Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:50

МТС-Ўзбекистон филиаллари мулки кимошдига қўйилади


“Ўздунробита”нинг вилоятлардаги филиалларига оид мулк кимошди савдосига чиқарилади. Бу ҳақдаги маълумотни Озодликка кимошди савдоси ташкилотчиси бўлган Ko’chmas mulk savdo xizmati МЧЖ вакили тасдиқлади.


Исмини ошкор қилмаган риэлтор суҳбатдошимизга кўра, кимошди савдоси “31 июл куни соат 11 да” бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Маълумотларга кўра, “Ўздунробита” кредиторлари ширкатнинг Чирчиқ филиали мулкининг бошланғич нархини 10 миллион сўм, Қорақалпоғистон ва Янгийўл филиаллари мулкининг бошланғич нархини 20 миллион сўмдан, Бухоро филиали мулкининг бошланғич нархини 25 миллион сўм, Наманган, Қашқадарё, Навоий ва Сирдарё филиаллари мулкининг бошланғич нархини 30 миллион сўмдан, Жиззах филиали мулкининг бошланғич нархини 31 миллион сўм, Хоразм филиали мулкининг бошланғич нархини 35 миллион сўм, Фарғона ва Сурхондарё филиаллари мулкининг бошланғич нархини 40 миллион сўмдан, Андижон филиали мулкининг бошланғич нархини 60 миллион сўм, Самарқанд филиали мулкининг бошланғич нархини эса 70 миллион сўм қилиб белгилаган.

Савдода қатнашиш истагида бўлганлар бу борада шу йилнинг 29 июлигача Ko’chmas mulk savdo xizmati МЧЖга талабнома топширишлари ва мулк бошланғич баҳосининг 20 фоизини бай пули ўлароқ тўлаб қўйишлари керак.

Эслатиб ўтамиз, МТС-Ўзбекистон бренди остида фаолият юритган “Ўздунробита”нинг филиаллари вилоятлардаги хўжалик судлари томонидан жорий йилнинг 10 июн куни банкрот, деб топилганди.

Тошкент шаҳар Хўжалик суди эса шу йилнинг 22 апрел куни “Ўздунробита”ни банкрот, деб эълон қилганди.

“Ўздунробита” кредиторларининг 2013 йил 31 май куни ўтказилган мажлиси баённомасига мувофиқ, ширкат мулкининг бошланғич баҳоси 600 миллиард сўм қилиб белгиланган ва кимошди савдосига қўйилганди.

Кимошди савдоси ташкилотчиси бўлган Ko’chmas mulk savdo xizmati МЧЖ вакили Озодликка даставвал 1 июлга белгиланган кимошди савдоси нима сабабдан ўтказилмай қолганини айтолмаслигини маълум қилди, бироқ суҳбат асносида риэлтор кимошдининг номаълум муддатга кечиктирилишига “Ўздунробита” мулкига харидор топилмагани сабаб бўлганини қайд этди.

Ўтган йил июлида фаолияти тўхтатилгунига қадар Ўзбекистонда етакчи уяли алоқа оператори саналган “Ўздунробита”нинг 10 миллионга яқин мижози бўлган.

Ўзбекистон расмийлари 2012 йилнинг июлида “Ўздунробита”ни қатор иқтисодий жиноятларда айблаб, лицензиясини қайтариб олган ҳамда ширкатни 600 миллион доллардан зиёд моддий зарар келтирганликда айблаган эди.

“Ўздунробита”нинг юз фоизлик эгаси ҳисобланмиш Россиянинг МТС ширкати вакиллари ўзбек расмийларининг бу эътирозлари асоссизлигини айтиб келади.

Россия ширкатига кўра, Ўзбекистон ҳукумати қонунга хилоф тарзда “Ўздунробита”нинг лицензияси ва мулкини тортиб олиб, унинг фаолиятини тўхтатиб қўйган ҳамда жарима санкцияларини қўллаган. МТС бу борада халқаро арбитражга шикоят қилган.
XS
SM
MD
LG