Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:33

АҚШда ўзбекистонлик сиëсий қочқин ҳибсга олинди


Жамшид Мухторовни таниганлар, у АҚШдан сиёсий бошпана олгунга қадар диний қарашлари заиф бўлганини айтмоқда.
Жамшид Мухторовни таниганлар, у АҚШдан сиёсий бошпана олгунга қадар диний қарашлари заиф бўлганини айтмоқда.

Террорчиликда гумон қилинаётган Жамшид Мухторов Чикаго Халқаро аэропортида Туркияга учаëтган пайтда қўлга олинган.

Ўзбекистон фуқароси 35 ёшли Жамшид Мухторов 21 январ куни АҚШда диний-экстремистик ташкилотга аъзоликда гумон қилиниб, қўлга олинди.

Жамшид Мухторов АҚШда яшаган пайти динга муккасидан берилгани айтилмоқда.
Жамшид Мухторов АҚШда яшаган пайти динга муккасидан берилгани айтилмоқда.
Мухторов АҚШнинг Колорадо штатидаги Аврора шаҳрида яшаб келган.

Бу ҳақда маълумот берган АҚШ мулозимларига кўра, Мухторов Чикаго Халқаро аэропортида Туркияга учаëтган пайтда қўлга олинган.

АҚШ Адлия вазирлиги мулозими Дин Бойднинг матбуотга билдиришича, қўлга олиш чоғида Мухторов қаршилик кўрсатмаган.

Адлия вазирлиги тарқатган баëнотга кўра, Абдумўмин Туркистоний¸ Абу Мўмин тахаллуслари билан мактублашиб турган Мухторов қароргоҳи Покистонда бўлган Исломий Жиҳод Иттифоқи экстремистик ташкилоти сафида жангари бўлишга ҳозирланган.

Бу ташкилотнинг Ўзбекистондаги режимни ағдариб, исломий давлат қуришга чақириб келиши айтилади.

Баëнотда Мухторовнинг АҚШ ҳудудида террор амалиëти ўтказиш нияти бўлмагани ҳам таъкидланган.

Душанба куни эрталаб Жамшид Мухторов Чикаго маҳкамасига олиб келинган.

Суд ҳаками Мортон Денлов Мухторов ишини Денвер суди кўриши лозим, дея ажрим чиқарган.

Айни пайтда терговчилар Жамшид яшаган уйни тинтиш ва унга оид компютер ҳамда Blackberry телефонини тафтиш қилиш учун ордер олган.

Душанба куни Мухторов яшаган уй қўнғироғи босилганида ҳеч ким жавоб бермаган, уйнинг ëнида Мухторовга оид юк машинаси турган.

Бу ҳақдаги тафсилотларга ўрин берган The Huffington Post интернет нашри журналистлари Мухторовнинг қўшнилари билан суҳбатлашишган.

Жамшид Мухторовнинг ëн қўшниси унинг АҚШда юк машина ҳайдовчиси бўлиб ишлагани¸ хотини ва уч фарзанди билан тез-тез ҳовлида кабоб (барбекю) пишириб турганини айтган.

Қўшнига кўра, Мухторовнинг 6 яшар қизчаси ва 3-4 ëш атрофидаги икки ўғли бўлган.

The Huffington Post интернет нашри¸ расмийларга таянган ҳолда¸ Мухторовнинг телефон сўзлашувлари ва интернетдаги ëзишмалари ўтган йил баҳоридан бери АҚШ махсус хизматлари назоратида бўлганини ëзади.

Бу ëзувларда Мухторов “ташкилот берган вазифани уддалаш учун ўлимга ҳозир” эканини шартли ишора билан билдирган.

АҚШдаги айбсизлик презумпциясига кўра, Жамшид Мухторовнинг айбдор эканини фақат суд аниқлаши мумкин.

Мухторовнинг айби тасдиқланган тақдирда, у 15 йиллик қамоқ жазоси ва 250 минг доллар жаримага тортилиши мумкин.

Жамшид Мухторов аслида ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси бўлган ва у ўз вақтида “Эзгулик” жамиятининг Жиззах вилояти бўлими раҳбари бўлган.

У илк бор 2005 йилда тазйиққа учраган, калтаклаб кетилган ва бунинг ортидан бошланган тазйиқлар натижасида Ўзбекистонни тарк этиб, Қозоғистонга ўтган эди.

Ўз вақтида “Эзгулик” жамияти унинг Қозоғистонда ҳам калтаклангани ҳақида хабар берган эди. Кейинчалик у АҚШдан бошпана олди.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раисаси Васила Иноятова бу борада Озодликка берган интервюсида: “Ҳозир АҚШдан бошпана олган Жамшид Мухторов жамиятимизнинг Жиззах вилояти бўлими раиси бўлган, жуда фаол эди. У жуда катта тазйиқларга дучор бўлган”, деган эди В.Иноятова.

Эндиликда АҚШ расмийлари террорчиликда гумон қилаётган Ўзбекистон фуқароси билан шахсан таниш бўлган, айни пайтда АҚШ да истиқомат қилаётган ўзбекистонлик сиёсий қочқин Аҳмаджон Раҳимовнинг айтишича, асли жиззахлик Жамшид Мухторов АҚШга кегунига қадар диний қарашлари кучли бўлмаган.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:38 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG