Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:35

“Баҳо Шакар” мулкини хатлаш бошланди


Озодлик ихтиёридаги ҳужжатларга кўра, Баҳодир Каримжоновни қидириш ҳаракатларига Давлат божхона қўмитаси ҳам жалб қилинган.
Озодлик ихтиёридаги ҳужжатларга кўра, Баҳодир Каримжоновни қидириш ҳаракатларига Давлат божхона қўмитаси ҳам жалб қилинган.

Ўзбекистонда “Баҳо Шакар” лақаби билан танилган Баҳодир Каримжоновга тегишли мол-мулкни ҳуқуқ тартибот идоралари томонидан хатлаш жараёни бошланди. Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Каримжоновга қарашли пойтахтдаги “Дунё” тармоқ супермаркетлари, “Erudit International Plus” хусусий таълим маркази, “Музимпекс” қўшма корхонаси каби бир нечта объектда тадбиркорга тегишли мол-мулк рўйхатга олинмоқда.


“Баҳо Шакар” мулки рўйхатга олинмоқда


Куни кеча Тошкентда фаолият кўрсатаётган “Дунё” тармоқ супермаркетлари эшигига қулф осилди.

Озодлик манбасига кўра, “Дунё” супермаркетлари Баҳодир Каримжоновга тегишли бўлиб, ҳозирда дўконларда Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан текширув ишлари олиб борилмоқда.

Шедевр (собиқ "Дунë") супермаркети
Шедевр (собиқ "Дунë") супермаркети
Бугунги кунда пойтахтдаги “Дунё” супермаркетларининг номлари “Шедевр” номига ўзгартирилган. Дўконлардаги аввалги товарлар олиб чиқилгач, супермаркет янги ном билан иш бошлаши режалаштирилган.

Пойтахтдаги Каримжоновга тегишли “Erudit International Plus” хусусий таълим марказида ҳам шу кунларда ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан тафтиш ўтказилмоқда.

Ушбу марказнинг ўзини таништирмаган ходими, текширув бўлаётгани тасдиқлади, бироқ тафсилотларни очиқламади.

Озодлик манбасига кўра, Каримжонов Ўзбекистонда шакар импорт қилиш ва савдосини тўлалигича назорат қилишдан ташқари Coca-Cola ширкати маҳсулотларини реализация қилиш соҳасини ҳам назорат қилган.

Озодлик ихтиёридаги ҳужжатларга кўра, президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага алоқадор Coca-Cola маҳсулотларининг шу кунларда мамлакат дўконларидан йўқолгани ҳам Каримжоновга нисбатан жиноий иш очилгани билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.

Шунингдек, Каримжоновга тегишли бизнес шохобчаларидан яна бири - Тошкент вилоятининг Зангиота тумани Назарбек маҳалласида жойлашган “Музимпекс” қўшма корхонасида Миллий хавфсизлик хизматининг буйруғи асосида текширув бошлангани хабар қилинганди.

Мевани қайта ишлаш билан шуғулланувчи Британия - Ўзбекистон қўшма корхонаси - “Музимпекс”нинг исмини ошкор қилмаётганимиз вакилларидан бири Озодликка ташкилотда текширув бўлаётганини тасдиқлади, бироқ, ташкилотнинг Баҳодир Каримжоновга тегишли эканини инкор қилди.

Ўтган йили Тошкентдаги хусусий клиникаларда рейд ўтказилиб, кўплаб клиникалар ёпилган эди.

Исмини ошкор қилмаётганимиз тошкентлик манбага кўра, ўша пайтда ёпилган хусусий клиникаларнинг аксари Баҳодир Каримжоновга тегишли бўлган.

Айни пайтда пойтахтнинг “Бўстон” маҳалласи фаолларидан олинган маълумотга кўра, маҳалладаги Каримжоновга тегишли ҳашаматли уй хатлангани йўқ, бу уйда тадбиркорнинг ота-онаси яшаяпти.

"Қочоқ тадбиркор Дубайда яширинган"

Озодлик мухбири Тошкент шаҳар прокуратурасидан бирор маълумот олишга муваффақ бўлмади. Прокуратура ходимлари ҳар қандай маълумот олиш учун ёзма мурожаат қилишни тавсия қилишди.

Баҳодир Каримжоновга нисбатан Жиноят кодексининг “солиқ тўлашдан бўйин товлаш”, “мансаб ваколатини суистеъмол қилиш” каби жами 7 та моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Баҳодир Каримжонов ҳозирда мамлакатдан қочиб, Дубайда яшаётгани айтилмоқда.

Тошкент шаҳар Чилонзор тумани Жиноят ишлари бўйича суди Каримжоновни сиртдан қамоққа олиш борасида ажрим чиқарган ва тадбиркорга нисбатан қидирув эълон қилинган.

Бойларнинг хатланган мол-мулки тақдири

Тошкент шаҳар солиқ бошқармасидаги манбага кўра, Баҳодир Каримжоновга тегишли мол-мулк тўла рўйхатга олиб бўлингач, суд бу мулкни давлат ҳисобига мусодара қилиш бўйича қарор чиқариши мумкин.

Исмини ошкор қилмаётганимиз солиқчи мусодара қилинган мол-мулкнинг тақдири нима бўлишини очиқламади.

Худди Баҳодир Каримжонов сингари мамлакатдан қочишга мажбур бўлган таниқли тадбиркорлардан бири Дмитрий Лимга тегишли қадимий ашëлар¸ 77 та ретро автомобил ва мотоцикл коллекцияси музейга топширилган эди.

Тошкентдаги бир нечта улгуржи бозорларнинг собиқ эгаси¸ ҳозирда қидирувда бўлган Дмитрий Лимга тегишли бошқа мол-мулкнинг тақдири нима бўлгани Озодликка номаълум.

Ўзбекистонда йирик ширкат раҳбарлари ва кўзга кўринган тадбиркорларнинг қамалиш хавфи боис мамлакатда қочиши ҳолатлари сўнгги йилларда кўпайиб бормоқда.

Хорижга қочганлар рўйхатида, жумладан, МТС-Ўзбекистон ширкатининг собиқ бош директори¸ Гулнора Каримованинг яқин ўтмишдаги бизнес ҳамкори Беҳзод Аҳмедов, таниқли тадбиркор Ғафур Раҳимов, "Алп Жамол-Банк" эгаси Муҳиддин Асомиддинов, "Капитал-Банк" таъсисчиси ва "Пахтакор" футбол жамоасининг президенти Ботир Раҳимов, Carlsberg Uzbekistan ширкатининг раҳбари Евгений Шевченко, "Қизилқумцемент" бирлашмаси директори Ражаббой Жуманазаров каби қатор йирик корчалонлар борлиги айтилади.

Бу каби шахсларнинг миллионлаб, балки миллиардлаб долларлик мол-мулкининг давлат фойдасига мусодара қилингандан кейинги тақдири нима бўлгани ҳақида шу пайтгача на ўзбек матбуоти ва на ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумот берган.

P.S. Мол-мулкини ташлаб хориждан бошпана топган юқорида номлари тилга олинган шахслар ўз позицияларини билдиришни истаса, Озодлик уларга бундай имконият беришга тайёр.
XS
SM
MD
LG