Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:56

Гулнора Каримова Art Week Style.uz очилишига келди, лекин телеканаллари эфирга қайтмади


Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи уюштирадиган Art Week Style.uz санъат ҳафталигидан олдинги тадбирларда Гулнора Каримова кўриндию лекин унга қарашли экани айтиладиган бир нечта телеканал ҳам икки кундан буён ўз кўрсатувларини эфирга узатмаяпти.


Forum TV, TV-Markaz, NTT ва SOFTS телеканаллари эфирдан олиб ташланиши Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова бошчилигида Тошкентда санъат ҳафталиги ўтказилаётган пайтга тўғри келди.

Гулнора Каримованинг ўзи Twitter саҳифаси орқали бу ҳодисага ишора қилувчи ёзувни қолдирди.



"Мен йўқолганим йўқ, мени йўқотишмоқчи! Беҳуда!!!))))", деб ёзди Гулнора Каримова.



Кўнгилочар телеканаллар орқали асосан Гулнора Каримова ҳомийлигида ўтказиладиган тадбирлар, унинг қўшиқларига олинган клипларни намойиш қилар эди.

Икки кундан бери эса, бу каналлар ўрнига Eurosport, Planet A, Sport 1 ва TV1000 телеканаллари улаб қўйилгани айтилмоқда.

Гулнора Каримова назорат қиладиган телеканаллар у бошчилик қиладиган Фонд Форум жамғармасининг Art Week Style.uz санъат ҳафталиги ўтаётган пайтда эфирдан олиб ташлангани кўпчилик диққатини тортмоқда.

Гулнора Art Week Style.uz-да ҳам кўриниш бергани йўқ

Боз устига Art Week Style.uz тадбирларини шахсан очиб берадиган Гулнора Каримованинг ўзи санъат ҳафталиги доирасидаги илк тадбирларда кўринмагани қизиқ. Санъат ҳафталиги ва Фонд Форум Интернет сайтларида тадбирга доир репортаж ва фотосуратларнинг бирортасида Гулнора Каримова кўринмайди.

Ҳар йили ўтказиладиган санъат фестивали доирасида ўтказиладиган ҳар бир тадбир тўғрисидаги репортажларга одатда Гулнора Каримованинг у ёки бу юлдуз билан тушган расмлари илова қилинар эди.

Бу сафар эса Art Week Style.uz фестивалига ташриф буюрган француз қўшиқчиси Лара Фабиан ёки россиялик машҳур скрипкачи Юрий Башметга "Ўзбекистон маликаси" билан суратга тушиш насиб қилмади.

Фонд Форум жамғармасининг ўзини таништирмаган мутасаддиси Озодлик мухбири билан телефон суҳбатида, Гулнора Каримова санъат ҳафталиги тадбирларида қатнашяптими, деган саволига "бундай маълумотга эга эмасман", дея жавоб берди.

Одатда Гулнора Каримова билан боғлиқ ҳар қандай ҳодисани қалин ёритиб борадиган sayyod.com ва shov-shuv.uz сайтларида ҳам Art Week Style.uz тадбирларига оид хабарлар сешанба куни кечқурунга бориб пайдо бўлди.

Shov-shuv.uz сайти муҳаррири Жасур Ҳамроев 22 октябр куни кечқурун Art Week Style.uz очилиш маросимидан олинган суратларни Facebook саҳифаси орқали эълон қилиб, "Гулнора Каримова шунча қарама-қаршиликларга (таъкид Озодликники) қарамай барибир уддалади", дея ёзди.


Лола отасига опаси ҳақида баъзи гапларни етказган.
Манба
Ўзбекистоннинг биринчи оиласига яқин манбанинг Озодлик билан ўзаро суҳбатда айтишича, Гулнора Каримова шу кунларда отасининг қаҳрига учрагани ҳақида гап-сўзлар пайдо бўлган. Бунга эса Гулнора Каримованинг сўнгги ҳафталарда ижтимоий тармоқлар орқали қилган чиқишлари сабаб бўлган.

