Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:57

Т. Қурбонхонов: "Путинга жоним қурбон!"


Ижоди асосан Путинни мадҳ этишга қаратилган Толибжон Қурбонхонов "бу ҳали эмас ҳаммаси", дейди.
Ижоди асосан Путинни мадҳ этишга қаратилган Толибжон Қурбонхонов "бу ҳали эмас ҳаммаси", дейди.

Ярим йил давомида Россия Президенти Владимир Путинга учта қўшиқ бағишлаб, видео клиплар яратган тожикистонлик қўшиқчи Толибжон Қурбонхонов Озодлик саволларига жавоб берди.

Нега Путин?

Ўзини Владимир Путиннинг ашаддий муҳлиси деб биладиган душанбелик Толибжон Қурбонхонов яратган қўшиқлар ҳақида Озодлик бир неча марта хабар берган эди.

Россия Интернет оламида катта шов-шувларга сабаб бўлган клиплари билан ном қозонган Толибжон Озодлик билан бўлган суҳбатда Путинга бағишлаб ёзилган учинчи қўшиқ пайдо бўлиши тарихини гапириб берди.

- Бу ерда рамзий маъно бор. Биринчи қўшиқ 7 феврал куни – Россиядаги сайловлардан (таҳр.-президент сайловлари) роса бир ой олдин пайдо бўлди. Иккинчи қўшиқ роппа-роса президент инаугурациясидан бир ҳафта олдин яратилди – бу ҳам 7 рақами. Ўйлаб туриб мен янги қўшиқни 7 сентябр куни, яъни Олий Бош қўмондонимиз Путин юбилейидан бир ой олдин чиқаришга қарор қилдим, дейди Толибжон Қурбонхонов.

Сиёсат тўғрисида

Озодлик мухбири билан фақатгина рус тилида гаплашишга рози бўлган қўшиқчи ўз ижодини сиёсатга қаратгани сабабларини ҳам тушунтиради. “Мен биринчи қўшиқларим билан билан, оз бўлса-да, Путиннинг ҳокимият тепасига қайтишига кўмаклашмоқчи бўлдим”, дейди Путин маддоҳи Қурбонхонов.

- Россия президенти, аслини олганда, менинг кўмагимга муҳтож эмас, лекин тожик тилидаги мақол билан гапирадиган бўлсам “мусичадан бир ёрдамда” бу. Мени Путин билан солиштирадиган бўлсак, мен фил олдидаги бир чумолиман. Мен шунчаки унинг сиёсий рақибларига қарши курашда ўз қўшиқларим билан кўмаклашиш ниятидаман. Чунки унинг Россия учун қилганлари беқиёс: касодга учраган Россияни тиклади, қисқа муддатда сиёсат, иқтисод, ҳарбий соҳада юксалиш яратди. Ҳанузгача унинг буюклигини тушунмаётган ношукур одамлар борлигига қойил қоламан, дейди Қурбонхонов.

Кумирлар ва шахсга сиғиниш тўғрисида

Толибжон Владимир Путинга бўлган қизиқиши мактабни тугатаётган даврдан бошланганини айтади. У ҳар бир инсоннинг ўзи учун ўрнак бўла оладиган шахси бўлиши керак, дейди.

- Ҳар биримизнинг қалбимизда қандайдир қаҳрамонлар яшайди: кимдир киноактёрни ёки спортчини танлайди. Бусиз, менимча, яшашнинг ҳам ҳожати йўқ. Ахир биз кимгадир тақлид қилишимиз, қандайдир мақсадларга интилишимиз керак. Путинни эса мен ўсмирлигимдан кумир сифатида танладим. Мен сиёсатга жуда қизиқаман. Нега унга сиғинаман дейсизми? Ахир менинг эс-ҳушим жойида: бошқа бу қўшиқларга арзимас одам бўлганда эди мен бу ишни бошламаган бўлардим. Кўплаб россияликлар ношукур: унга қарши тўполон кўтараётган, митингларни уюштираётган одамлар топилади. Ахир у кетса Россия вайрон бўлади!- дея куйинади Путин шинавандаси Толибжон.

