Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:40

Гулнора Каримова Швециядаги "ўзбек ишида" гумонланувчига айланган бўлиши мумкин


Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова Швеция прокуратураси тергов қилаётган порахўрликка оид жиноий ишда гумонланувчига айланган бўлиши мумкин. Швеция прокурорлари Озодлик ва Швеция жамоатчилик телевидениеси ошкор қилган ва Гулнора Каримовага нисбат берилаётган ёзувлари бўлган ҳужжатларни суд орқали қўлга киритишга уринмоқда.


Дастхат эгаси гумонланувчи

Швеция прокуратураси Стокҳолм судига киритган аризасида ҳужжатлардаги дастхат “катта миқдордаги порахўрликда гумон қилинаётган шахслардан бирига тегишли, деб ишонишга жиддий асосларимиз бор”, дейилади.

Прокуратура аризасида ёзилишича, бу шахс шу пайтгача жиноий ишда гумонланувчи сифатида ўтаётган учта шахсдан айри шахсдир.

Швецияда тергов қилинаётган TeliaSonera телеком ширкати Ўзбекистонга кириш учун Гулнора Каримовага яқин шахсларга жами 320 миллион АҚШ доллари миқдорида пора берганига оид жиноий ишда Ўзбекистон фуқаролари Гаянэ Авакян, Алишер Эргашев ва Беҳзод Аҳмедовлар асосий фигурантлар сифатида ўтаётган эди. Яъни Швеция прокуратурасига кўра, бу ишда энди тўртинчи гумонланувчи пайдо бўлган ва у Гулнора Каримова бўлиши мумкин.

Швеция прокурорлари Гулнора Каримовага нисбат берилаётган ёзувлари бўлган ҳужжатларни суд орқали қўлга киритмоқчи.
Швеция прокурорлари Гулнора Каримовага нисбат берилаётган ёзувлари бўлган ҳужжатларни суд орқали қўлга киритмоқчи.
Озодлик ва Швеция жамоатчилик телевидениеси ўтган ойда эълон қилган қўшма журналистик суриштирувда Гулнора Каримовага нисбат берилаётган ҳужжатларга кўра, катта қисми Швеция ва Финляндия ҳукуматларига қарашли TeliaSonera Ўзбекистон давлат назоарт идораларидан ҳимоя учун президент қизига миллионлаб доллар миқдорида ҳақ тўлашга рози бўлган.

Гулнора Каримованинг ўзи мазкур ҳужжатлар қалбакилаштирилгани ва уларни ҳозирда Ўзбекистон томонидан ҳам халқаро қидирувга берилган Беҳзод Аҳмедов сиздирганини иддао қилди.

Бу ҳужжатларни қўлга киритган Швеция жамоатчилик телевидениеси мухбири Фредерик Лорин прокурорларнинг аризаси Гулнора Каримова “ўзбек ишида” гумонланувчи, деб кўрилаётганини айтишга асос бўла олади, дея иддао қилмоқда.

- Ҳуқуқий жараёнда прокурорлар суддан бизни мазкур ҳужжатларни уларга тақдим қилишга мажбур қилишни сўрар экан, судга бунинг уқчун етарли асос бўла оладиган аргументларни келтиришлари керак. Яъни оммавий ахборот воситасига бундай босим ўтказиб, ҳужжатларни олиш учун асос керак. Бу аргументлардан бири сифатида, Стокҳолм судига топширилган аризада, улар оригинал ҳужжатларда қолдирилган бўлиши мумкин ДНК, бармоқ излари, дастхатни таҳлил қилиш учун, уларни сақлаб қолиш муҳимлигини урғулаган. Чунки прокурорларнинг айтишича, бу ҳужжатларда қўл билан ёзувларни қолдирган шахс жиноий ишда гумонланувчидир. Биз суд-таҳлил экспертлари ёрдамида ўтказган суриштирув хулосасига кўра эса, бу ҳужжатларда қўл билан ёзув қолдирган ягона шахс Гулнора Каримовадир,- дейди Фредерик Лорин.

