Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:29

Сафар Бекжон Гулнора Каримованинг уйини тарк этди


Швейцариядаги Ўзбекистон демократик фонди раҳбари, мухолифат фаоли, диссидент ёзувчи Сафар Бекжон Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага тегишли экани айтиладиган Женева шаҳридаги ҳашаматли уйни тарк этди. Бекжон Озодлик билан суҳбатда ўзи ва аёлининг ҳаётига таҳдид мавжуд бўлгани учун вилладан чиқишга мажбур бўлганини таъкидлади.

Швейцариядан сиёсий бошпана олган Сафар Бекжон 29 декабрь куни Озодлик билан суҳбатда Гулнора Каримованинг Женева кантонидаги виллани қўриқлаётган "PROTECTAS" ташкилоти қоровуллари томонидан ўзи ва рафиқасига нисбатан босимлар кучайгани ва ҳаётига таҳдид пайдо бўлгани муносабати билан виллани тарк этишга мажбур бўлганини айтди.

- Ўлим бўлмасидан олдин чиқишим керак эди, чиқдим. Уриб, тўполон қилиб, қўл-оёғимдан тутиб, ташқарига чиқаришди. Битта жандармерия - полиция ходими турган эди. Кейин у аралашди. Мени дарров ичкарига қайтариб олиб киришди. Кейин мен “стоп” дедим, - дейди Сафар Бекжон.

Унга кўра, Швейцария жандармерияси Гулноранинг уйини ташқаридан мунтазам кузатмоқда.

Бироқ вилла хусусий бўлгани учун жанжал бўлмаса, жандармерия уй ичида бўлаётган воқеаларга аралашиш ҳуқуқига эга эмас.

Сафар Бекжоннинг иддаосича, "PROTECTAS" ташкилоти қоровуллари уни ва рафиқасини бинодан ўз ихтиёри билан чиқишга мажбур қилиш учун жанжал кўтариб, уларга босим қилган.

Ўзбек фаоли виллани тарк этгани тўғрисида маҳаллий жандармерияга маълум қилган.

Сафар Бекжон Гулнора Каримованинг вилласига 23 декабрь куни рухсатсиз кириб, ўрнашиб олган эди.

27 декабрь куни тунда виллани маҳаллий полиция рухсати билан "PROTECTAS" ташкилоти қоровуллари қўриқлай бошлаган.

Сафар Бекжонга кўра, маҳаллий жандармерия унга уйни "PROTECTAS" ташкилоти қоровуллари қўриқлаши борасида Гулнора Каримова номидан шартнома тузилганини айтган.

Сафар Бекжонга кўра, ўша куни жандармерия кетиб, икки нафар қоровул уйда қолганидан сўнг, улардан бири унинг хотинини оёғидан чалиб йиқитган ва “эээ, кечирасиз” деб, қорнини босиб юборган.

Жандармерия қоровулларга танбеҳ берган ва тез ёрдам чақирган. Сафар Бекжоннинг айтишича, қоровуллар унинг хотинини руҳий касалликлар шифохонасига жўнатиб юборган.

Шанба куни С. Бекжон касалхонага қўнғироқ қилиб, вазиятни тушунтирганидан кейин аёлини қўйиб юборишган.

Мухолифат фаолига кўра, ҳозир Гулнора Каримованинг вилласида икки нафар қўриқчи қолмоқда ва улар ҳар тўрт соатда алмаштириб турилибди.

Сўнгги кунларда асаблари чарчаган Сафар Бекжон ҳозир ўз уйида дам олаётганини айтиб, Гулнора Каримованинг вилласида бўлиб ўтган воқеалар ҳақида Озодликка кейинроқ батафсил сўзлаб беришни ваъда қилди.

Швейцарияда сиëсий қочқин сифатида яшаëтган ўзбекистонлик 52 ёшли сиëсий фаол Сафар Бекжон 25 декабрь куни виллада Ўзбекистон музейлари фондига оидлиги тахмин қилинган 60 та тасвирий санъат дурдонаси ҳамда Қуръоннинг 18-асрда кўчирилган нодир қўлёзмаси чиққанини фотосуратлар билан намойиш қилган эди.
XS
SM
MD
LG