Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:49

Мустақиллик “куйчи”лари


Мустақиллик тантаналари фақат хос одамлар даврасида ўтказилади.
Мустақиллик тантаналари фақат хос одамлар даврасида ўтказилади.

Мустақиллик байрами созандаю гўяндалар орасида ўз “ватанпарварлигини” намойиш қилиш учун йилда бир келадиган “пиар имконият” сифатида кўрилади.



Айни тўй сезони бўлса ҳам мустақиллик байрамида қўшиқ айтишга нойил бўлган ҳофизлар ҳеч қолдирмай репитицияларга боришади, дейди оммавий тадбирларда раққоса ва яккахон ашулачилар фаолиятини байроқча билан бошқариб турадиган Рустамжон исмли йигит.

- Мен баланд жойда туриб байроқча билан ишора қилиб, раққоса гуруҳлар навбатини ва қайси артистдан кейин қайсиниси чиқишини бошқариб тураман. Агар мен бўлмасам, бутун дастур издан чиқади, деб гапини давом эттиради Рустамжон.

Рустамжоннинг айтишича, байрам дастури худди гилам тўқилган каби олдиндан тўқилади. Дастурда халқ қўшиқлари, замонавий эстрада ва мумтоз мусиқанинг мутаносиб ҳолда бўлиши режаланган.

- Барча ҳофизлар ватанпарварлик темасидаги қўшиқлар билан келишади. Аммо сиëсий мавзудаги қўшиқни айнан ким айтиши юқоридан тайинланади, дейди Рустамжон.

Омон бўлсин сардорим

Ўзбекистон шимолидаги олис бир шаҳарчада истиқомат қиладиган 10 яшар бола “Омон бўлсин сардорим” деб қўшиқ куйлабди. Айтилишича, қўшиқ сатрлари боланинг тушида аëн бўлган.

Ўлмасдан, омон туриши тиланаëтган сардор – бу Ўзбекистон президенти.

Кейин билсак, бу боланинг отаси прокуратурада ишлар экан. Матн ҳам, қўшиқ учун клип ҳам маълум ҳақ эвазига кимларгадир қилдирилган. Биз ноëб талант деб ўйлаганимиз ҳолат оддий таъмагирлик ва хушомадгўйлик бўлиб чиқди.

10 яшар бола балки катталар ўйнаëтган ўйин қурбонидир, аммо бу боладан бир-икки кўйлак кўпроқ йиртган “ҳофизлар” ҳам айни йўналишда “ижод” қилмоқда.

Ана шундай куйчилардан бири Дилмурод Султонов ҳам мустақилликнинг 20 йиллигига янги қўшиқ яратди.

Қўшиқ авжида Дилмурод “Кўз тегмасин мустақиллик яратган имконларга” деб хониш қилади.

Нақорат эса мана бундай:

Тинч мусаффо осмонинг бор
Оқил доно султонинг бор
Ўзбекистон¸ Ўзбекистон.

Суҳбатдошимиз Рустамжон назарида “ватанпарвар” қўшиқларнинг матнлари жуда абгор.

- Илгари қўшиқ матнини Пўлат Мўмин, Туроб Тўла каби шоирлар ëзар эди. Ҳозир махсус қўшиққа матн ëзувчи тадбиркорлар бор. 100 долларга мустақиллик ҳақида қўшиқ матни ëзиб беришади. Шу тариқа ватан ҳақида, она ва дўст ҳақида ҳам матн буюртма қилса бўлади, дейди Рустамжон.

Рустамжонга кўра, ҳозир Тошкентда жиноят олами авторитетлари саналадиган Салим Абдувалиев ва Миродил Жалоловга бағишланган қўшиқлар қўл телефонларига кўчган.

- Хушомадгўй қўшиқлар айтиш эпидемия тусини олди, дейди Рустамжон.

Ўзбекистонлик таниқли хонанда Озода Нурсаидова Youtube.com порталига жойлаштирган видеомурожатида “Нега ҳофизлар мустақилик байрамидаги концерт финалида қўшиқ айтишни талашишади?” деб савол беради ва жавобни ҳам ўзи беради.

