Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:56

Водил – Сўх йўли очилди, Риштон – Cўх йўли ёпиқ


5-6 январ кунлари Сўх туманининг Хушёр қишлоғи аҳли ва қирғиз чегарачилари ўртасида чиққан можародан сўнг назорат-ўтказиш пунктлари ёпиб қўйилганди.
5-6 январ кунлари Сўх туманининг Хушёр қишлоғи аҳли ва қирғиз чегарачилари ўртасида чиққан можародан сўнг назорат-ўтказиш пунктлари ёпиб қўйилганди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат чегара хизматлари раҳбарлари ўртасида эришилган келишувга биноан 1 февралдан бошлаб Сўх эксклави аҳолиси “Водил” чегара пункти орқали қатнайдиган бўлди. Бироқ Сўхни мамлакатнинг асосий ҳудуди билан боғловчи яқинроқ йўл - Сўх – Риштон йўлидаги чегара пункти ёпиқлигича қолмоқда.


1 февралдан бошлаб Қирғизистоннинг “Қадамжой” ва Ўзбекистоннинг “Водил” чегара пунктлари Боткен ва Фарғона вилоятлари аҳолиси учун очилгани тўғрисида Қирғиз Республикаси Давлат чегара хизмати баёнот тарқатди.

Айтилишича, Қирғизистон фуқаролари учун Қадамжой туманидаги Пулгон ва Кўкдала аҳоли пунктлари оралиғида тўсиқсиз транспорт қатнови очилган.

Бундан ташқари Ўзбекистоннинг Сўх ва Шоҳимардон эксклавлари орқали Боткен вилояти аҳолисининг тўсиқсиз ўтишига келишиб олинди.



Қирғиз Республикаси Давлат чегара хизматига кўра, мазкур келишувларга Қирғизистон ва Ўзбекистон чегара хизматлари бошлиқларининг 1 феврал кунги музокараларида эришилган.

“Водил” чегара пункти орқали ўтар экан сўхликлар ўз туманига Шоҳимардон томондан келади.

Ўзини Шокиржон, деб таништирган шоҳимардонликнинг айтишича, чегаранинг очилганига икки кун бўлди.

Сўнгги икки кундан бери менинг ўзим ҳам Фарғонага бориб келдим, деди Шокиржон.

Озодлик: Йўлларда қийинчилик йўқми?

- Йўқ, ҳеч бир қийинчилик йўқ. Қатнаяпмиз, яхши.

Озодлик: Шоҳимардонга етгунча Қирғизистон территориясида неча километр юрасизлар?

- 18-20 километрда Водил-Шоҳимардон ораси.

Озодлик: Ўтган ҳафтада сизларга гуманитар ëрдам олиб борилган эди.

- Ҳа, олиб борилган.

Озодлик: Энди савдогарлар ўзларининг товарларини олиб келишни бошладими?

- Ҳа, олиб келишаяпти. Ҳар кун олиб келади.

Озодлик: Нарх-наволар изига тушиб кетдими?

- Ҳа, нарх-наво шу эски нарх-наво.

Озодлик: Бензин неча пул шу кунда?

- 16 минг қанчаямда.

Озодлик: 10 литрими?

- Ҳа, деди шоҳимардонлик.

Исмини айтмаслигимизни сўраган сўхлик ҳам йўлнинг очилганини тасдиқлади.

- Ҳайдаркон томон билан очилди. Ҳамма бориб келаяпти, деди исмини айтмаслигимизни сўраган сўхлик.

Сўхлик айтаётган Ҳайдаркон Боткен вилояти, Қадамжой туманидаги шаҳар бўлиб, у Ўзбекистоннинг Сўх ва Шоҳимардон экславлари орасида жойлашган.

Сўх инциденти юз берганидан бери бу ердаги вазиятни яқиндан кузатиб келаётган маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Баҳодир Элибоевнинг фикрича, Сўхга Водил орқали йўл очилиши муаммонинг чала ечимидир.

Чунки,

- Сўх-Риштон йўли улар учун асосий йўл.

Озодлик: Яқинроқми ëки қулайроқми?

- Яқинроқ.

Озодлик: Сўх-Водил йўли билан Сўх-Риштон йўли орасидаги фарқ қанча?

- Тахминан 30 километрча бор. Яна мен шуни аниқ биламан сўхликлар Риштонда питаклар, ҳалиги бекатларни яратишган. Водилда унақа нима йўқ. "Пятак" дейишадику, Сўх пятак фақат Риштонда бор. Сўхликлар биринчи Риштонга келишади, кейин Риштондан Қўқон ëки Фарғонага боришади, деди фарғоналик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Баҳодир Элибоев.

Баъзи чегара пунктларини очишга келигиб олган икки қўшни мамлакат бош чегарачилари Ўзбекистоннинг Сўх ва Қирғизистоннинг Боткен туманлари оқсоқолларининг ўша куни ўтказилган ярашув учрашувида иштирок этгани хабар қилинди.

Айтилишича тадбирда, шунингдек, Боткен ва Фарғона вилоятлари, Боткен ва Сўх туманлари ҳокимлари ҳам қатнашган.

Қирғиз Республикаси Давлат чегара хизматига кўра, ҳозирда чегарадаги бошқа ўтказиш пунктларини ҳам очиш масаласида ҳам сўзлашувлар олиб борилмоқда.

Баҳодир Элибоевнинг айтишича, Риштондаги чегара пунктининг очилиши қирғизистонликларнинг Ўзбекистонга кириб-чиқишида уларга Ўзбекистон маъмурлари енгиллик бериш-бермаслигига боғлиқ бўлиб қолаяпти.

- Қирғизларнинг ҳам Риштонда қариндошлари бор. Қирғизлар мана шу қариндошларини бориб кўриш эркинлигини сўрашаяпти. Нимага Риштондаги қирғизлар ëки тожиклар Сўхдаги, Қирғизистондаги қариндошларини бемалол зиëрат қилиб келишадию бизнинг Қирғизистон фуқароси Риштондаги қирғизларни зиëрат қилиб келмайди деб маҳаллий аҳолиси мана шу нарсани талаб қилиб йўлларда туришибди.

Озодлик: Ўзбекистон боткенлик қирғизларни Риштондаги қариндошларини кўриб келишига изн бермайдими?

- Йўқ. Чегаралар бир томонлама ëпилган. Қирғиз паспортига эга бўлганлар бемалол кирмайди. Олдин расмий ҳужжатлар тайëрланади. Агар у Риштонга қариндошиникига келмоқчи бўлса, уч кунга рухсат берилади. Ундан ортиқ рухсат берилмайди. Агар уч кундан ортиқ муддатга турмоқчи бўлиб келаëтган бўлса, уларни Риштондан эмас Дўстлик Андижон постидан 60 кунгача рухсат билан ўтказилади. Уларда мана шундай қийинчиликлар бўлгани учун ҳозир мана шу нарсани бемалолроқ қилишни талаб қилишаяпти, деди фарғоналик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Баҳодир Элибоев.

Январ ойининг дастлабки ҳафтасида Сўх туманининг Хушёр қишлоғи аҳли ва қирғиз чегарачилари ўртасида содир бўлган тўқнашувдан сўнг икки қўшни мамлакат ўртасидаги назорат-ўтказиш пунктлари ёпиб қўйилганди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:00 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG