Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:48

Бухоро ҳокими илк бор матбуотда пайдо бўлди


Алексей Протченков олган сурат.
Алексей Протченков олган сурат.

Ўтган йил сўнггида Бухоро вилояти ҳокими лавозимидан четлаштирилган Самойдин Ҳусенов ўрнига тайинланган Муҳиддин Эсонов илк бор матбуотда пайдо бўлди ва собиқ ҳоким давридаги камчиликларни танқид қилди.

Айни пайтда коррупция ва уруғ-аймоқчилик иддаолари билан лавозимидан четлаштирилган Бухоро вилоятининг қарийб 15 йиллик ҳокими Самойдин Ҳусейнов тақдири мавҳум қолмоқда.

ЎзА миллий ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, Бухоро ҳокими вазифасини бажараётган Муҳиддин Эсонов вилоятни ривожлантириш бўйича янги чора тадбирларни белгилаб берган.

Бухоро вилоятида ишлаб чиқариш соҳасида ўтган йил эришилган ютуқлар ҳақида атрофлича гапирган Муҳиддин Эсонов, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда қатор камчиликларга йўл қўйилганини алоҳида таъкидлаган.

Эсонов мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланилмагани оқибатида “Daewoo Textil Bukhara” хорижий корхонасида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 2010 йилга нисбатан 10 фоизга, “Пойкентекстил” корхонасида эса 85 фоизга камайганини танқид қилган.

Йиғилишда Бухоро шаҳри, Қоровулбозор, Пешкў ва Қоракўл туманларида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасида ўсиш суръати вилоятдаги ўртача кўрсаткичдан анча кам эканини қаттиқ танқид қилинган.

Унга кўра, ўтган йил вилоятдаги 698та фермер хўжалиги келишув мажбуриятларини бажармагани натижасида давлатга 40 минг тонна пахта топширилмаган. 696та фермер хўжалиги эса дон топшириш мажбуриятини бажара олмаган.

Бухоро вилояти фаоллари йиғилишида Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Г.Ибрагимов иштирок этди.

Муҳиддин Эсонов Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинлангунига қадар Қишлоқ хўжалиги бўйича Бош вазир ўринбосари бўлиб ишлаган.
XS
SM
MD
LG