Айни пайтда, прокурорлар судга киритган аризасида катта миқдордаги порахўрликда гумон қилинаётган шахснинг исми келтирилмаган.

TeliaSonera Ўзбекистонда пора берганига оид иддаоларни тергов қилаётган Швеция Бош прокуратурасининг Коррупцияга қарши кураш бошқармаси раҳбари Гуннар Стетлер Озодликнинг судга юборилган аризани изоҳлаб бериш сўровини рад қилди.

- Бу масалани умуман изоҳламайман, чунки бу қўшимча саволларни туғдириши мумкин. Шунинг учун шарҳламасликка қарор қилдим,- деди прокуратура терговчиси.

Швеция қонунчилигига кўра, гумонланаётган шахс сўроқ қилиниб, унга айблов эълон қилинмагунча, тергов идоралари унинг исмини ошкор қилмаслиги мумкин.

Ҳужжатлардан бармоқ ва ДНК қидирилмоқда

Швеция прокурорлари ҳужжатлардаги дастхатдан ташқари, бармоқ ва бошқа биометрик изларни таҳлил қилиш ниятида эканини айтмоқда. Лекин бу ҳужжатлар санаси ўтган йилнинг августига доирдир, ундан кейин бир неча одамнинг қўлидан ўтган ва изларни топиш осон бўлмаслиги мумкин.

Швеция прокурорларига кўра, бу ёзувлар муаллифи TeliaSonera ширкатидан катта миқдорда пора олганликда гумонланмоқда.
Швеция прокурорларига кўра, бу ёзувлар муаллифи TeliaSonera ширкатидан катта миқдорда пора олганликда гумонланмоқда.
Журнлист Фредерик Лорин швед тергов идораларининг бунга оид имкониятлари бор, дея ҳисоблайди.

- Бу суд-тергов таҳлили бўйича олимлар ишидир. Биз ўзимиз ҳам бунинг имкониятларини қидириб кўрдик. Лекин бизга қоғоздан бармоқ ёки ДНК изларини қидириш жуда қийин бўлади, деб айтишди. Чунки қоғоз ва шунга ўхшаш матолар қўлма-қўл ўтган сари унда ҳар хил одамлар излари аралашиб кетади, кимнидир ажратиб олиш жуда қийиндир. Лекин бизни тўхтатган нарса бу эмас, ҳужжатлардан бармоқ ёки ДНК изларини олган тақдиримизда ҳам, Гулнора Каримованинг бармоқ ва ДНК изларини топиш деярли имконсиз бўлишини билар эдик. Лекин полиция тергови ҳақида гапирганимизда, уларнинг бундай имкониятлари кенгроқ бўлади ва шунинг учун ҳам улар бу ҳужжатларни қўлга киритишга уринмоқда,- дейди швед журналисти.

Амалга ошмай қолган учрашув

Айни пайтда, Фредерик Лорин доҳил Швеция жамоатчилик телевидениесининг “Вазифа: текшириш” рукни TeliaSonera ва Гулнора Каримова ўртасидаги шубҳали алоқаларга оид навбатдаги репортажни эълон қилди.

Жума куни эълон қилинган репортажда TeliaSonera ширкатининг собиқ президенти Ларс Нюберг ўтган йилнинг августида Гулнора Каримова билан учрашиш учун Тошкентга боргани, лекин баъзи сабабларга кўра, учрашув қолдирилгани ҳақида гап боради.

Озодлик ва Швеция жамоатчилик телевидениеси ошкор қилган ҳужжатларнинг бирида TeliaSonera “юқори даражадаги” учрашув ўтказишни сўраётгани ёзилган.

Бунда Гулнора Каримовага нисбат берилаётган дастхат билан ёзилган изоҳда учрашувга розилик берилган.

Ҳужжатларнинг бирида TeliaSonera “юқори даражадаги” учрашув ўтказишни сўраётгани ёзилган.
Ҳужжатларнинг бирида TeliaSonera “юқори даражадаги” учрашув ўтказишни сўраётгани ёзилган.
Ҳужжатларни тақдим қилган, ўзини “Александр” деб таништираётган манба швед журналистларига имейл орқали бекор бўлган учрашув тафсилотларини гапириб берди.