“Мен профессионал қўшиқчи эмасман”

Ўз шахсий ҳаёти ҳақида сўзлар экан, душанбелик Толибжон Қурбонхонов мусиқавий маълумоти йўқлиги, қўшиқ айтиш шунчаки ҳавас эканини гапиради.

- Биринчи қўшиқ пайдо бўлмасдан олдин мен ҳақимда ҳеч ким ҳеч нарса эшитмаган. Ҳатто ота-онам шокка тушганди қўшиқларимни тинглаб. Мен ўзим учун қўшиқ ёзиб юрардим, буларни бирор кун керак бўлиб қолади, деб йиғиб юрардим. Ва ниҳоят 2012 йилда керак бўлиб қолди. Мен мусиқадан мутлақо таълим олмаган одамман: ҳатто ноталар ва клавишаларда бирор нарса тушунмайман. Мен олди-берди ишлари билан, тадбиркорлик билан шуғулланаман. Ота-онамдан ташқари оилада тўрт кишимиз. Онам 4-5 ёшлигимда ванна, туалетга кириб олиб қўшиқ айтишимни гапиради. Мусиқага эса қизиқишни Худонинг инъоми деб қабул қиламан,- дейди қўшиқчи.

Моддий ва маънавий дунё тўғрисида

Қурбонхонов Путинни мадҳ этадиган қўшиқлари орқали танилгач, ҳаётида бирор ўзгариш бўлмаганини айтди. У Путинга бағишлаб ёзилган қўшиқлари орқали бирор моддий фойда олиш нияти бўлмаганини ҳам қўшимча қилди.

- Олдимга аллақандай одамлар келиб шартнома асосида корпоративларда қўшиқ айтишни, соатига ҳақ тўлашни таклиф қилдилар. Биласизми, шарқ одами сифатида виждоним бунга йўл қўймайди! Мен ҳатто клипда тушишда ўзимни қандайдир ноқулай ҳис этгандим. Бу менинг хоббим. Мен бу клиплардан бир тийин ҳам ишламадим. Лекин клипларни ўзимнинг пулимга олдим. Тўғри, буни кўпчилик аҳмоқлик дея қабул қилади. Мен эса бундай ҳурматли инсонга арзийди, деб ҳисоблайман. Қўшиқ, сўзлари, мусиқаси ўзимники. Бу клипларнинг спонсори, режиссёри ҳам ўзим. Лекин менга ҳеч ким моддий ёрдам кўрсатгани йўқ. Мен ўзига тўқ оиладанман,- деб кулади Толибжон Қурбонхонов.

Ҳали эмас ҳаммаси

Суҳбатимиз сўнггида Путин куйчиси "Юбилей муборак, жаноб Президент" номли қўшиғи сўнггиси бўлмаслиги ҳам мумкин, дейди.

- Сиз тўртинчи қўшиқ керак деб ўйлайсизми? (кулади). Биласизми, Путинга бағишланган биринчи қўшиғим 12 йил олдин пайдо бўлган эди. Инаугурацияга бағишланган иккинчисини мен бир соатда, кечаси ёзиб ташладим. Учинчи қўшиқ эса қандайдир узоққа чўзилди – икки ҳафтача вақт кетди. Тўртинчиси бўладими, йўқми – вақт кўрстади. Менда уйда лирик қўшиқлардан бир албом тайёр, лекин уларни чиқараманми, ўйлаб кўришим керак. Агарда шу одамни учратиб қолгудек бўлсам шахсан айтмоқчиман - “Мен сизга бағишлаб куйлашдан бошладим ва бунинг ортидан топган шуҳрнатимни оёғингиз остига ташлашим мумкин, шу билан фақат сизнинг куйчингиз сифатида ўз карьерамни тугатишим мумкин”, дея якунлади суҳбатни Путин маддоҳи, тожикистонлик Толибжон Қурбонхонов.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:13:26 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG