Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:37

"Отамиз ҳануз беҳуш, аммо жароҳатлари тузала бошлади"


Обид қорининг ўғли Довудхон отасининг аҳволига оид такрорий саволларга ойдинлик киритишга уринар экан шундай жавоб берди.



Шу йилнинг феврал ойида Швецияда суиқасдга учраган таниқли ўзбек уламоси Обид қори Назаровнинг "комадан чиққани" ёки "комадан чиқарилган"ига оид сўнгги маълумотлар муштарийларда қатор саволларни пайдо қилди.

Куни кеча Обид қори Назаровга нисбатан суиқасд қилганликда гумон қилинган шахс Юрий Жуквоскийнинг Россияда қўлга олингани ортидан матбуотга сўзлаган Довудхон отасининг аҳволи ўнглана бошлагани ҳақида маълумот берган эди.

Озодлик душанба куни Обид қорининг аҳволига оид янада аниқроқ маълумот беришини сўраб, Довудхон Обидхон ўғлига мурожаат қилди.

- Уларнинг комада, дейилаётганига сабаб улар ҳануз беҳуш ва 24 соат шифокор назоратида эканидир. Бир нарса аниқки, ҳали дадамиз тўлиқ ҳушига келмадилар. Бизнинг асосий таяниб атаётган нарсамиз шуки, отамизга уланган аппаратлар у кишининг соғлиги яхшилана бошлаганини кўрсатмоқда. Бизнинг наздимизда бу ҳеч бир ўзгаришсиз кома ҳолатида ётган беморнинг аҳволидан яхши, жароҳатлари тузалишга бошлади, яъни аҳволи яхши томонга ўзгаришни бошлади,- дейди Довудхон.

Яъни, унинг сўзларига кўра, Обид қори Назаров ҳануз беҳуш ва у кишининг жисмида ҳали ҳеч бир ҳаракат кузатилмаган.

Аммо у кишига уланган тиббиёт ускуналари беморнинг аҳволи ўнглана бошлагани, тез орада комадан чиқишидан ишорат бера бошлаган.

- Яъни, бундан буёғига отамиз ҳушига келишларига оз қолди, деб умид қилиш мумкин бўлди, дейди Довудхон Обидхон ўғли.

Прокурор: Жиноятчи охир-оқибат Швецияга олиб келинади

Швед прокурори, Остершунд шаҳрида Обид қори Назаровга нисбатан суиқасдни суриштираётган Кристер Петерсон уламонинг бугунги ҳолати ҳақида ҳеч бир маълумот бера олмаслигини айтди.

Аммо, 12 октябр куни аксар швед нашрлари Обид қорини отганликда гумон қилинган Ўзбекистон фуқароси Юрий Жуковскийнинг Россияда қўлга олингани ҳақида берган маълумотларни ҳам шарҳламаслигини айтди.

- Мен айнан жиноятни содир этган шахс қўлга олинганми ёки йўқми - бу ҳақдаги хабарни шарҳламайман. Чунки, матбуот орқали манфаатдор шахсларга маълумот беришни истамайман. Лекин очиқ айтишим керакки, суиқасдни содир этишда гумонланган шахсни қўлга олишга ордер берганмиз ва бу шахс, охир-оқибат, Швецияга келтирилади, деди прокурор Петерсон.

Ўландер: Прокурорнинг жавоби жиноятчи ушлангани билвосита тасдиғи

Швед журналистлари прокурорнинг бу жавобини Россияда айнан суиқасдни содир этганликда гумон қилинган шахс қўлга олинганининг билвосита тасдиғи сифатида баҳоламоқда.

Зеро, ҳозир айнан Юрий Жуковский ҳибсга олинганини прокурор очиқ тасдиқлай олмаслигини назарда тутган журналист — Expressen газетаси мухбири Майк Ўландер қўлга олинган шахс эҳтимолий жиноятчи эканига ишончи комиллигини айтди.

Журналистга кўра, таҳририятда буни тасдиқловчи ишончли далиллар бор.

Обид қорига суиқасд қилган эҳтимолий шаxс Ўзбекистон фуқароси Юрий Жуковскийнинг Россияда ушланганини ҳақида ошкор қилмаган ишончли манбаларига таяниб айнан Expressen газетаси хабар берган эди.

Мақола муаллифи Майк Ўландер Озодлик мухбири билан суҳбатда айни дамда қўлга олинган шахснинг Швецияга келтирилиши устида икки давлат ҳуқуқ-тартибот органлари махфий норасмий сўзлашувларни юритаётгани ҳақида сўзлади.

Прокурор Кристер Петерсон бу маълумотларни ҳам шарҳламади.

Б.Пулатов ва Н.Аминоваларга нисбатан аппеляция суди бўлади

Прокурор Петерсон Обид қорига нисбатан суиқасдга алоқадорликда айбланган ва айби судда тасдиқланмагани боис оқланган икки ўзбек - Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминовалар устидан аппеляция суди куз охирига қадар бўлиб ўтишини кутаётганини айтди.

- Умид қиламанки, аппеляция суди куз фаслининг охирига қадар бўлиб ўтади. Ҳозир аппеляция судининг жадвали жуда тиғиз ва бу жиноий ишдан ҳам муҳимроқ маҳкамалар бор. Шу боис, бу маҳкама дарҳол бўлади, дейиш қийин. Аммо, умид қиламанки, шу куз фаслининг охирига қадар ёки узоғи билан кейинги йилнинг бошидаёқ аппеляция суди бўлиб ўтади, деди прокурор Кристер Петерсон.

Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминовалар қаерда?

Швеция прокуратураси Ўзбекистон фуқаролари бўлган эр-хотин Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминоваларни Обид қори Назаровга суиқасд қилган шахсга кўмаклашганликда гумон қилиб, шу йилнинг 15 май куни ҳибсга олган эди.

Стромсунд шаҳрида июл ойида бўлиб ўтган маҳкамада суд уларни айби тасдиқланмагани боис оқлаган ва 26 июл куни суд залидан озод қилган эди.

Ушбу маҳкамани кузатган журналистлар ва Обид қорининг яқинлари бу жуфтликнинг мамлакатни тарк этганини гумон қилмоқда.

Аммо, прокурор Петерсон бу гумонларни қувватламади.

Айни дамда бу жуфтликнинг қаерда эканини аниқ айта олмаслигини айтган швед прокурори уларнинг Швецияни тарк этган, деб ҳисобламаслигини билдирди.

- Мен яқинда полицияга уларнинг қаерда эканини текшириш ҳақида топшириқ бердим. Бироқ, мен сизга уларнинг ҳозир мамлакатни тарк этган ёки этмагани ҳақида ҳеч нарса айта олмайман. Улар Швецияда кейинги йилнинг ёзига қадар қолиш ҳуқуқига эга. Афтидан улар кейинги йилнинг ёзига қадар мамлакатда қолади,- деди прокурор Кристер Петерсон.
XS
SM
MD
LG