Манбанинг ёзишича, Ларс Нюберг ва Гулнора Каримова ўртасидаги шахсий учрашув Тошкентда 2012 йилнинг 29 августига белгиланган бўлган. Бу учрашувда Нюбергдан ташқари TeliaSoneraнинг Евроосиё бўлими бошлиғи Вейсал Арал ва жамоатчилик билан алоқалар бўйича раҳбари Эрим Тайланлар ҳам қатнашиши керак бўлган.

“Александр”нинг ёзишича, учрашувда TeliaSoneraнинг Ўзбекистондаги шўъбаси UCell мобил операторининг раҳбариятини алмаштириш, Фонд Форум тадбирларига ҳомийлик қилиш, жумладан Грециялик қўшиқчи Демис Руссосни Тошкентга олиб келиш каби масалалар муҳокама қилиниши керак бўлган.

Ларс Нюберг ҳақиқатан ўтган йилнинг 29 август куни Тошкентда бўлган ва Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги расмийлари билан учрашган. Лекин TeliaSonera матбуот хизмати ширкатнинг собиқ президенти Тошкентда бир кунгина бўлгани ва Гулнора Каримова билан учрашиш сафар кун тартибида бўлмаганини таъкидламоқда.

Ларс Нюберг Гулнора Каримова билан бир марта, 2010 йилда учрашганини тан олган. Лекин ундан кейин ҳеч қандай контакт бўлмаганини айтиб келади.

Ҳақиқатан, 29 август куни Гулнора Каримова Тошкентда учрашувда қатнашиши мумкин бўлмаган, чунки у 28 август куни Қашқадарёда, 29 август куни эса Самарқандда “1000та никоҳ ва 1000та суннат тўйи” тадбирида қатнашаётган бўлган.

Фредерик Лорин гапиради:

- Бу учрашув 29 август эрталаб бўлиши керак бўлган. Ларс Нюберг Тошкентга 28 август куни кечқурун келган. Лекин Гулнора Каримова Самарқанд ва Қаршида Фонд Форумнинг тадбирида банд бўлган кўринади ва учрашувга етиб келмаган, дейди журналист.

Лекин Ларс Нюбергнинг Тошкентга сафаридан кейин UCell бош директори ўринбосари Баҳодир Эржонов ўрнига, Гулнора Каримовага яқин экани айтиладиган Жамшид Ҳакимов тайинланган эди. Бунда Баҳодир Эржоновнинг бир пайтлар “Ўздунробита”да раҳбар лавозимларда ишлагани ва бу ширкатнинг собиқ раҳбари Беҳзод Аҳмедовга яқин одам бўлганини қайд этишмоқда швед журналистлари.

Бундан ташқари, 2012 йилнинг октябр ойида грек қўшиқчиси Демис Руссос Фонд Форум тадбирида қатнашган. Шунингдек, ўтган йили Тошкентда бўлмаганини иддао қилиб келган TeliaSonera Евроосиё бўлими бошлиғи Вейсал Арал ҳам, журналистлар қистовидан кейин, 29 август куни ҳақиқатан Тошкентда қисқа вақт бўлганини тан олди.

Катта қисми Швеция ва Финляндия ҳукуматларига тегишли TeliaSonera ширкати Ўзбекистон бозорига кириш учун Takilant воситачи фирмаси орқали Гулнора Каримовага жами 320 миллион АҚШ доллари миқдорида пора бергани иддао қилинмоқда.

Швеция прокуратураси бу иддаолар ортидан TeliaSonera устидан ўтган йили тергов бошлашган, ҳамда ширкат президенти Ларс Нюберг шу йилнинг февралида истеъфога кетди.

Швеция прокуратурасидан ташқари, Швейцария ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳам мазкур иш билан боғлиқ жиноий иш доирасида Гулнора Каримовага яқин шахслар устидан тергов бошлаган.
XS
SM
MD
LG