Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:33

Олий Мажлис Ш. Мирзиёев ҳисоботидан қониқмади


Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев президент Ислом Каримов ташаббуси билан Олий Мажлисга берган илк ҳисоботидаёқ кескин танқидга учради.
Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев президент Ислом Каримов ташаббуси билан Олий Мажлисга берган илк ҳисоботидаёқ кескин танқидга учради.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Бош вазирнинг илк ҳисоботидан тўла қониқмагани ифодаланган қўшма қарорни эълон қилди.


ЎзА агентлиги чоп этган қарорда, дастлаб, Бош вазир Шавкат Мирзиёев етакчилигидаги ҳукумат 2011 йилнинг дастлабки олти ойи давомида демократик бозор ислоҳотларини амалга ошириш йўлида эришган муваффақиятлар саналган.

Жумладан, бозор иқтисодиёти ислоҳотлари ҳуқуқий базасини яратиш йўлида катта иш қилингани айтилган ва “Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида”, “Рақобат тўғрисида”, “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсатномаларни бериш тартиб-қоидаси тўғрисида”ги қонун лойиҳалари ишлаб чиқилиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилгани қайд этилган.

Шунингдек, Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш йўлида олти ой ичида 22 мингдан ортиқ кичик корхона ва 331 мингдан ортиқ ишчи ўрни яратилгани айтилган.

Аммо, қўшма қарорнинг асосий қисми Ўзбекистон ҳукумати йўл қўйган камчиликлар ва бажаролмаган вазифаларини санаб ўтишга ажратилган.

Хусусан, “Бозор иқтисодий ислоҳотлари ва мамлакатни модернизация қилиш йўлида янада илгарилаб бориш бўйича ҳукумат томонидан олиб борилаётган иш ҳозирча мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида қўйилган талабларга жавоб бермайди, жорий йил учун тасдиқланган “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили” Давлат дастури эса белгиланган муддатлардан жиддий равишда орқада қолиб амалга оширилмоқда”, дейилади қўшма қарор матнида.

Айниқса, давлат ва назорат органларининг тадбиркорлик субъектлари молиявий-хўжалик ишларига ноқонуний равишда аралашганига оид ҳолатларга “тоқат қилиб бўлмаслиги” тилга олинган.

Иқтисодни диверсификация қилишга оид вазият эса “ўта жиддий эътибор” талаб қилаётгани ва бу соҳада Навоий иссиқлик электр станцияси, “Ўзэлтехсаноат”, “Ўзбекнефтгаз”, “Ўзбекэнерго”, “Ўзкимёсаноат” каби ширкатларнинг фаолияти талаб даражасидан ортда қолаётгани “ташвишга сабаб бўлаётгани” ҳам таъкидланган.

Шу каби яна кўплаб хавотирли камчиликларни санаб ўтган Олий Мажлис ўз қўшма қарорида Шавкат Мирзиёев етакчилигидаги ҳукуматнинг кейинги ишларига оид қатор тавсияларни киритган ва бу тавсияларнинг аксариятида Ўзбекистон ижроия ҳокимияти органлари зиммасига юклатилган вазифаларнинг ижроси устидан кескин назорат ўрнатиш зарурати борлиги айтилган.

Эслатамиз, шу йил 15 июл куни Бош вазир мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор Олий Мажлиснинг ялпи мажлиси олдида ҳисобот берди.

Бу Ўзбекистон президенти ташаббуси билан 2010 йил ноябр ойида киритилган ташаббусга мувофиқ Ўзбекистонда Конституциянинг 78-моддасига қўшимчалар киритилганидан сўнг содир бўлди.

Мазкур ўзгартишларга мувофиқ, Ўзбекистон парламентининг қуйи ва юқори палаталарига мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий долзарб масалалар бўйича Бош вазир ҳисоботини эшитиш ва уни муҳокама қилиш ваколати берилган эди.

Бош вазир Шавкат Мирзиёев парламентдаги илк ҳисоботи тингланган кездаёқ парламент депутатлари томонидан танқид қилингани хабар қилинган эди.

Жумладан, парламент депутатларидан бири қатор конкрет масалалар, жумладан, ҳар йили 1 миллионга яқин одамнинг иш билан таъминланиши расман айтилсада, аслида ишсизлик кўрсаткичининг юқори даражада қолаётганини бош вазир юзига солган эди.

Олий Мажлисда бош вазир ҳисоботини тинглаган сенатор Светлана Ортиқова Озодликка Мирзиёевнинг депутатлар томонидан танқид қилинганини "Олий Мажлис аъзолари Бош вазир ҳисоботларига танқидий ёндошишга ҳамда уни сўроққа тутишга тайёр"лиги билан изоҳлаган эди.
XS
SM
MD
LG