Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:30

“Чинни бозор” хўжайинлари ҳибсга олинди


Тошкентдаги “Чинни бозор” маъмурияти ходимлари 19 январь куни ҳибсга олинди. Бозор маъмурлари коррупцияга боғлиқ жиноятлар ва давлат мулкини талон-тарож қилганликда айбланмоқда.


Пойтахтдаги йирик улгуржи бозорларидан бири бўлган “Чинни бозор” маъмурлари Тошкент вилояти прокуратурасида сўроқ қилинаётгани айтилади.

“Чинни бозор”да савдо қиладиган тадбиркорлардан бирининг онаси Озодлик мухбири билан суҳбатда 19 январь куни бозор маъмуриятининг директоридан тортиб қоровулигача ҳибсга олинганини айтади:

- “Чинни бозор”да мани ўғлим ишлайди. Савдо шохобчаси бор, тадбиркорлик қилади. Эшитишимча, бозорнинг қоровулидан тортиб, Раҳим ака деган директоригача, ҳаттоки бозорлар асссоциациясининг раҳбари бор эди, Қобилҳожи ака деган одам, ўшангача ҳаммасига жиноий иш қўзғатилган. Ҳозир Қобилҳожи ака қочиб юрган экан, бир йигирмадан ортиқ одамни олиб кетишган, дейишяпти,- дейди исми сир қолишини истаган онахон.

У кишининг айтишича, "Чинни бозор" маъмурияти, солиқ инспекцияси ва СЭС ходимларидан жами 20 дан ортиқ одам ҳибсга олинган.

Озодлик манбасига кўра, бозор маъмурларининг оммавий тарзда ҳибсга олинишига бир неча кун олдин тадбиркордан пора олаётган пайтда ҳибсга олинган солиқчининг кўрсатмалари сабаб бўлган:

- Уч-тўрт кун олдин Тошкент вилоятидан қўйилган солиқ инспектори Ботир деган йигитни пора олаётган жойида ушлашибди экан. Буни ўғлим гапириб берган эди. Ўтган йилда бу солиқчи списка тузиб ҳар савдо шохобчасидан 100 доллардан пора талаб қилган. Мен шу ҳақда солиқ қўмитасининг ишонч телефонига хабар берган эдим. Бироқ, ҳеч қандай натижа бўлмаган эди,- дейди бу онахон.

У кишининг ўзи ва ўғли ҳам вилоят прокуратурасига мазкур иш бўйича гувоҳ сифатида чақиртирилган. Терговчи билан суҳбатдан бозор маъмурияти ва солиқ инспекцияси ходимлари иқтисодий жиноятларда айбланаётганлиги маълум бўлди, дейди манба:

- Терговчи Беҳзод деган йигитдан эшитишим бўйича, бозор маъмурлари бозор қурилишида давлатнинг 4 миллиард сўм пулини ўзлаштириб юборган. Бундан ташқари, ҳар бири 11 миллион сўм турадиган савдо шохобчаларини тадбиркорларга 24 миллион сўмдан сотган. Бизларни куни кеча Тошкент вилояти прокуратурасига ана шу масала бўйича чақиртиришиб, бизни фуқаровий даъвогар деб топишган эди,- дейди онахон.

Тошкент вилояти прокуратурасининг ўзини таништирмаган ходими Озодлик билан суҳбатда “Чинни бозор” маъмурияти вакиллари устидан жиноят иши қўзғатилгани фактини рад этмади. Бироқ, мулозим телефон орқали бу ҳақда маълумот беролмаслигини айтди.

Тошкентдаги энг йирик улгуржи бозорлардан бири саналган "Чинни бозор" хўжалик ва маиший техника моллари билан савдо қилади.

2010 йилнинг феврал ойида Тошкентдаги энг катта улгуржи бозорларидан бири бўлган “Карвонбозор” маъмурлари ҳам иқтисодий жиноятларда айбланиб, ҳибсга олинган эди. Норасмий маълумотларга кўра, “Карвонбозор” раҳбарияти 30 миллион АҚШ доллари миқдоридаги пулни ўзлаштирганликда айбланган эди.

Сўнгги уч йил ичида Ўзбекистондаги йирик бозорларга ҳуқуқ-тартибот идораларининг қора ниқобли махсус кучлари томонидан бир неча бор рейдлар уюштирилди.

2011 йилнинг 16 сентябр куни Тошкентдаги "Малика" савдо марказида "Қора ниқоблилар" гуруҳи рейд ўтказиб, "Чиго" ва "Метро" дўконларининг ҳамма товарини мусодара қилган эди.

2011 йилнинг 17 июл куни қора ниқобли "сирли кучлар" Урганч шаҳридаги савдо уйида рейд ўтказган эди.

"Қора ниқоблилар" 2011 йилнинг 16-17 июн кунлари Янгийўл шаҳридаги ресторанлар ва буюм бозорини босган.

2011 йилнинг 2 март куни Тошкентда бу гуруҳ Божхона, Солиқ қўмитаси, Ўзстандарт агентлиги билан бирга, "Туркуаз" ширкатига қарашли дўконлар жойлашган савдо уйига рейд уюштирган эди.
XS
SM
MD
LG