Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:36

Ўш мэрияси: Навоий институти иддаолари асоссиз


Ўшда миллатлараро ишончни қайта тиклаш юзасидан ёшлар ўртасида турли тадбирлар ўтказилаётгани хабар қилинмоқда.
Ўшда миллатлараро ишончни қайта тиклаш юзасидан ёшлар ўртасида турли тадбирлар ўтказилаётгани хабар қилинмоқда.

Ўш мэриясининг билдиришича, шаҳарда ўзбеклар ҳуқуқлари бузилмаяпти ва "бу борада ёлғон маълумот тарқатаётган ташкилотларнинг мақсади вазиятни издан чиқаришдир".

Ўш мэрияси расмийлари бош қароргоҳи Белгиянинг Брюссел шаҳрида жойлашган Алишер Навоий институтининг 16 апрел куни ёйинланган баёнотига жавоб берди.

Мазкур баёнотда айрим қирғиз сиёсатчилари Ўшдаги мураккаб вазиятни инобатга олмаган ҳолда митинглар уюштираётгани, бунинг ортидан вазият беқарорлашуви мумкинлиги, Ўш шаҳар мэри Мелис Мирзақматов 300 нафар жангарини Попон сув омбори яқинидаги полигонда тайёргарликдан ўтказаётгани ҳақида норасмий маълумотлар мавжудлиги , Ўшда ўзбеклар ҳуқуқлари бузилаётгани билдирилган.

Ўш шаҳар мэрияси расмийси Айтбай Масалиев Алишер Навоий институтининг бу баёнотини фитна сифатида баҳолади.

- Улар Брюсселда ўтириб олиб оғзига келган гапни қайтармай гапиришаверар экан. Бу ердаги маҳаллий халқ эса бундай баёнотлардан ташвишга тушмоқда. Худога шукурки, бугунги кунда Ўш шаҳридаги вазият ўта барқарор. Ўшда икки миллат ўртасидаги ўзаро ишончни қайта тиклаш учун катта ишлар қилинаяпти. Аммо Брюсселдагилар бу ишларни кўрмай туриб, "миллатлараро низо такрорланади", деган ваҳимани тарқатишмоқда. Буни биз фитна сифатида баҳолаймиз,- деди Айтбай Масалиев.

Ўш шаҳар расмийсининг билдиришича, Ўшда ўзбеклар ҳуқуқларининг бузилиши ҳолатлари расман қайд этилмаган. Айтбай Маслиевнинг айтишича, Ўшда ўзбекларнинг оммавий тарзда ишдан бўшатилгани, уларнингг ишга олинмаётгани каби маълумотлар ҳам ҳақиқатга тўғри келмайди:

- Ўзбек миллатига мансуб мутахасисларнинг барчаси ҳукумат ташкилотларида ўз лавозимларидан ҳайдалди деган гаплар ҳам ёлғон. Ўш шаҳар мэрияси ва унга тегишли бўлган тузилмаларда ўзбеклар юқори лавозимларда ишлаяпти. Масалан, Ўш милицияси бошлиғининг биринчи ўринбосари ўзбек. Ўш шаҳри мэрининг биринчи ўринбосари ҳам ўзбек эди. Ҳозир у президент маъмурияти раҳбарининг ўринбосари лавозимида ишлаяпти, - деди Айтбай Масалиев.

Айни пайтда Озодлик мухбири билан суҳбатлашган айрим ўшликлар 2010 йил июн воқеасидан сўнг давлат корхоналаридан этник мансубликларига қараб ишдан бўшатилганликларини ва шу кунгача ўз лавозимларига қайта тикланмаганликларини айтишади:

- 2010 йилда “Ўшэлектро” давлат корхонасида ишлар эдик. 18 июн куни ҳаммамизни ишга чақиришиб: “Ўзбеклар аризангизни ёзинг”, дейишди. Мен “Отпускага ариза ёзганман”, десам, “Отпускага эмас, ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёзларинг”, деб буйруқ беришди. Бир кунда 37 ўзбекни ишдан олишди. Ишдан олинган ўзбекларнинг барчаси бу корхонада яхши лавозимларда ишлашар эди, - деди ўзини Одилжон деб таништирган ўшликлардан бири.

Айни пайтда айрим таҳлилчилар Брюссел шаҳрида жойлашган Алишер Навоий институтининг 16 апрел куни ёйинланган баёнотини огоҳлантирув қаторида эътиборга олиш мақсадга мувофиқ бўлар эди деган фикрдалар:

- Хавф 2010 йилга нисбатан камроқ, лекин халқ орасида ташвиш бор. Ҳар қанча яширсак ҳам миллатлараро муносабатлар бугунги кунда энг оғриқли нуқтамиз бўлиб қолаётгани яққол кўриниб турибди. Ўшда турли миш –мишлар тез-тез тарқаб турибди. Ҳукумат бу миш-мишлар асоссиз эканини айтаяпти. Бироқ “Шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирламайди”, деганларидек эҳтиёткорлик юзасидан бу баёнотларни огоҳлантириш сифатида қабул қилиш керак, - дейди таҳлилчи Жиргалбек Жээнбеков.
XS
SM
MD
LG