Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:51

Бичилган аёллар хасталикдан шикоят қилмоқда


Аёлларни ихтиёрий жарроҳлик амалиётига тарғиб қилганини тан олаётган шифокорлар буни "оилани режалаштириш" мажбурияти билан изоҳламоқда.
Аёлларни ихтиёрий жарроҳлик амалиётига тарғиб қилганини тан олаётган шифокорлар буни "оилани режалаштириш" мажбурияти билан изоҳламоқда.

Қашқадарёлик 27 ёшли келинчак яқинлари ва врачлар қистови билан рози бўлган стерилизация амалиётидан сўнг оғир хаста бўлиб қолганини айтмоқда.


Озодликка Қашқадарё вилоятидан қўнғироқ қилган 42 ёшли уй бекаси Ҳалима Акбарова туғиш ёшидаги аёлларни ихтиёрий-мажбурий равишда стерилизация қилиш давом этаётганига гувоҳ бўлганини сўзлаб берди.

Ҳалима Акбарова куни кеча Яккабоғ туман шифохонасининг гинекология бўлимига боргани ва у ерда ёш-ёш аёллар шифокорлар томонидан стерилизацияга ундалаётганига шахсан гувоҳ бўлганини айтди.

Унинг сўзларига кўра, қишлоқ шароитида улғайган ва маълумоти умумий ўрта ёки ўрта-махсус бўлган аёллар тушуниб-тушунмасдан, шифокорлар қистови асосида
стрелизацияга рози бўлмоқдaлар.

- Бир кунда 15-20та ИЖК бўлаяпти, дейишди. Ташқарида докторларга очеред кутиб ўтирганимизда аëллар зарар томонларини гапираяптида. Тухумдонни чаппа қилиб, қанақадир тухумдоннинг йўлини боғлар эканми, хуллас, қон айланиш бузиларкан, бир хил аëллар ëмон касал бўлаяпти экан, дейди Ҳалима Акбарова.

Унинг сўзларига кўра, туман шифохонасида қилинаётган ИЖК — ихтиёрий жарроҳлик стерилизацияси амалиёти ярим соатча давом этмоқда.

- Ярим соат бўлади, деяпти. Энди бу кичкина операция бўлмайдида. Барибир ҳам тикилади, кесилади, тиғ тегади. Бу ҳомиладорликнинг олдини олиш бўлмаяпти, менимча. Қон айланиш системаси бузилади, қанақадир одамлар секин-секин касалланиб, секин-секинлик билан нобуд бўлади деган гапларам бўлаяптида, дейди Ҳалима Акбарова.

Оддийгина уй бекаси бўлган 42 ёшли бу суҳбатдошимиз ИЖК амалиёти боис аёллар хаста бўлаётганига шахсан гувоҳ эканини ҳам сўзлади.

- Аëлларга “Сизларни мажбур олиб кела олмайдику. Нимага энди ўзларингиз келаяпсизлар?”, дедим, аччиғим келиб кетдида. Аëлларнинг кўплари ўз оëғи билан борганига аччиғим келди. Умуман қилдирганларнинг ҳаммаси айтишаяптики, бекор қилдирган эканман, деб. Докторлар қўймаяпти, мажбур олиб келаяпти, деяпти, дейди қашқадарёлик уй бекаси Ҳалима Акбарова.

Бу аёл ўз сўзларига далил тариқасида Яккабоғ туман шифохонасида учрашиб қолгани ёшгина аёл – 1985 йилда туғилган икки фарзанднинг онаси бўлган келинчакни ҳам топишимизга ҳам кўмак берди.

Ҳалима Акбаровага кўра, бу келинчакнинг соғлиги жуда оғир ва айни кунларда кучли бел ва қувуқ оғриғидан азоб чекмоқда.

Биз келинчак билан телефон орқали боғландик. Аммо, у Озодликка интервью беришга рози бўлмади ва Озодлик унинг сўрови асосида шахси, манзилига оид маълумотларни ошкор қилмасликка қарор қилди.

Келинчакнинг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, у ўтган йилнинг октябр ойида ихтиёрий жарроҳлик стерилизацияси амалиётидан ўтказилган.

- Тошкентдан доктор келипти, деб қайнонам мени мажбурлаб болницага олиб борди. Дўхтирлар яхши бўлади, уч кунда яхши бўлиб кетасиз, деб ИЖК қилдирди. Лекин мен ўшандан бери касалман. Белим, қувуғим оғрийди, рўзғор ишига ярамай қолдим, - деди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда 27 ёшли келинчак.

Бу келинчакнинг 2 нафар кичик ёшдаги фарзанди бор. "Стерилизацияга ўзингиз рози бўлдингизми?", деб сўрадик ундан.

- Ҳа, дўхтирлар розимисиз, деб сўради. Мен майли, дедим. Лекин улар менга нотўғри маълумот беришдида. Ҳеч қаеринг оғримайди, кейин қачон туғаман, деганингда яна ўша тикилган жойни очамиз, туғаверасан, дейишди. Ҳозир билсам, унақа эмас эканку?! Агар ҳозир сўрашса, ҳечам рози бўлмаган бўлардим, деди Озодлик билан суҳбатда ихтиёрий жарроҳлик стерилизацияси амалиётидан ўтган ва шу кунларда меҳнатга яроқсиз, хаста аҳволга тушиб қолган 27 ёшли қашқадарёлик келинчак.

Маълумки, 2010-2011 йил давомида Ўзбекистоннинг қатор вилоятларида туғиш ёшидаги аёлларнинг ихтиёрий жарроҳлик стерилизацияси амалиётидан ўтказилгани кузатилди.

Худди бугунги қаҳрамонимиз – 27 ёшли келинчак каби, стерилизация, содда қилиб айтганда, бичиш амалиётининг оқибатларидан яхши хабари бўлмаган ва бунга врачларнинг қистови билан рози бўлган аёлларнинг кўпчилиги Озодликка мурожаат қилган.

Озодлик бу борада ўзбекистонлик шикофорлар ҳамда мутасадди раҳбарлар билан ҳам кўп бора суҳбатлашган.

Бундай суҳбатлар чоғида туғруқхоналарда ишловчи шифокорлар юқори турувчи органлар томонидан туғишлиш сонига чеклов қўйилгани ва бунинг устидан қаттиқ назорат борлигини тан олган эди.

Шу боис, шифокорлар туғиш ёшидаги аёлларни маълум муддатга ҳомиладор бўлмасликка жалб қилиш билан бирга, кейинчалик туғишни истамаган аёлларни уларнинг розилиги асосида ИЖК, яъни, ихтиёрий жарроҳлик стерилизацияси амалиётидан ўтишга тарғиб қилаётганини ҳам тан олган эдилар.

Бундай кампанияга асос сифатида эса Ўзбекистон президентининг 1096-сонли “Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори тилга олинган эди.
XS
SM
MD
LG