Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:41

Ўзбекистонда "туғилиш планини" ортиғи билан бажариш тақиқланади


Ҳукумат кўраётган "чоралар" туғилишлар суръатини жиловлашда қўл келаётганини халқаро мутахассислар ҳам тан олмоқда.
Ҳукумат кўраётган "чоралар" туғилишлар суръатини жиловлашда қўл келаётганини халқаро мутахассислар ҳам тан олмоқда.

Ўзбекистонда туғишни маъмурий буйруқ тартибида чеклаш янги кўриниш олмоқда. Туман поликлиника ва туғруқхоналарига туғилишларни маълум миқдордан оширмаслик ҳақида оғзаки буйруқ берилгани айтилмоқда. Тошкентдаги поликлиникага қайддан ўтиш учун мурожаат қилган ҳомиладор аёл, муассаса ҳудудида “туғилиш ойлик плани тўлгани” важидан қайтариб юборилди. Ҳомиладор аёлнинг Озодликка айтганларини вилоятдаги туғруқхона шифокорлари ҳам тасдиқламоқда. Озодлик суҳбатдошларининг сўзларига кўра, кейинги бир-икки йил давомида кузатилган аёлларни “ихтиёрий-мажбурий” тарзда бичиш ва туғилишларни чеклашга оид бошқа уринишлар ҳам давом этмоқда.


“Туғилиш плани” бажарилгани туфайли оилавий поликлиникадан рўйхатдан ўта олмаган ҳомиладор аёл ҳақида “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти чоршанба куни хабар тарқатган эди.

24 яшар асли тошкентлик Зиёдахон исмли жувоннинг ўзи Озодликка айтишича, у икки йил аввал Самарқандга турмушга чиққан. Лекин турмуш ўртоғи билан Тошкентда истиқомат қилиб келгани учун, ҳомиладор бўлгач ўзи туғилиб ўсган ва ота-онаси манзилидаги оилавий поликлиникага рўйхатдан ўтгани келган. “Сиз бу ердан рўйхатдан чиқиб кетгансиз”, деган баҳоналар билан қайтариб юборилган ҳуқуқшунос Зиёдахон ота-онаси хонадонидан рўйхатдан ўтиб, яна поликлиникага қайтиб келади. Лекин поликлиника бош шифокори энди уни бошқа сабабдан рўйхатга олмайди.

– Бешинчи ойда ва ниҳоят уйни менинг номимга ўтказишганлиги сабабли поликлиникага чиқдим уйнинг ҳужжатлари билан. Мирзо Улуғбек туманига чиқдим. Лекин у ерда ҳам мени доимий рўйхатдан ўтказишни рад қилишди. Бунга асосий сабабни маҳаллада, поликлиникада туғруқнинг кўпаяëтганлиги, Мирзо Улуғбекда туғруқни камайтиришни ассоий талаб қилиб қўйганлигини асос қилиб кўрсатишди. Буни менга қабул қилаëтган гинекологим айтди.

“Эзгулик” хабарномасида поликлиника бош шифокорининг исми Озода Ибрагимова экани айтилади. У кишининг ўзи билан боғланишнинг иложи бўлмади. Лекин Ўзбекистон вилоятларидан биридаги туғруқхона шифокори, вилоят туманларида ҳақиқатан туғишлар сони ойига маълум миқдордан ошмаслиги тўғрисида кўрсатма борлиги тасдиқлади.

Исми ва овози эфирга берилмаслиги шарти билан гапирган гинекологнинг айтишича, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси янги туғилнганлар сони қанчадан ошмаслигини ҳар туман аҳолиси сонига кўра белгилаб беради. Агар “белгиланган план ошиғи билан бажарилса” туман бош шифокорига хайфсан берилади. Шунинг учун туман соғлиқни сақлаш бўлимлари ўз навбатида ҳам қишлоқ врачлик пунктларидан аҳоли орасида ҳомиладорликнинг олдини олишни тарғиб қилишдан ташқари, бу борада амалий чоралар кўрилишини талаб қилишади.

Бу амалий чоралар эса ҳар хил, бачадон ичи воситаси, яъни халқ орасида спирал, деб аталувчи мосламани қўйдиришга кўндиришдан тортиб, 30 ёшдан ошган аёлларни “ихтиёри мажбурий” тарзда бичишгача бўлади, дейди суҳбатдошимиз. “Ҳар бир туман соғлиқни сақлаш бўлими, нарёғи ҳар бир қишлоқ врачлик пунктига ойига фалонча спирал қўйдирасан, фалонча ИЖК (ихтиёрий жарроҳлик стерилизацияси - бичиш) қилдирасан, деган план ҳам бор, дейди вилоят туғруқхонаси шифокори.

Унинг айтишича, туғишни чеклаш Ўзбекистон президентининг 1096-сонли “Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон вилоятларидан биридаги туғруқхона бош врачи ўринбосари ҳам, президентнинг 1096-сонли қарори самарали бажарилаётгани туфайли, туғилишлар сони жиловланиб бораётганини айтади Озодлик билан суҳбатда.

