Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:49

Геморрагик безгак Хўжайлида бир оила ўлимига сабаб бўлди


Геморрагик безгак касалининг¸ асосан¸ кана орқали зарарланган мол гўштидан одамларга юқиши айтилмоқда.
Геморрагик безгак касалининг¸ асосан¸ кана орқали зарарланган мол гўштидан одамларга юқиши айтилмоқда.
Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманида тарқалган геморрагик безгак касаллиги одамлар ўлимига сабаб бўлмоқда. Озодлик олган маълумотларга кўра, ўнга яқин одам бу касаллик қурбони бўлган. Хўжайлида қорамол гўштидан келиб чиқадиган бу касалликка қарши курашиш учун кенг қамровли профилактик ишлар олиб борилмоқда.

Озодлик электрон почтасига келган бир-биридан мустақил учта мактубда, Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманида геморрагик безгак касаллиги тарқалгани ва одамлар қурбон бўлаётгани ҳақида айтилади:

“Хўжайлида геморрагик лихорадка деган касал тарқалибди. Одамлар ўлаётган экан. Шу ҳақда хабар берсангиз”, дейилади мактубларнинг бирида.

Озодлик бу воқеани ўрганиш жараёнида Хўжайли туманида истиқомат қиладиган ветеринар билан боғланди. Исми сир қолишини сўраган манбага кўра, ҳақиқатан ҳам бу касаллик тарқалган ва ўлим билан тугаган ҳолатлар бор:

- Шунақа касал чиққани рост. Етти-саккиз одам ўлган¸дейишаяпти. Тошкентдан комиссия келган. МЧСдан ҳам келган. Мен яхши танийдиган, Олмазор кўчасида яшайдиган темирйўлчи Қоржовой деган йигитнинг бутун оиласи ўлган. Онаси, икки боласи ва яна бир кичкина бола. Бир ҳафтача бўлди, бу воқеага. Бу касаллик қорамолнинг гўштидан тарқалган, асосан қассоблар тарқатади буни, деди хўжайлилик ветеринар.

Хўжайли тумани марказий касалхонасининг ўзини таништирмаган шифокори Озодлик билан суҳбатда касалхонада геморрагик безгак билан оғриган беморлар борлигини тасдиқлади:

- Ҳозир анча камайди. Ўн минутлардан сўнг қўнғироқ қилинг, аниқ маълумот бераман, деди касалхона шифокори.

Бироқ касалхона шифокори ўн минутдан сўнг ҳам, бир соатдан сўнг ҳам телефон гўшагини олмади.

Хўжайли туманидаги Саломатлик марказининг ўзини таништирмаган ходими Озодлик билан суҳбатда, геморрагик безгак касаллигига қарши кенг қамровли профилактик ишлар олиб борилаётганини айтди:

- Биз ҳозир бу касалликнинг олдини олишга қаратилган пропаганда ишларини қилаяпмиз. Аҳолига буклет тарқатаяпмиз, бу касаллик ҳақида мақолалар чоп этаяпмиз, радиовступление қилаяпмиз, дейди марказ ходими.

Мутахассис геморрагик безгак касаллигининг келиб чиқиш сабаблари ҳақида ҳам тўхталди:

- Бу касалликнинг негизи канага бориб тақалади. Кана чаққан ҳайвон касалланмайди, яъни касаллик фақат унинг қонида бўлади. Бу касаллик қассобларга ёки шу молнинг гўштини истеъмол қилганларга қон орқали юқади. Бу вирус юққан одамнинг ички қон томирлари ёрилади ва ички аъзоларни ишдан чиқаради, деди саломатлик маркази мутахассиси.

Хўжайлида истиқомат қиладиган ветеринар берган хабарга кўра, айни пайтда тумандаги қассобхоналарнинг аксарияти ёпилган ва мол гўштлари жиддий анализ қилинган қассобхоналаргина ишлаяпти. Унинг айтишича, бу касаллик Хўжайлида илк бор учрамоқда.

Мутахассисларнинг айтишларича, бу касалликка чалинган одамнинг иситмаси кўтарилади ва бемор қалтирай бошлайди. Бош қаттиқ оғриб, бўғинлар ва мушаклар зирқирайди. Касалликнинг бошланғич даврида беморнинг юзи, бўйни ва кўкрагининг тепа қисми қизара бошлайди. Касаллик олди олинмаса вируслар қон томирларини ишдан чиқаради.

Ўтмишда Марказий Осиёда бир неча марта кузатилган Қрим-Конго геморрагик безгаги деб аталадиган бу юқумли касалликдан Тожикистон ва Қозоғистонда ўлим ҳолатлари қайд этилган.

2009 йил июн ойида Жанубий Қозоғистоннинг Туркистон тумани шифохонасида 23 яшар Шоҳида Исмоилова иккинчи фарзандини туққан эди. Туғишдан кейин икки ҳафта ичида Шоҳида Исмоилованинг ўзи, унинг чақалоғи, уларга қараган уч нафар шифокор Қрим-Конго геморрагик безгагидан вафот этган.

2007 йилда Тожикистонда 12 киши ана шу касалликка чалинган эди.
XS
SM
MD
LG