Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:53

Сафар Бекжон: Гулнора Каримованинг Женевадаги уйини ишғол қилдик


Сафар Бекжон ишғол қилиб олгани уй олдида
Сафар Бекжон ишғол қилиб олгани уй олдида
Швейцарияда сиëсий қочқин сифатида яшаëтган ўзбекистонлик 52 яшар сиëсий фаол Сафар Бекжон Гулнора Каримовага тегишли эканлиги айтиладиган уйни изнсиз ва мавжуд қонунларга зид тарзда ишғол қилганини Озодлик радиосига билдирди.

Сафар Бекжоннинг айтишича, у Швейцариянинг Женева кантони, 1223 ch Chemin de la Prévôté 7 кўчасидаги виллага 23 декабр куни кундуз соат 12 да кириб олган.

Уйни қонунга зид тарзда изнсиз ишғол қилишда Швейцарияда рўйхатга олинган “Ўзбекистон демократик жамғармаси”нинг Сафар Бекжон доҳил бошқа тўрт аъзоси ҳам иштирок этган.


- Бугун соат 12 да Швейцариянинг Женева шаҳри яқинидаги маҳаллада жойлашган Ўзбекистон диктатори Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримовага оид бўлган вилла “Ўзбекистон демократик жамғармаси” тарафидан ишғол қилинди, деб баёнот берди Сафар Бекжон.


Uzbekistan. Uzbek poltical activist Safar Bekchan
Uzbekistan. Uzbek poltical activist Safar Bekchan
​Унинг айтишича, бу ишғолнинг сабаби қуйидагичадир:

- Ишғолнинг сабаби¸ халқ пулига қурилган ва бўш ëтган бинога эътибор жалб қилиш. Швейцария ҳуқуқ-тартибот органлари бу бинони тафтиш қилишган. Бу ерда бир ҳафта мобайнида тергов олиб борилган. Аммо Гулнора Каримова бу терговга келмади. Талабимиз шуки, Гулнора Каримова келиб, бизнинг жамғармага қарши маҳкама очиб¸ бизни бу ердан чиқариб юборсин. Унинг ўзи ҳам бу ердаги маҳкамада қатнашиб тергов берсин. Асосий талабимиз шу, деди Сафар Бекжон

Сафар Бекжоннинг айтишича, Гулнора Каримованинг вилласини қўлга киритиб, ўша калит орқали уйга кирган. Бироқ у калитни қаердан олганини Озодликка очиқлашни истамади.

Озодлик мухбири Сафар Бекжондан, "Бировнинг хусусий мулкига бостириб кириш Швейцарияда жиноят ҳисоблангани боис, жазога тортилишингиз мумкинлигини англайсизми?" деб сўради:

- Швейцариядаги янги қонунга кўра, бўш турган уйга кириб олганлар маҳкама қарори билан чиқариб юборилади. Биз бу ерга ўғирлик масқадида кирмадик. Биз бу бинони тамсилий ишғол қилдик Шу маънода бизни бу ердан маҳкама чиқара олади. Аммо бу маҳкамада Гулнора Каримованинг ўзи ҳам иштирок қилиши керак, деди сиëсий фаол Сафар Бекжон.

Унинг айтишича¸ "Гулнора Каримованинг уйи" атрофига Ўзбекистон демократик жамғармаси”нинг талаблари акс этган плакатлар илиб қўйилган.

Тўрт қаватли уйнинг юқоридаги икки қаватининг таъмири якунланмаган. Озодлик радиоси кўрган аммо шахсий дахлсизлик туфайли нашр қилолмайдиган фото суратларда уйдаги барча жиҳозлар пластик пакет билан қоплангани акс этган.

Одатан уй эгалари узоқроқ муддатга кетсалар жиҳозларга чанг ўтирмаслиги учун уларни пластик билан қоплашади.

Айнан шу уйда Швейцария полицияси тинтув ўтказганлигининг далили ўлароқ Сафар Бекжон сейфларга мухр солинганини кўрсатувчи фотосуратни хам юборди.

Озодлик мухбири twitter ижтимоий тармоғи орқали Гулнора Каримовага мурожаат қилиб¸ уйи босиб олиниши юзасидан изоҳ сўради.

Хозирга қадар Гулнора Каримова бу саволга жавоб берганича йўқ.

Озодликдаги бу мақола эълон қилинганидан кейин Ўзбекистоннинг Женевадаги элчихонаси вакиллари полицияга телефон қилишган.

Сафар Бекжоннинг билдиришича¸ Женева вақти билан соат 15 да полиция келиб уйга кирмасдан туриб ўз тафтишини ўтказган.

Гулнора Каримовага тегишли эканлиги айтиладиган бу уй жорий йилда бир неча марта матбуот диққат марказида тушган эди.

Швейцария прокуратурасининг матбуотга билдиришича, августнинг охирларида мамлакат полицияси Гулнора Каримованинг Женевадаги вилласида тинтувлар ўтказган.

Матбуот маълумотларига кўра, Женева кантони бошқармасининг бир гуруҳ полициячилари Швейцария прокуратураси сўровига кўра, унинг Chemin de la Prévôté 7 кўчасидаги вилласида бир неча кун давом этган рейд ўтказган эди.

Швейцария прокуратураси матбуот хизматига кўра, тинтувлар 2012 йилнинг июлида пул ювиш ва коррупцияда гумон қилинган тўрт нафар Ўзбекистон фуқаросига қарши очилган иш асосида ўтказилган.

Швейцарияда француз тилида чиқадиган машҳур Le Temps газетаси 5 март куни БМТнинг Женева бўлими қошидаги Ўзбекистон дипломатик миссияси таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Мўътабар Тожибоева ва яна бир неча шахс Гулнора Каримованинг уйига ноқонуний бостириб киришга уринганини билдириб, полицияга шикоятнома топширгани ҳақида ёзган эди.

Le Temps газетасининг ёзишича, Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова бошқарган БМТнинг Женева бўлими қошидаги Ўзбекистон миссияси маҳаллий полицияга шикоят қилган. Шикоятномада “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева ва яна бир неча шахс дипломатик мақомга эга бўлган кишиларнинг шахсий ҳудуди ва мулкига тажовуз қилиб, ноқонуний равишда уларнинг уйига киришга уринганликда айбланади.

Жорий йил мартида Тожибоева Гулнора Каримовага тегишли эканлиги айтиладиган ва Сафар Бекчон 23 декабрида ишғол қилган уй олдида бўлган.

Le Temps газетаси Мўътабар Тожибоеванинг “Мен ўзбекистонлик фуқаролардан ўғирланган пул қаёққа кетганини кўрмоқчи эдим”, деган сўзларини иқтибос сифатида келтирган эди.
XS
SM
MD
LG