Бу концерт иштирокчиси олдида барча эшиклар очилади. Президент билан қўллашган ҳофизга “Ўзбекнаво” каттаси ҳам илтифот билан қарайди.

Омон бўлсин президентим

Мустақилликка бағишланган концертларда Каримов билан қўл бериб кўришган қўшиқчи Ирода Искандарова гапиради.

- Биласизми, у менинг қўлимни сиққанида, нафақат менинг¸ балки бутун халқнинг кайфияти кўтарилди. Илоҳим бахтимизга президентимиз омон бўлсин, умрлари узоқ бўлсин. Шундай гўзал Ўзбекистонда яшаб ўтирибмиз. Шундай президентимиз борлигидан фахрланаман. Биласизми, президент саҳнага чиқиб санъаткорнинг қўлини сиққани қанчалик бахт бу. Қанча киши орзу этади буни. Президентимиз илоҳий бир инсон бўлса ҳам бизнинг ҳар биттамиз билан сўрашади. Бу улкан бахт. Сўз билан тасвирлай олмайман, дейди Ирода Искандарова.

Ирода Искандарова келажакда президент Каримовга бағишлаб қўшиқ куйлаш ниятида эканини айтади.

Ҳарбий кийим ярашган қоматингиз хушбичим

Сержант Ирода Искандарова Ўзбекистон қуролли кучлари ансамбли солисти.

- Ҳозиргина Сурхондарëдан келдим. У ерда ҳарбийлар ва Миллий хавфсизлик хизмати зобитлари учун концерт бердик, дейди суҳбатдош.

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон мустақиллигининг 20 йиллигига бағишлаб айтган қўшиғи ўзбек зобитларига аталганини билдирди.

Сержант Ирода Искандарова “Офицерим" қўшиғидан бир парчани Озодлик учун хиргойи қилиб берди.

Эр йигитлар сардори, ватанимиз посбони.
Эл юртим номус ори, ғуруримиз арслони
Ҳарбий кийим ярашган қоматингиз хушбичим.
Кўплар сизга қарашган, сиз менинг азиз кишим
Меникисиз барибир офицерим азизим......

Халқ қўшиқлари ижрочиси бўлган Ирода Искандарованинг ҳарбий ватанпарвар қўшиқлар куйлаши Ўзбекистондаги қўрқув муҳити билан изоҳланади. Режимни сақлаëтган погонли ва милтиқли одамлар ҳақида куйлаш хавфсизроқ бўлса керак.

Жаҳон ичра буюк юртни катта достон қилмоқдамиз

Айни пайтда погонлиларнинг ўзлари ҳам Каримовга мақтовлар айтишмоқда.

Элим деб¸ юртим деб куйиб яшайсиз¸
Тинчлик таянчимиз ҳарбийлар¸
Хизматингга доимо шаймиз.

Ўзбекистон мустақилигининг 19 йиллигига бағишланган тантанада қўшиқ куйлаган ҳофиз Марат Ҳакимов Каримов ўтирган тарафга қараб баланд овозда опера услубида,

Сени асраб-авайлаш учун
Чин юракдан қилдик қасамëд, дея ҳайқиради.

Кейинги нақорат эса киноя каби янграйди.

Жаҳон ичра буюк юртни катта достон қилмоқдамиз¸
Замон келди, ватан бағрин гўзал бўстон этмоқдамиз¸
Гўзал бўстон этмоқдамиз.

Ҳамма рақсга тушсин

Бу йилги дастур ҳам ўтган йилдаги каби бўлади, дейди оммавий тадбирлар мутахассиси Рустамжон.

- Сир бўлса ҳам олдиндан айтиб қўяй. Бу йил ҳамма қатнашчилар, сенаторлар, ҳоким ва вазирлар рақсга туширилади. Каримовнинг ўзи эса Хоразм лазгиси чалинганида рақсга тушади, дейди Рустамжон.

Рустамжонни гапидан сўнг хаëлимга “Иван Васильевич ўз касбини ўзгартиради” киноси келди.

Филмдаги сохта шоҳ “Ҳамма рақсга тушсин!” деб буюради. Ҳамма рақсга тушганида эса¸ қўшинлар бош кўтариб сохта шоҳни қувлашга тушади.
XS
SM
MD
LG