Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:22

Ўзбекистонда нон ва ун нархи ошди


Ўзбекистонда маҳаллий ундан пиширилган буханка нон 10 фоизга қимматлади. Ўзбекистонлик новвойлар ишлатадиган Қозоғистон уни нархи сўнгги бир ой ичида қарийб икки бараварга ошиб, 100 минг сўмгача чиқди. Кузатувчиларнинг айтишларича, шу йилнинг 1 августидан бошлаб оширилган 15 фоизлик иш ҳақи, пенсия ва стипендиялар ҳам янги нарх-наволар тўзонида қолиб кетадиган бўлди.



Ўзбекистонда буханка нон қимматлади. 25 сентябрдан бошлаб мамлакат дўконларида оддий, биринчи навли ундан тайёрланган буханка нон нархи 550 сўмдан сотилмоқда.

Тошкент шаҳридаги буханка нон ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналардан бирининг ўзини таништирмаган ходими, Озодликнинг нега нон нархлари ошганлиги сабаблари ҳақидаги саволига истеҳзо билан жавоб берди:

- Ие, ассалому алайкум, укажон. Транспорт ошди, свет ошди, ҳамма нарса ошдику. Ғаллани ўриш учун, унни переработка қилиш учун свет кетади, газ кетади. Уларни нархи ошдику, қандай қилиб бу ошмайди, қани айтинг. Бизлар энг охирида оширдикку. Ҳали ҳам президентимиз шу пайтгача ушлаб турди буханка нон нархини. Бизларда энг арзон нон дунёда, шуни билиб қўйинг,- деди корхона мулозими.

Буханка нон Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ундан ёпилади. Мамлакат бозорларида Ўзбекистон унининг сўнгги бир ой ичида 40 минг сўмдан 60 минг сўмгача қимматлагани айтилади.

Янгийўл шаҳрида новвойлик қиладиган Ғанижоннинг айтишича, Ўзбекистон уни тандирда оқиб кетиши боис, уни новвойчиликда ишлатиб бўлмайди ва шунинг учун ҳам улар Қозоғистон унидан нон ёпадилар. Бироқ, дейди новвой, сўнгги бир ой ичида Қозоғистон уни ҳам икки бараварга қимматлади:

- Бир ой бўлди, унлар жуда қиммат бўп кетди. Мисол август ойи бошларида бир қоп қозоқ унини 50 минг сўмдан олардик. Кейин бирданига 30 мингга ошиб, 80 минг сўмга чиқди. Ўтган ҳафтада 3 минг сўмга арзонлади. Лекин бу ҳафта яна қимматлади. Ҳозир ҳар қоп унни 93 минг сўмдан оляпмиз. Яхши унлар юз минг, масалан учта беш деган, қозоқ унлари,- дейди Ғанижон.

Ғанижоннинг айтишича, уннинг қимматлагани боис новвойлар анча қийналиб қолган:

- Биз ҳозир фақат расходлар учун ишлаяпмиз. Бозор нархни кўтаролмай қолди. Энди мажбур бўламиз, масалан газдан келади, солиқдан келади, светдан келади. Ҳаммаси бер, бер, бер, дейди. Бермасанг ишлагани қўймайди. Светингни ё газингни кесиб кетади. Арзингни ҳеч ким эшитмайди,- дейди янгийўллик новвой Ғанижон.

Жиззахлик новвой Бекмуроднинг айтишича, уннинг нархи икки баравар ошгани боис улар ҳам ноннинг нархини кўтаришга мажбур:

- Уннинг нархи ошганига нонни ҳам оширмасак тирикчилик бўлмайди. Ҳозир 500 сўмлик нонлар 600 сўм бўлди, энди шуни 800 сўмдан қиламиз, деб турибмиз. Бўлмаса фойда қолмайди, биз мачитга ишламаймизку,- дейди жиззхалик новвой Бекмурод.

Ўзбекистонда сўнгги бор буханка нон нархи 2011 йилнинг 1 октябрида 25 фоизга қимматлаб, 500 сўм бўлган эди.

Жорий йилнинг 1 августидан бошлаб иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 15 фоизга оширилган эди. Бироқ бунинг ортидан Ўзбекистонда газ, электр энергияси, коммунал хизматлар учун ҳам нархлар кўтарилган эди.
XS
SM
MD
LG