Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:19

Савдогарларнинг 10,5 миллион долларлик мулки олиб қўйилди


16 июл куни Урганч савдо уйида қуролланган ва ниқобдаги отряд рейд ўтказди.
16 июл куни Урганч савдо уйида қуролланган ва ниқобдаги отряд рейд ўтказди.

“Урганч савдо уйи” савдогарларидан 18 миллиард сўм (қарийб 10,5 миллион АҚШ доллари) миқдоридаги тилла буюмлар мусодара қилинди.


16 июл эрталаб соат 10:00да Хоразм вилояти маркази Урганч шаҳридаги “Урганч савдо уйи”да ниқоб таққан махсус отряд рейд ўтказиб, савдо мажмуаси раҳбарини ҳибсга олган ва савдогарларнинг заргарлик буюмларини олиб кетган эди.

Озодлик илтимосига кўра “Урганч савдо уйи”даги воқеани тафсилотларини ўрганган манба савдогарларнинг қарийб 10,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги тилла буюмлари давлат фойдасига мусодара қилинганини айтади.

- Савдогарларнинг ўша куни савдога қўйилган тилла буюмларининг барчасини олиб кетганлар. Ҳеч нарса қайтариб берилмади. Жами 18 миллиард сўм миқдоридаги тилла буюмлар мусодара қилинди. Кўпчиликнинг бриллиантлари ҳам бўлган. Чунки у ерда бриллиант ҳам сотилар эди,- деди урганчлик манба.

“Урганч савдо уйи” маъмурияти ходими Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда заргарлик буюмлар мусодара қилинганини тасдиқлади.

- Товарларни қайтаришмади. Ҳозир идора муҳрланган. Савдо уйи тўрт кундан буён ишламаяпти,- деди маъмурият ходими.

Бироқ у “Урганч савдо уйи”нинг ҳибсга олинган раҳбарининг кейинги тақдири борасида гапиришни истамади.

Хоразм вилоят ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбага кўра, савдо мажмуаси раҳбари вилоят Миллий хавфсизлик хизматининг изоляторида ҳибсда сақланмоқда. Шунингдек, унга нисбатан жиноий иш қўзғатилгани айтилмоқда.

Хоразм вилоят Миллий хавфсизлик хизмати, вилоят Ички ишлар бошқармаси ва вилоят прокуратурасидан “Урганч савдо уйи”да ўтказилган рейд борасида бирор маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Хоразм вилоят Солиқ бошқармасининг Урганч шаҳар бўлими ходими, ўзини ошкор қилмаган ҳолда Озодликка айрим маълумотларни маълум қилди.

- ЦУМдаги олтин сотадиган тадбиркорларнинг айримларида тегишли ҳужжатлар бўлмаган. Уларнинг ишининг бир қисми солиқ билан ҳам боғлиқ. Кўпчилиги солиқ тўлашдан бўйин товлаган. Айримлари савдо уйи раҳбарияти билан келишган ҳолда тегишли ҳужжатларни олмасдан, ноқонуний равишда олтин савдоси билан шуғулланиб келганлар. Улар табиийки солиқ тўламаганлар. Уларнинг бошқа айблари ҳам кўп,- деди суҳбатдош.

Эслатиб ўтамиз, 16 июл куни қора ниқоб таққан махсус отряд “Урганч савдо уйи”да рейд ўтказган эди.

Воқеа гувоҳларига кўра, ниқобли отряд учта “Отайўл” автобуси ва битта Газел микроавтобусида келган, уларнинг барчаси автомат билан қуролланган бўлган.

Урганч тез тиббий ёрдам хизматидан олинган маълумотга кўра, 16 июл куни "Урганч савдо уйи"га иккита тез ёрдам машинаси юборилган ва ҳушидан кетиб қолган икки савдогар шифохонага ётқизилган.
XS
SM
MD
LG