Манбанинг айтишича, кейинги бир-икки ой ичида Гулнора устида қора булутлар пайдо бўлгани боис унинг атрофидаги одамлардан бир неча нуфузли киши мамлакатни тарк этган.

"Ўтган ойда Гулнора Каримова АҚШга виза олиб, Нью Йоркка сафар қилишни кўзлаб турган эди, лекин уни мамлакатдан чиқаришмади", дея қўшимча қилди суҳбатдошимиз.


Биринчи оила ичида конфликт авж олмоқда...ми?
Гулнора Каримовнинг жамоатчилик нигоҳидан йўқолиб қолгани ва унга қарашли телеканллар эфирдан олиб ташлангани шу кунларда Каримовлар оиласи ичида конфликт юзага келганига доир ишоратлар фонида рўй бермоқда.

Хусусан, ўтган ҳафта Ўзбекистон президентининг оила аъзоларидан бири қамоққа олингани ҳақида хабарлар пайдо бўлиши ортидан Гулнора Каримова Instagram ва Twitter орқали оила ичида можаро авж олаётганига ишора қилувчи ёзувларни қолдирди.

Instagramдаги саҳифасида Гулнора Каримова холаси Тамара Собированинг 29 ёшли ўғли Акбар Абдуллаевнинг қамоққа олинганини тасдиқлар экан, оилага доир баъзи сирларни ошкор қилди: “Оиланинг бир қисми (ота) “таъминлаш” билан¸ бошқа қисми эса уни йўқотиш ва афсунгарлар ила дўстлашиш билан овора”, деб ёзди 16 октябр куни президентнинг тўнғич қизи.

Гулнора Каримованинг Instagram саҳифасидаги бу ёзув ҳозирда олиб ташланган.
Гулнора Каримованинг Instagram саҳифасидаги бу ёзув ҳозирда олиб ташланган.
Instagram саҳифасидаги ёзувларда Гулнора Каримова холаваччасининг қамалиши синглиси Лола Каримова-Тиллаева билан боғлиқ эканига ҳам шама қилади. Гўё Акбар Абдуллаев Лола ҳомийлик қиладиган "Сен ёлғиз эмассан" жамғармаси оталиққа олган болалар уйини таъмирдан ўтказиш пайтида талон-тарожга йўл қўйгани иддао қилинади.

Ундан кейин Гулнора Каримова яна Instagram саҳифасида қолдирган ёзувда таъмирдан ўтказилган болалар уйи пештоқидан "Бисмиллоҳу Раҳмону Раҳим" деган ёзув олиб ташланиши онаси Татьяна Каримова буйруғи билан олиб ташланганини иддао қилди.

Ҳозирда бу ва бошқа ёзувлар Гулнора Каримованинг Instagram саҳифасидан бу ва бошқа ёзувлар олиб ташланган.

Қизиғи бу тортишувлар ўтган ойда Лола Каримова-Тиллаева Би-Би-Си радиосига берган ёзма интервьюсида опасига нисбатан танқидий фикрлар билдириши ортидан пайдо бўлди.

Президентнинг кенжаси опаси Гулнора билан 12 йилдан бери алоқа қилмаслиги, умуман унинг ҳаёти ва фаолияти билан қизиқмаслиги билдирилган интервью эса Европада Гулнора Каримова билан боғлиқ жиноий тергов давом этаётган пайтда пайдо бўлди.

Швеция, Швейцария, Франция ва Латвияда давом этаётган порахўрлик ва пул ювишга доир жиноят терговлари доирасида нафақат Гулнора Каримова, балки Лола Каримовага алоқадор банк ҳисоб рақамларининг ҳам музлатиб қўйилгани айтилади.

Бу тергов Швециянинг TeliaSonera телеком ширкати Ўзбекистонга кириш учун воситачи фирмалар орқали Гулнора Каримовага 350 миллион АҚШ доллари миқдорида пора бергани ва бу пуллар Швейцария, Латвия ва Франциядаги банк ва ширкатлар орқали ювилганига оид иддаолар билан боғлиқ.

Президент оиласига яқин Озодлик манбасининг айтишича, "Лола отасига опаси ҳақида баъзи гапларни чақиб бергани Ислом аканинг жаҳлини чиқарган".

