Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:54

"Баҳо Шакар"ни қамоққа олиш тўғрисида ажрим чиқарилди


Озодлик ихтиёридаги ҳужжатларга кўра, Баҳодир Каримжоновни қидириш ҳаракатларига Давлат божхона қўмитаси ҳам жалб қилинган.
Озодлик ихтиёридаги ҳужжатларга кўра, Баҳодир Каримжоновни қидириш ҳаракатларига Давлат божхона қўмитаси ҳам жалб қилинган.

Шу йил бошида Ўзбекистонни тарк этган йирик тадбиркор Баҳодир Каримжоновга нисбатан Жиноят Кодексининг бир нечта моддаси билан айблов эълон қилиниб, сиртдан қамоққа олиш тўғрисида ажрим чиқарилди. Ўзбекистонда шакар импорти ва савдосини назорат қилгани айтиладиган ва “Баҳо Шакар” лақаби билан танилган Каримжонов миллиардлаб сўм миқдорида бож тўловлари ва солиқни тўлашдан бўйин товлаганликда айбланмоқда. Озодлик манбаларига кўра, 36 ёшли тадбиркор Бирлашган Араб Амирликларида яшириниб юрибди.



Озодлик манбаларидан олинган маълумотларга кўра, Баҳодир Каримжоновга нисбатан “сиртдан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланиши” тўғрисида Тошкент шаҳар Чилонзор тумани Жиноят ишлари бўйича суди ажрим чиқарган.

Озодлик манбаси электрон почта орқали юборган ажрим Чилонзор туман суди судьяси Дилшод Сулейманов томонидан имзоланган, лекин суд мажлиси санаси ҳужжатнинг Озодликка юборилган нусхасида акс этмаган.

Суд ажримининг икки саҳифаси акс этган нусхасини юборган манбамизга кўра, ҳуқуқ-тартибот ва суд идоралари ҳужжатни негадир сир тутмоқда ва оммага эълон қилинишини истамаётир.

Чилонзор туман Жиноят ишлари судидаги Озодлик манбаси ажримнинг ҳақиқийлигини тасдиқлади ва ҳужжат шу йилнинг 21 феврал куни чиқарилганини маълум қилди.

Баҳодир Каримжонов - "Баҳо Шакар" жиноят кодексининг бир нечта моддаси билан айбланмоқда.
Баҳодир Каримжонов - "Баҳо Шакар" жиноят кодексининг бир нечта моддаси билан айбланмоқда.
Ажримда айтилишича, 36 ёшли Баҳодир Каримжоновни эҳтиёт чораси сифатида сиртдан қамоққа олиш тўғрисидаги қарор Тошкент шаҳар прокуратураси илтимосномасини қаноатлантириш асосида қабул қилинган.

Ўзбекистонда шакар импорт қилиш ва савдосини тўлалигича назорат қилгани айтиладиган ва шу туфайли “Баҳо Шакар” лақаби билан танилган тадбиркор, Озодлик манбасига кўра, Coca-Cola ширкати маҳсулотларини реализация қилиш соҳасини ҳам назорат қилган.

Озодлик ихтиёридаги ҳужжатларга кўра, президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага алоқадор Coca-Cola маҳсулотлари шу кунларда мамлакат дўконларидан йўқолгани ҳам Каримжоновга нисбатан жиноий иш очилгани билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги айтилмқода.

Суд ажримига биноан, Каримжонов миллиардлаб сўм миқдоридаги бож тўловлари ва солиқларни тўлашдан бўйин товлаганлиги учун жиноят кодексининг бир нечта моддаси билан айбланиб, қидирувга берилган.

Хусусан, Озодлик ихтиёридаги ажрим нусхасига кўра, Баҳодир Каримжоновга қўйилган айбловларнинг битта эпизодига кўра, у 2011 йилнинг декабр ойида 2012 йил сентябр ойигача 94 миллиард 600 миллион сўмлик (қарийб 47 миллион АҚШ доллари) бож тўловларини тўламаган.

Баҳодир Каримжоновга қўйилган айбловларнинг битта эпизодига кўра, у қарийб 47 миллион долларлик бож тўловларини тўламаган.
Баҳодир Каримжоновга қўйилган айбловларнинг битта эпизодига кўра, у қарийб 47 миллион долларлик бож тўловларини тўламаган.
Жумладан, “Баҳо Шакар” солиқ ва бож тўловларини тўлашдан бўйин товлаш, савдо қоидаларини бузиш (ЎР ЖК 182-, 184- ва 189-моддалари)дан ташқари, Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш (205-модда), мансаб сохтакорлиги (209-модда), жиноий гуруҳ ташкил қилиш (242-модда), жиноий фаолиятдан олинган даромадни легаллаштириш (243-модда)да ҳам айбланмоқда.

Бу айбловлар бўйича Каримжонов 20 йилдан 25 йилгача қамоққа ҳукм қилиниши мумкин.

Суд ажримида айтилишича, Каримжонов нафақат шакар савдоси, балки “Erudit International Plus” хусусий мактабининг таъсисчиси ва раҳбари сифатида қатор хусусий ширкатлар билан сохта шартномалар тузиш орқали юзлаб миллион сўм миқдоридаги маблағни ўзлаштирган.

“Erudit International Plus” макатабининг исми сир қолишини сўраган ходими, Озодлик билан суҳбатда, ҳуқуқ-тартибот идоралари мактаб ва унинг раҳбари фаолияти жиноят иши доирасида тафтиш қилинаётганини тасдиқлади, лекин бошқа тафсилотларни очиқламади.

Мактаб ходими шунингдек, Баҳодир Каримжоновнинг ҳозирда қаердалигидан бехабарлигини, у бир неча ойдан бери макатаб маъмурияти билан алоқага чиқмаганини таъкидлади.

Озодлик мухбирининг “Erudit International Plus” мактабига нисбатан илгари сурилаётган айбловлар асослими, деган саволини ҳам суҳбатдошимиз жавобсиз қолдирди.

Асли тошкентлик 36 ёшли Баҳодир Каримжонов, унга тегишли бизнес субъектлари феврал ойи бошларида Ўзбекистон прокуратураси томонидан тафтиш қилина бошлагани ортидан мамлакатни тарк этгани ҳақида Озодлик хабар қилган эди. Озодкликнинг Бирлашган Араб Амирликларидаги манбалари халқ орасида “Баҳо Шакар” лақаби билан танилган тадбиркор Дубай шаҳрида кўринганини маълум қилган эди. Айни манбанинг айтишича, у ҳали ҳам ўша ерда қолмоқда.

Каримжонов оиласига яқин манбалардан бирининг исмини ошкор қилмаслик шарти билан Озодликка айтишича, у шакар бизнесида ҳам президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова билан ҳамкорлик қилган.

1976 йилда туғилган Баҳодир Каримжонов Тошкент шаҳрининг Бўстон маҳалласида зиёли оилада туғилиб ўсган.

Айни пайтда, Каримжоновни қидириш ишларига Ўзбекистон божхонаси ҳам жалб қилинган. Озодлик ихтиёрига Божхона қўмитаси контрабандага қраши курашиш бош бошқармаси бошлиғи полковник Эгамбердиев имзоси билан тарқатилган хабарнома нусхаси келиб тушди.

Ўтган ойда ўзбекистонлик яна бир тадбиркор, “криминал дунёси авторитети” сифатида танилган Ғафур Аҳмедов ҳам қидирувга эълон қилиниб, уни топиб, қўлга олиш ишларига йўл-патрул хизмати ходимлари жалб қилинган эди.
XS
SM
MD
LG