Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:29

FBI: Жамшид Мухторов "тўй" га кетаётганида қўлга олинди


АҚШ расмийлари террорчиликда айбланиб ўтган ҳафта ҳибсга олинган асли ўзбекистонлик Жамшид Мухторов иши бўйича баъзи маълумотларни ошкор қилди. Озодлик FBI Мухторов ортидан ўрнатган кузатувнинг баъзи тафсилотлари келтирилган ҳужжатни қўлга киритди.


Покистондаги террорчи гуруҳга ўзини "фидо" қилишга уринишда айбланиб, АҚШ да ҳибсга олинган ўзбекистонлик собиқ ҳуқуқ ҳимоячиси ва сиёсий қочқин Жамшид Мухторов 15 йилга қамалиши ва 250 минг АҚШ доллари миқдорида жаримага тортилиши мумкин.

Озодлик радиоси АҚШ Адлия Департаменти Миллий хафвсизлик бошқармасидан олган айблов ҳулосасида айтилишича, Жамшид Мухторов жиҳодий амалиётни амалга ошириш мақсадида ўз жонини беришга тайёр бўлиб Туркияга отланган.

Озодлик радиоси қўлга киритган ҳужжатларга кўра, АҚШ Федерал тергов бюроси (FBI)нинг Денвердаги Террорчиликка қарши кураш қўшма амалиётлар гуруҳи Мухторовни узоқ вақтдан буён кузатган, унинг барча телефон мулоқотларини эшитиб, ёзиб олган ва қабул қилган барча СМС ва электрон мактубларини таҳлил қилган.

Айблов ҳулосасидаги барча айбловлар маҳкамада ўз тасдиғини топмагунича иддаолигича қолади, Мухторов эса айбсиз саналади, дея таъкидлайди АҚШ Адлия Департаменти ўз ҳужжатида.

20 саҳифалик айблов ҳулосасида 35 ёшли Жамшид Мухторовнинг Абумўмин Туркистоний лақаби билан террорчи ташкилот саналган Исломий жиҳод иттифоқи (ИЖИ) аъзолари билан ёзишмалари ва телефон мулоқотлари акс этган.

Байъат


2005 йилдан буён АҚШ Давлат департаменти томонидан Ал-Қоидага алоқадор террорчи ташкилотлар рўйҳатига киритилган Исломий жиҳод иттифоқи FBI агентлари ҳисоботига кўра, Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистонда амалга оширилган бир қатор ҳужумларга масъулдир. 2007 йил сентябр ойида Германиядаги АҚШ ва бошқа давлатларга қарашли идораларини портлатмоқчи бўлган ИЖИ аъзоларидан 700 килограмм портловчи модда мусодара қилинганди. 2004 йил июл ойида ИЖИ Тошкентда АҚШ ва Исроил элчихоналари ҳамда Бош прокуратурага қарши худкуш ҳужумлар учун масъулиятни ўз зиммасига олганди.

FBI нинг Жамшид Мухторов иши бўйича айблов хулосасининг биринчи саҳифаси.
FBI нинг Жамшид Мухторов иши бўйича айблов хулосасининг биринчи саҳифаси.
FBI нинг махсус агенти Доналд Хейл ҳисоботига кўра, Мухторов ИЖИ билан уларнинг веб-сайти администратори Абу Муҳаммад орқали танишган.

Тергов материалларида Мухторовнинг ИЖИ вакиллари билан эмин-эркин телефон суҳбатлари келтирилган.

Шахси терговчиларгагина маълум киши билан Мухторовнинг 2011 йил 8 март куни ёзиб олинган суҳбатида икковлон Жума Намангонийни эслашиб, телефон суҳбатларини эшитаётганларни лаънатлашади.

22-23 март кунлари Мухторов Абу Муҳаммадга ёзган мактубида ИЖИ га байъат ёки қасамёд қилган, дейилади ҳужжатда.

“Мухторов ўзининг ҳар қандай вазифага, ҳатто ўлимга ҳам тайёрлигини айтади. Абу Муҳаммад эса, кейинроқ унинг байъати қабул қилинганини маълум қилди”.

Уларнинг ўзаро суҳбатлари “тўй”, “тўёнона”, “тўй боши”, тўйга тайёргарлик” каби сўзлар атрофида ўралашган. Мухторов ўзининг ҳам тўйга таклиф этилишини ва тўй бошига тўйга тайёрганлик қилишга ёрдам беришни хоҳлашини қайта-қайта таъкидлайди.

FBI агентининг ўз тажрибасига таяниб берган ҳулосасида “тўй” термини ортида террорчилик ҳужуми яширингани билдирилган.

Суҳбатларининг бирида гап “Саҳви” ва “Толиб” исмли “жиҳод йўлидан чекинган” кишилар ҳақида боради. Улар гўё жамоани ич-ичидан емираётган вируслар сифатида таърифланади ва уларга нисбатан “антивирус” қўллаш (бартараф этиш) лозимлиги таъкидланади.

Қизим, сен билан жаннатда кўришамиз...


FBI агентлари Мухторовнинг ўз оила аъзолари билан суҳбатларига ҳам алоҳида аҳамият қаратади. АҚШ да юк машинаси ҳайдовчиси бўлиб ишлаган Мухторов 8 июл куни навбатдаги буюртма билан Аризонага келади.

Йўл-йўлакай, у Наргиза исмли турмуш ўртоғига сим қоқиб, “Бу ерлар Жиззаҳга ўхшар экан. Шу ерда яшасак бўлар экан” дейди.

“Сиз Туркияга кетмоқчи эмасмидингиз?”, дея кулиб жавоб беради Наргиза.
Бошқа бир телефон суҳбатида Наргиза жанжал устида “Сиз бизни ташлаб Туркияга кетмоқчисиз-ку” деб йиғлайди.

Бу эпизодларда терговчилар Мухторовнинг режаларидан унинг турмуш ўртоғи ҳам хабардор бўлганлигига ишора қилмоқда-ми, деган савол очиқ қолмоқда.

25 июл куни Наргиза болаларини олиб Бишкекга жўнаб кетишидан аввал Мухторов ўз қизи билан гаплашиб, уни бу дунёда бошқа кўрмаслигини, аммо яхши муслима қиз бўлса, у билан жаннатда кўришишини айтади.

1 августда Мухторов ўз отасига ўқиш режаси билан сентябр ойида сафарга чиқиб кетаётганини билдиради.

2012 йил 1 январ куни Мухторов ўз ишидан бўшайди.

Ҳибс


Узоқ тайёрганликлардан сўнг Мухторов ниҳоят 21 янрвар куни Чикаго – Истамбул самолётига чипта сотиб олади. Айнан шу куни тушда АҚШ ҳавфсизлик кучлари уни Чикагонинг О’Хэр аэропортида ҳибсга олишади. Жамшид Мухторов уларга қаршилик кўрсатмайди.

Мухторов ортидан олиб борилган узоқ кузатув шу билан якун топди. Мухторов террорчи ташкилотга моддий кўмак бериш ёки кўмак беришга ҳаракат қилишни назарда тутувчи АҚШ жиноят кодексининг 18-моддаси 2339 Б қисми билан айбланмоқда. Мухторов мисолида террорчи ташкилотга ўзини "фидо" қилиш ҳам айнан шу банд асосида таъқиб этилади.

Тергов материалларида Мухторовнинг АҚШ ҳудудида ҳужум уюштиришда гумон этилмаётгани таъкидланади. Иш маҳкамага топширилди.
XS
SM
MD
LG