бу маълумотни тасдиқлади ва бундан бошқа ҳолат қайд этилмаганини билдирди. Қорақлапоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигидан эса бу борада бирор изоҳ олишнинг ҳозирча имкони бўлмади.

Шуманайлик Озодлик муштарийси аҳолининг хавотирланишига ўтган йили Хўжайлида қайд этилган фожиали ҳолат сабаб бўлаётганини қўшимча қилди.

- Ўтган йили Хўжайлида бизнинг бир танишимизнинг синглиси шу безгакдан ўлганда! Яқинда йилини чиқаришди, бориб фотиҳа қилиб келдик. Бу аёлнинг оиласи кейин докторларни судга ҳам бериб юрди. Натижаси бўлмаяпти, менимча. Жуда ёмон касал экан бу, одамлар қўрқиб қолган,- деди шуманайлик тингловчи.

2013 йилнинг август ойида Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманида геморрагик безгак касаллиги тарқалгани ва 10 га яқин одам қурбон бўлгани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Хўжайли туманидаги Саломатлик маркази мутасаддилари касаллик жониворларда учрайдиган кана ҳашоротининг чақиши орқали юққани ва туманда хавфли вазият юзага келганини тасдиқлаган эди.

- Бу касалликнинг негизи канага бориб тақалади. Кана чаққан ҳайвон касалланмайди, яъни касаллик фақат унинг қонида бўлади. Бу касаллик қассобларга ёки шу молнинг гўштини истеъмол қилганларга қон орқали юқади. Бу вирус юққан одамнинг ички қон томирлари ёрилади ва ички аъзоларни ишдан чиқаради,- дея изоҳ берган Хўжайли тумани Соғлиқни сақлаш бўлими шифокори.

Шифокорларнинг огоҳлантиришича, тиббиёт тилида "Қрим-Конго геморрагик безгаги" деб аталадиган бу касалликка чалинган одамнинг иситмаси бирданига 39-40 даражагача кўтарилади ва беморни безгак тутади. Қисқа фурсатда қаттиқ бош оғриғи, бўғинлар ва мушаклар зирқираши пайдо бўлади.

Касалликнинг бошланғич даврида беморнинг юзи, бўйни ва кўкрагининг тепа қисми қизара бошлайди. Касаллик олди олинмаса, вирус қон томирларининг ёрилишига олиб келади. Тез орада беморда ташқи ва ички қон кетишлар бошланади. Тез тиббий ёрдам кўрсатилмаган ҳолда бемор 9-14 кун ичида ўлиши мумкин.

Шу кунга қадар беморларнинг бу касалликдан ўлиши ҳоллари Марказий Осиё минтақасида Қорақалпоғистоннинг Хўжайли тумани, қўшни Тожикистон ва Қозоғистонда қайд этилгани ҳақида маълумотлар бор.

2009 йил июн ойида Жанубий Қозоғистоннинг Туркистон тумани шифохонасида 23 яшар Шоҳида Исмоилова иккинчи фарзандини туққан эди. Туғишдан кейин икки ҳафта ичида Шоҳида Исмоилованинг ўзи, унинг чақалоғи, уларга қараган уч нафар шифокор Қрим-Конго геморрагик безгагидан вафот этган эди.

2007 йилда эса Тожикистонда 12 киши ана шу касалликка чалинган эди.
XS
SM
MD
LG