– Оилани режалаштириш бор. Репродуктив саломатлик тўғрисида мана президент қарорлари чиққан 2009 йилдан бери 1096, 1144. Энди ўша ерда оилани режалаштириш, энди бунга ўргатиб шуни олиб бориш қийинроқ. Биласизку бизда ўзбекларда. Бу нарсани то тушунтириб еткузгинингизча, мана фақат икки йилдан бери репродуктив саломатлик билан шуғулланаяпмиз. Энди бўлаяпти. Ўзгаришлар яхши томонга бор.

Исмини айтмасликни маъқул кўрганимиз суҳбатдошимиз, туғиш ёшидаги аёлларнинг аксар кўпчилигига спираллар ўрнатилмоқда. Шифокор спиарл ва бичиш усули мажбурий қўлланилаётганига оид иддаоларни инкор қилди, лекин кейинги икки йил ичида бичишлар сони бир неча баробар кўпайганини тан олди.

– Ихтиëрий жарроҳлик, контрацепция бор. У конечно олдингига қараганда тўрт-беш баробар (кўпайган). Бунга ҳамма нималар мослаштирилган. Ҳамма шифохоналарда хирургический кабинетлар қаерда бўлса ҳаммасига мослаштирилган. Ихтиëрий жарроҳлик лапороскопический ҳолатда ҳозир ўтказилаяпти кўп жуда ҳам. Олдин аëллар ихтиëрий жарроҳликдан жуда қўрқарди. Ҳозир аҳоли келаяпти, билаяпти. Яхши томонини кўриб яна ҳам кўпаяяпти. Масалан, туғруқдан кейин бизнинг марказда ҳар куни туғруқдан кейин бир-иккита ихтиëрий жарроҳлик контрацепцияси қилиб чиқариб юборилаяпти. Операциядан кейин учта ва ундан кўпроқ боласи бўлса албатта қилаяпмиз,- дейди туғруқхона бош шифокори ўринбосари.

Туғишни радикал усуллар билан чеклаш ҳақиқатан президентнинг “она ва бола саломатлиги тўғрисида қйғуриш” қарорига йўилаётганини Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлигининг исмини ошкор қилишни истамаган мутахассиси ҳам тасдиқлади. “Бу ишлар ҳозирда Соғлиқни сақлаш вазирлиги эмас, вилоятлардаги маҳаллий ҳокимият органлари томонидан назорат қилиняпти, дейди у.

Бунга туғиш суръатининг йил сайин ошиб бораётгани сабаб бўлмоқда, кейинги йилларда аҳоли ўсиш суръати нисбатан назоратга олинган бўлса-да, муаммо ҳал этилганича йўқ, дейди мутахассис.

2007 йилда Ўзбекистонда 480 минг нафарга яқин чақалоқ туғилган бўлса, 2008 йилда бу кўрсаткич 500 мингга, 2009 йилда эса 650 мингга чиқиб кетган. 2010 йилда ҳам бу кўрсаткич камида 650-700 минг атрофида бўлади, дейди мутахассис.

“Албатта, баъзи вилоятларда бу кўрсаткич баландроқ, баъзиларида пастроқ. Шунинг учун кўп бола туғилаётган вилоятларда аёлларни мажбуран стерилизация қилишаётган бўлса керак”, дея тахмин қилади соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийси.

Биз билан мкрофонсиз суҳбатда туғруқхона шифокори Ўзбекистонда аёлларнинг туғишдан “кўнглини қолидириш” учун бошқа усуллар ҳам қўлланилаётганини айтади. Сўнгги уч-тўрт йил ичида ёш болали аёлларга бериладиган нафақа пулларининг у ёки бу баҳоналар билан қисқартирилиши ёки буткул берилмай қўйилгани ана шундай усуллардан биридир, дейди шифокор.

26 октябр куни Жаҳон аҳолиси 7 миллиардга етиши арафасида БМТ Аҳолишунослик идораси ҳисоботи эълон қилиниши муносабати билан ташкилотнинг Марказий Осиё бўийча директори Николай Ботев Озодликка берган интервьюсида, минтақада туғилиш суръати бўйича етакчи бўлиб келган Ўзбекистонда вазиятни назоратга олиш уринишлари хусусида бундай деди.

- Ўзбекистон каби мамлакатда аҳоли ўсишини муаммо, деб атамаган бўлардим. Ўзбекистон яқинларгача, минтақа давлатлари орасида аҳолиси энг тез суратда ўсиб борган мамлакат ҳисобланган. Кейинги йилларда ҳукумат бу ҳолатни нисбатан назорат остига олишга муваффақ бўлди. Лекин Ўзбекистон каби кўплаб мамлакатлар ҳукуматларининг ўзлари, у ёки бу сабабга кўра, аҳоли тез суратларда ўсишига ҳал этилиши керак бўлган муаммо, деб қарайди. Сабаби аҳолининг ҳаддан ортиқ тез кўпайиши мамлакат иқтисодий ютуқларининг аҳоли турмушига ижобий таъсирини камайтиради. Яъни аҳолиси ўсиб бораётган мамлакатларда иқтисодий имкониятларнинг маълум қисми айтайлик, келажакка сармоя қилиш ўрнига ўша ортиб бораётган аҳолига сарфланади. Шунинг учун кўплаб мамлакатларда аҳолининг тез ошиб бориши ташвишларга сабаб бўлади, дейди БМТ расмийси.
XS
SM
MD
LG