Шундан кейин, манбанинг айтишича, президент Каримов "Гулноранинг танобини тортиб қўйиш" ҳақида кўрсатма берган.

Beeline муаммоси ҳам Гулнора билан боғлиқ бўлиши мумкин
Телеканалларнинг ёпилишидан ташқари, шу ойнинг бошроғида Ўзбекистондаги йирик мобил оператори Beeline ширкатига нисбатан текширувлар бошланганини ҳам, кузатувчилар Гулнора Каримовага қарши босим, деб баҳоламоқда.

Озодлик ихтиёридаги ҳужжатлар Ҳолландиянинг VimpelCom Ltd. ширкатига тегишли Beeline мобил оператори ҳам Гулнора Каримовага алоқадор тузилмалар билан олди-берди қилганига ишора қилади.

Гулнора Каримовага яқин манбадан олинган ва графологлар унинг қўли билан ёзилганини хулоса қилинган ҳужжатда Beeline мобил ширкати билан келишиш тўғрисида кўрсатма берилган.

Озодлик ёллаган графологлар бу дастхат Гулнора Каримовага тегишли эканини хулоса қилган.
Озодлик ёллаган графологлар бу дастхат Гулнора Каримовага тегишли эканини хулоса қилган.
Beeline мобил оператори ҳам, Швециянинг TeliaSonera ширкатига қарашли Ucell оператори каби Гулнора Каримованинг Фонд Форум жамғармаси тадбирларига ҳомийлик қилиб келган.

Дарвоқе, 22 октябр куни Тошкентда бошланган Art Week Style.uz санъат ҳафталиги ҳомийлари орасида на Beeline, на Ucell ширкатларини кўриш мумкин.

Телеканаллар эфирга қайтиши савол остида

Телеканалдаги узилиш сабабини ўрганиш мақсадида Озодлик мухбири TV-Markazга қўнғироқ қилдик. Гўшакни кўтарган телеканал ходими кўрсатувлар эфирга узатилмаётганини қуйидагича изоҳлади:

- TV-Markaz билан SOFTS да профилактика бўлаяпти. Қолганларини билмайман, ака.

Озодлик: Бу профилактика қачонгача давом этади?

- Уни билмадим, ака. У ёғини қачон тўғирлашади – унисини билмайман.

Озодлик: Нима бўлди ўзи, қанақа муаммо бор?

- Билмадим, ака. Техника бўйича бўлса керак-да. Қилишади, тўғирлаб, яна ёқворишади-да, - деди ўзини TV-Markaz қўриқчилик хизмати ходими деб таништирган суҳбатдошимиз.

Тўртта нодавлат телеканалида нима сабаб профилактика ўтказилаётганини Электрон оммавий ахборот воситалари мустақил ассоциацияси (ЭОАВМА) офис-менежери Зиёдахон ҳам билмас экан. Айни пайтда суҳбатдошимиз телеканалларнинг техник ходимлари билан ҳам гаплашиш имконини йўқлигини таъкидлади.

- Ҳозир бизда ҳамма ўшанинг кетидан юрибди – вақтлари йўқ гаплашишга...

Озодлик: Тахминан қачон ёниб қолиши керак?

- Бугун ёниши керак, Худо хоҳласа...

Озодлик: Неччиларда?

- Соатини билмадим, - деди ЭОАВМА вакиласи Зиёдахон.

Кечадан буён профилактика ишлари олиб борилаётган ва нодавлат ОАВ мақомига эга бу телеканаллар Ўзбекистон президентининг тўнғичи Гулнора Каримова бошчилигида ўтказиладиган турли тадбирларни мунтазам равишда ёритиб келади.

Гулнора Каримова билвосита назорат қилиши айтиладиган бу телеканалларнинг яна ўша Каримова хоним раҳбарлигида фаолият юритувчи Фонд Форум томонидан VIII Art Week Style.uz санъат ҳафталиги ўтказилаётган кунлари эфирга чиқмай қолиши кўпчиликда саволлар пайдо қилмоқда.
XS
SM
MD
LG