Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:26

Европа суди яна бир ўзбек қочқини фойдасига ҳукм чиқарди


Страсбург суди ҳакамлари.
Страсбург суди ҳакамлари.

5 феврал куни Страсбургдаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди қочқин Рустам Зоҳидовни ноқонуний тарзда Ўзбекистонга экстрадиция қилгани учун Россия ҳукуматини 40 минг евролик жаримага тортди.

Страсбург суди ҳозирда Ўзбекистон қамоқхонасида сақланаётган 40 яшар Рустам Зоҳидов фойдасига 30 минг евро товон пули тўлаш ҳақида ҳукм чиқарди.

Айни пайтда суд Россия ҳукуматининг қочқинлик сўраган шахсни Ўзбекистонга бериб юбориши тўғрисида қарори ноқонуний эканини ҳам эътироф этди.

Суд қарорига кўра, Россия амалдорлари Рустам Зоҳидовнинг ўзига қочқинлик мақоми бериш ҳақидаги илтимосномасини яхши ўрганиб чиқмаган ва унга ноқонуний тарзда рад жавобини берган.

Европа судида Зоҳидов ҳақларини ҳимоя қилган петербурглик Елена Корневанинг Озодлик мухбирига айтишича¸ айни пайтда суд 11 минг евро миқдоридаги суд харажатларини қоплашни ҳам Россия ҳукумати зиммасига юклаган:

- Европа суди Россия Федерациясига Зоҳидовнинг иши кўриб чиқилмагунга қадар бу мамлакатда қолдиришни буюрган. Қарорда Зоҳидов Ўзбекистонга қайтариб юборилса¸ унинг сўзсиз қамалиши ва қийноқларга учраши мумкинлиги кўрсатилган. Бу қарор Зоҳидовнинг ўғирлаб кетилиши олдидан берилган! Зоҳидов Ўзбекистон сўрови билан 2010 йилнинг июлида қўлга олинган, бироқ Страсбургнинг босими остида 2011 йилнинг апрелида озодликка чиқарилган. Маҳаллий судлар ҳам унинг Ўзбекистонга 159 ва 244-моддалар асосида бериб юборилиши абсурд эканини тан олди. Шунга қарамай¸ махфий идоралар Рустамни ўғирлаб кетишди, дейди адвокат Елена Корнева.

2005 йилдан 2011 йилга қадар Россияда яшаб келган қочқин ҳақларини Россияда ҳимоя қилиб келган ҳуқуқ ҳимоячиси Елена Корневага кўра, Рустам 2011 йили 21 декабр куни Санкт-Петербургда ўз уйидан куппа-кундузи ўғирлаб кетилган.

“Бизнинг ҳатто Россия президенти девони, парламент ваколатхонаси, прокуратура ва бошқа идораларга мурожаат қилишимиз, Зоҳидовни бериб юбориш қонун бузилишига олиб келаётгани ҳақида бонг уришимизга қарамасдан, Интерпол ёрдамида қочқин Пулково аэропортига олиб борилиб, Самарқандга жўнатилган”, дея давом этади адвокат Корнева:

- Эртаси куни эрталаб унинг Ўзбекистондаги қариндошлари телефон қилиб Рустамнинг Самарқанд ИИБсига олиб келинганини хабар қилишди. У ердан Зоҳидовнинг МХХ ходимлари томонидан Тошкентга олиб келингани ва бир-икки ҳафта ичида Самарқанд шаҳар суди томонидан 9 йилга қамалгани аниқланди. Ҳозир у Тошкент колониясида қолмоқда. Мен ўша ердан адвокат топишни илтимос қилган эдим, яқинлари ҳеч бир адвокат унинг ҳимоясига розилик бермаётгани ва лицензияси олиб қўйилишидан қўрқишаётганини айтишди, дейди Елена Корнева.

Адвокат Елена Корнева яна Петербургда оиласи билан яшаб фаррошлик қилиб юрган Рустам Зоҳидовнинг шунчаки диндор, камсуқум ва жуда босиқ инсон экани ва сўзсиз ҳеч қандай диний ташкилотларга аъзо эмаслигини қўшимча қилади.

Москвадаги “Фуқаровий кўмак” ташкилоти раҳбари Елена Рябинина Озодлик мухбири билан суҳбатда Страсбурнинг Рустам Зоҳидов иши юзасидан қарорларини ижобий баҳоласа-да, Россия ҳукуматининг бу қарорларга эътибор бермасликка ҳаракат қилаётганини айтади:

- Европа судининг бундай қарорларни чиқараётгани жуда муҳим, чунки уларнинг йўқлиги вазиятни янада оғирлаштириб юборарди. Аммо Россия ҳукуматининг бу қарорларни қўпол тарзда инобатга олмаётгани охирги пайтларда кўзга ташланиб қолди.

Ҳисоботларда Россиядаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият аъло қилиб кўрсатилмоқда! Билсангиз керак, 2011 йилдан бошлаб одам ўғирлашлар сони кескин кўпайди. Энг даҳшатлиси, бу жиноятларга бевосита Россия махфий идоралари кўмаклашаяпти, демак қочқинларни ўзаро айирбошлаш бўйича юқоридан буйруқ борлигига ишонаверинг.

2012 йилнинг 2 ноябрида ўғирлаб кетилган ва Ўзбекистонда эканлиги аниқланган Азамат Эрмаков, ҳозирда дом-дараксиз кетган Қосимохунов, 2011 йилнинг 23 августида олиб кетилган Муроджон Абдулҳақов, 21 декабрда ўғирланган Рустам Зоҳидов, 2011 йилда Тожикистонга олиб чиқилган Суҳроб Қозиев, Низомхон Жўраев ва бошқаларнинг тақдирини бунга мисол келтириш мумкин, дейди Елена Рябинина.
XS
SM
MD
LG