Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:24

Аҳолига берилмаëтган табиий газ нархи яна ошди



1 октябрдан бошлаб ўзбекистонликлар учун табиий газ нархи яна 14 фоизга қимматлайди. Айни пайтда аҳоли ва кичик бизнес эгалари 2012-2013 йилги куз-қиш мавсумида яна газ таъминотидан узилишларидан огоҳлантирилмоқда.

Ўзбекистон Молия вазирлиги тасдиқлаган янги тарифларга кўра, ҳисоблагичи бор хонадонлар бир кубометр газ учун аввалги 106,7 сўм ўрнига 122 сўм 65 тийин тўлайди.

Фарғона вилоятидаги “Тошлоқгазтаъминот” корхонасининг ўзини таништирмаган мулозимига кўра, ҳисоблагичи йўқ хонадонларда уйни иситиш ва овқат қилиш нуқталари, уйнинг ҳажми ва яшайдиган одамлар сонига қараб тўланади:

- Агар счётчик бўлмаса, тўлов миқдори хонадоннинг ҳажми, ҳаммоми, газ плитаси¸ одам сони ва чорваси сонига қараб белгиланади. Бунда сарфланадиган 10 кубометр газ учун аввалги 1862 сўм ўрнига 2125 сўм тариф белгиланди, дейди газ идораси мулозими.

Айни пайтда Тошлоқ тумани газ таъминоти идораси расмийси¸ нархларнинг ошиши аҳоли эҳтиëжи учун зарур газнинг амалда узатилишини англатмаслигини қўшимча қилди:

- Бу йил қишда газ бўладими ёки йўқ, бунга бир нарса дейиш қийин. Сўх туманида ер остида газ заҳира қиладиган омборларимиз бор. Ҳозир уларнинг ҳаммаси бўшаб ётибди, газ йўқ. Биз ҳозирдан одамларга тавсиялар бераяпмиз, қишнинг ғамини ўзларинг еб қўйинглар, ўтин-кўмирларингни ғамлаб олинглар, деб, дейди газ идорасининг ўзини таништирмаган мулозими.

Газ идораси расмийсининг айтишича, 1 октябрдан бошлаб, ижтимоий аҳамиятга эга бўлмаган объектларнинг ҳаммаси ўчирилади.

Ўтган йилнинг 1 октябридан Ўзбекистондаги газ билан ишлайдиган кичик корхоналарнинг ҳаммаси баҳоргача газ таъминотидан узиб қўйилган эди.

Янгийўллик новвой Ғанижоннинг айтишича, тадбиркорлар бу йил ҳам ўзларининг газсиз қолажакларидан аллақачон огоҳлантирилган:

- Бизни газ таъминоти идорасидан келиб огоҳлантириб кетишди. 1 октябрдан бошлаб, газларимизни кесиб кетишар экан. Яна кўмирга ўтамиз, шекилли, дейди новвой Ғанижон.

Тошкент вилоятининг Ўрта-Чирчиқ туманида истиқомат қилувчи 45 ёшли муҳандис Наримоннинг айтишича, Ўзбекистон хорижий давлатлар билан катта миқдорда газ етказиб бериш шартномаларини имзолаб қўйган ва бу шартномаларни бажариш учун ўз халқининг ризқидан қийишга мажбур бўлмоқда:

- Бизда газ ўтган йили ҳам яхши бўлмаган эди. Мана ҳозир ҳам йўқ¸ деса бўлади. Чой зўрға қайнайди. Қишда эса шу ҳам бўлмайди. Бунинг сабаби эса оддий. Ўзбекистон ҳукумати газ ишлаб чиқариш қудратини ҳисобга олмай туриб Россия, Хитой билан халқаро шартномалар тузган. Энди бу шартномани бажармаса, буларга катта санкция ва штрафлар қўйилади. Шунинг учун ҳам, улар учун муҳими ўша шартномалар. Қора халқ эса кўмиру ўтин ва таппи билан ўз кунини кўраверади. Бу ҳукумат халқни ўйламайди, дейди ўртачирчиқлик Наримон.

Яқингинада машинасини бензиндан газга ўтказган андижонлик киракаш Шавкатжоннинг айтишича, автомобилларга газ қуйиш шохобчаларида ҳам газ нархлари 18 фоизга ошган.

Ўзбекистон аҳолиси газдан танқислик сезаётган бир пайтда президент Ислом Каримов 15 август куни Тошкентга ташриф буюрган Хитой Бош вазири Уэн Жибао билан бўлган учрашувда Хитойга газ экспорти август ойидан бошлаб мунтазам йўлга қўйилганини расман эълон қилди.

Ҳукуматга яқин ахборот манбаларига кўра, йил охиригача Ўзбекистон Хитойга 4-5 миллиард кубометр атрофида газ сотади.

Ўзбекистондаги табиий газ нархи сўнгги бор шу йилнинг 1 апрелидан 18,3 фоизга ошган эди.

2012 йилнинг 1 августидан Ўзбекистонда иш ҳақи, пенсия, нафақалар ва стипендияларнинг 15 фоизга ошиши ортидан, мамлакатда нарх-наволар кескин кўтарилди.

1 октябрдан Ўзбекистонда электр энергияси нархи ўртача 7% га ошди.

Тошкентда 1 октябрдан бошлаб марказий иситиш тизими, иссиқ сув таъминоти учун тўловлар 9 фоизга қимматлади.

25 сентябрдан буханка нон нархи 10 фоизга ошди, Ўзбекистон бозорларида Қозоғистон унининг икки бараварга қимматлагани кузатилди.
XS
SM
MD
LG