Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:39

Обид қорига суиқасдда гумонланган ўзбеклар оқланди


Судланувчи Нодира Аминова суд биносига олиб кирилмоқда.
Судланувчи Нодира Аминова суд биносига олиб кирилмоқда.

Швециянинг Остерсунд шаҳар суди таниқли уламо Обидхон қори Назаровга суиқасд уюштирган шахсга ёрдам берганликда гумонланган икки ўзбекистонликни айбсиз деб топди.

Судя Марит Окерблом таниқли имом Обид қори Назаровга суиқасд қилган шахсга ëрдамлашганликда айбланган икки Ўзбекистон фуқаросини 26 июл куни айби тасдиқланмагани учун оқлади.

Маҳкама Баҳодир Пўлатов ҳамда Нодира Аминоваларни Ўзбекистонга депортация қилиш борасидаги прокурор талабини ҳам рад этди.

Озодлик тасарруфига пайшанба куни келиб тушган 40 варақлик суд ҳукмида 1981 йили туғилган Баҳодир Пўлатов ҳамда Нодира Аминоваларнинг эҳтимолий қотилга¸ўзлари билмасдан ва ëмон ниятда бўлмасдан ëрдам бергани боис оқлангани урғуланади.

Маҳкама қарорида диссидент имомга қилинган ҳужум ортида Швециядан ташқаридаги ташкилот тургани ва ҳужумнинг сиëсий сабабга эга эканлиги эътироф қилинган.

Судя билан гаплашган Озодлик мухбири Ричард Ëзйакга кўра, айбланувчилар устидан чиқарилган қарор Швед адлиясининг асосий тамойили айбсизлик презумпциясига уйғун.

Ҳар иккала айбланувчи эҳтимолий қотилга ëрдам беришганида уларнинг ҳеч бирида Обид Қори Назаровни ўлдириш нияти бўлмаган.

Айни вақтда судланувчиларнинг суиқасд ижрочиси ниятидан ҳабардор бўлгани ҳам судда тасдиғини топа олмаган.

Ҳакамлар судланувчилар ўзлари билмаган ҳолда эҳтимолий қотилга ëрдам берди деган версияга ишонган.

Қораловчи прокурор ҳар иккала айбланувчининг айбли эканини етарли даражада исбот қила олмагани ҳам судянинг оқлов қарори учун асос бўлган.


Ўзбекистон фуқаролари бўлган Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминовалар 19 июл куни Швециядан чиқмаслик шарти билан суд ҳукми эълон қилингунгача озодликка чиқарилган эди.

Ўтган ҳафта айбланувчиларнинг адвокатлари Озодликка ўз мижозларининг мутлақ оқланиши борасида ишонч билдирган эди.

Суд жараёнида Баҳодир Пўлатовни ҳимоя қилган адвокат Ян-Оке Нистрём ўз мижозининг билмаган ҳолда эҳтимолий қотилга ëрдамлашганига ҳакамларни ишонтира олганини айтган эди.

- Мен ўз мижозимнинг (Баҳодир Пўлатов демоқчи - таҳр.) айбсизлигига ишонаман. Суд ҳайъати ҳам ана шундай фикрда эканига ишонаман. У суиқасд ижрочисининг асл ниятлари ҳақида билмаган¸ деган эди Озодлик билан суҳбатда Баҳодир Пўлатовнинг адвокати Ян-Оке Нистрём.

Нодира Аминованинг адвокати Эрик Боберг ҳам ўз ҳимояси остидаги шахс 26 июл куни авф этилади, деган ишончда собит эканлигини билдирган эди.

Ҳукм чиқди¸ аммо шикоятга ўрин бор

Прокурорларнинг суд ҳукми юзасидан апелляция судига мурожаат қилиши ёки мурожаат қилмаслиги ҳозирча маълум эмас.

Маҳкама прокурори Кристер Петерсон айбланувчиларга 8 йил қамоқ жазоси сўраган эди.

Бироқ жабрланувчи томон - Обидхон қорининг ўғли Довудхон Озодликка суд қарори юзасидан шикоят аризаси билан юқори инстанцияга мурожаат қилишини билдирди:

- Бу қарор устидан шикоят қилиш режаси бор. Албатта биз маҳкама чиқарган қарордан тўлиқ қониққанимиз йўқ. Биз ҳам хоҳлаймиз кейинги босқичга, юқори судга ариза берилишлигини¸ дейди имомнинг ўғли.





Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:08 0:00
Бевосита линк



Маҳкама ишини кузатган 44 яшар ўзбекистонлик сиëсий муҳожир Аҳмаджон суд жараëнида жуда кўп исбот-далиллар айбланувчиларнинг айбли эканидан далолат берганини айтиб, қарорнинг адолатсиз бўлганини таъкидлади:
Мен буни адолатли қарор деб билмайман. Сабаби судя ҳам, прокурор ҳам Ўзбекистонни билмайди, ўзбек менталитетини билмайди, судланувчини саволга тутишликни билмайди. Бу суд шунақа енгил тарзда ўтдики, бемалол анча-мунча жиноятни қилган одам судяни ҳам, прокурорни ҳам лақиллатиб кетиши мумкин бўлган даражада енгил суд. Булар адолатли суд, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қиламиз деб айтадику. Лекин биз солиштирадиган бўлсак, шунақа бир кўп саволлар берса бўладиган ўринларда прокурор савол бермади ëки судя ҳам савол бергани йўқ. Биз тилимизни тишлаб ўтирдик. “Мана бу жойида тўхтатиб, мана бу саволни берса бўладику” деб ўтирдик суд залида. Диний томондан, ўзбекчилигимиз томонидан шундай ушлаб жиноятчиларни саволга тутса бўладиган кўп нуқталар ўтиб кетди. Лекин бу ҳақда умуман гап очилмади¸дейди 44 яшар Аҳмаджон.






Эҳтимолий қотил ҳамон очиқда

Суиқасднинг бевосита ижрочиси ҳамон очиқда қолмоқда ва унинг ҳам Ўзбекистон фуқароси экани тахмин қилинмоқда.

Суд жараёни давомида унинг шахсига тўхталган прокурор 1978 йилда туғилган Юрий Жуковский исмини тилга олган эди.

Обид қори ҳануз шифохонада

Ўзбекистонда таъқибга учраган Обидхон қори 2006 йилда Швециядан сиёсий бошпана олиб Стромсунд шаҳрида яшаб келаётган эди.

54 ёшли Обидхон қори Назаров шу йилнинг 22 февралида Швеция шимолидаги Стромшунд шаҳарчасида ўз уйи йўлагида номаълум шахс томонидан ўққа тутилган.

Имомнинг ўғли ўз отасининг аҳволи ўзгаришсиз қолаëтганини айтди:

Ҳозирги ҳолатда, ҳозирги кунда олдинги пайтлари айтиб келган гапларимиздан кўра кўпроқ гап айта олмаймиз. Сабаби уларнинг ҳолатларида ҳали жиддий, катта ўзгариш содир бўлгани йўқ. Улар ҳали ҳам оғир ҳолатда ëтибдилар¸ деди Довудҳон.
XS
SM
MD
LG