Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:46

Ўшда жангарилар тайёрланаётгани тўғрисида миш-миш тарқалди


Қирғизистон жанубидаги Новқат ва Чўнголой туманларида Ўш шаҳар мэри Мелис Мирзақматов жангарилар гуруҳини тайёрлаётгани ҳақидаги маълумотлар тасдиқланмади. Бу ҳақда Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги маълум қилди.

Бундан бир неча кун аввал қирғиз матбуотида Новқат ва Чўнголой туманларида Ўш шаҳар мэри Мелис Мирзақматов ҳамда собиқ президент Қурмонбек Бакиев қуролланган жангарилар гуруҳини тайёргарликдан ўтказаётгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлган эди. Хабарларда 500 жангари президент Бакиевни ҳокимиятга қайтариш мақсадида тайёрланаётгани айтилган.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг жанубий ҳудудлар бўйича матбуот котиби Жениш Аширбаев бу маълумот ўрганилгани ва тасдиқланмаганини билдирди:

-Бу куч тузилмалари ва ҳокимиятнинг обрўсини тўкиш мақсадида ўйлаб чиқарилган миш-миш бўлган деб ҳисоблаймиз. “Новқат ва Чўнголой туманларида жангарилар базаси мавжуд, уларни муайян шахслар молиялаштиради”, деган маълумотлар ўз тасдиғни топмади. Бу маълумот қандай асосларга таяниб тарқатилганини ўрганишда давом этаяпмиз, –деди Жениш Аширбаев.

Ўш шаҳар мэрияси расмийлари эса ҳуқуқ-тартибот тузилмаларидан бу каби маълумотларни тарқатган шахслар ва нашрларга нисбатан жиноят ишлари очилишини талаб қилмоқда.

-Биз тегишли ташкилотлар бизнинг баёнотимизни эътиборга олишини, бу каби баёнотларни тарқатганларга нисбатан жазо чораларини қўллашларини талаб қиламиз,-деди Ўш шаҳар мэрияси расмийси Камил Сидиқов.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги расмийлари мазкур маълумотларни рад этганига қарамай, айрим ўшликлар орасида ваҳима кайфияти пайдо бўлган. Ўшлик журналист Салтанат Файзуллаеванинг айтишича, миш-мишларга ишонган ўшликларнинг бир қисми ўз оилаларини Ўзбекистон чегарасига яқин ҳудудларга кўчира бошлаган.

-Агар “Террорчилар Афғонистонда тайёрланаяпти”, десалар ишонса бўлар эди. Лекин Новқат билан Қизилқияда террорчилар тайёрланаяпти деган гапга ишониш қийнроқ. Лекин шунга қарамай аҳоли орасида қўрқаётганлар бор. Улар ўз оилаларини Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасидаги “Дўстлик” пункти яқинига олиб бориб қўйишаяпти деган маълумот бор, -деди Салтанатхон Файзуллаева.

Ўшлик мустақил кузатувчи Қодир Қуват 2010 йилги Ўш воқеаларидан сўнг бу каби миш-мишлар Ўшда деярли ҳар куни пайдо бўлаётганини айтади. Унинг фикрича, бу каби миш-мишлар шаҳардаги вазиятни издан чиқара олмайди, лекин аҳоли орасида ҳавотир кайфиятини кучайтирган.

-Бахтга қарши айрим миш-мишлар ҳақиқатга ҳам айланиб қолди. Шунинг учун ўшликлар орасида миш-мишларга ишониш жуда кучли, -дейди Қодир Қуват.

Жорий йилнинг 16 апрелида Бош қароргоҳи Белгиянинг Брюссел шаҳрида жойлашган Алишер Навоий институти Ўш шаҳар мэри Мелис Мирзақматов 300 нафар жангарини Попон сув омбори яқинидаги полигонда тайёргарликдан ўтказаётгани ҳақида норасмий маълумотлар мавжудлиги ҳақида баёнот тарқатган эди. Ўш шаҳар мэрияси Алишер Навоий институтининг бу баёнотини фитна сифатида баҳолаган.
XS
SM
MD
LG