Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:34

Ш.Мирзиёевнинг парламентдаги илк ҳисоботи танқид қилинди


Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёевни қарийб ёлғон ҳисобот берганликда танқид қилгани айтилаётган депутат аёлнинг исми ҳозирча ошкор қилинмади.
Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёевни қарийб ёлғон ҳисобот берганликда танқид қилгани айтилаётган депутат аёлнинг исми ҳозирча ошкор қилинмади.

Бу танқид ортидан Бош вазирнинг сиёсий саҳнадан олиб ташланиши устидаги баҳслар янада қизиб кетди.

Ўзбекистон расмий ахборот воситалари 15 июл куни Олий Мажлиснинг икки палатаси аъзолари иштирокида ўтган қўшма йиғилишда Бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг ҳисобот бергани ва бу ҳисобот мамлакатда олиб борилаётган демократик бозор ислоҳотлари, иқтисодни либераллаштириш каби масалаларда бўлганини хабар қилган эди.

Расмий хабарларда ҳукуматнинг ютуқлари саналган ушбу ҳисобот депуптатлар томонидан танқид қилингани ёки Бош вазир Мирзиёев саволга тутилгани ҳақида айтилмаган эди.

Аммо, шу кунларда айрим интернет нашрлари, жумладан, Uzmetronom сайти қўшма мажлисда депутат аёллардан бири Бош вазир ҳисоботидан сўнг минбарга чиқиб, бир неча жиддий муаммолардан гап очгани ва Бош вазирга саволлар билан юзланганини ёзмоқда.

Uzmetronomнинг айтишича, депутат аёл бир қатор конкрет масалалар, жумладан, ҳар йили 1 миллионга яқин одамнинг иш билан таъминланиши расман айтилсада, аслида ишсизлик кўрсаткичининг юқори экани; илғор, дея расмий ҳисоботларда номи келтирилаётган фермерларнинг текширув жараёнида аслида ҳаётда мавжуд эмаслиги аниқлангани; вилоятларда мактабларнинг компютерлаштирилгани ҳақидаги расмий маълумотлар ҳам ҳақиқатдан йироқ эканини тилга олган.

Буни хабар қилар экан Uzmetronom сайти ҳам, бошқа манбалар ҳам депутат аёлнинг исмини келтирмаяпти.

Ўзбекистонлик журналистлардан бири ҳам бу хабарни тасдиқлар экан, бу аёлнинг Ўзбекистон Халқ демократик партияси аъзоси экани ҳақидаги норасмий маълумотларни қўшимча қилди.

Маълумки, Ўзбекистон Бош вазирининг парламент икки паластаси олдида ҳисоб бериши илк бор содир бўлмоқда ва бу тартиб 2010 йилнинг ноябр ойида президент Ислом Каримов киритган ташаббус натижасида жорий этилган.

Ҳисобот арафасида Озодликка сўзлаган сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов қўшма мажлисда Бош вазирнинг шу вақтга қадар бу минбарда президент ўқиган маърузалар руҳини давом эттирадиган контекстда нутқ сўзлаши ва унга расмиятчилик учунгина саволлар берилиши мумкинлигини тахмин қилган эди.

Сиёсатшуноснинг эндиги тахминича, 15 июл кунги қўшма йиғилишда акс этган манзара Бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистонда нуфузини оширишга қаратилган ва бу президент Ислом Каримов назорати остида амалга оширилган.

- Чунки, Ўзбекистон парламентаризмида ижроия ҳокимиятга савол бериш ва ундан жавоб талаб қилиш тажрибаси мавжуд эмас. Менимча, бу президент ёки бошқа амалдорлар томонидан айтилганми, шу йўл билан ХДПдан бир депутат танланган ва у орқали имитация қилинган, деб ўйлайман.

Ўзбекистон сиёсий элитасида Каримов ўзига ўриндош танлаб бўлган ва бу Шавкат Мирзиёев, деган фикр шакллангани айтилади. Зеро, кейинги пайтларда Шавкат Мирзиёевнинг ўзига кадр, команда ва молиявий ресурслар йиғиши учун шароит яратиб берилди, - дер экан ўзбекистонлик сиёсатшунос Камолиддин Раббимов парламентда гўёки демократик муҳит мавжудлигини кўрсатиш орқали Бош вазирнинг нуфузини ошириш ҳам аслида уни парда ортидан бошқариб турадиган президент Каримов манфаатларига хизмат қилишини урғулайди.

Озодликка микрофонсиз сўзлаган ўзбекистонлик журналистлардан бирининг айтишича, Раббимов тилга олган тахминда жон бор.

- Бош вазирнинг нуфузи тушиб бораётгани ҳақидаги гаплар асоссиз, деб ҳисоблайман. Ташқаридан унинг нуфузи тушиб бораётгандек, гўёки, у лавзимидан олинадигандек манзара ташкил қилинаётган бўлса-да, аслида унинг роли мустаҳкамланиб бораяпти. Республика ижро структураси унинг мутлоқ назорати остида, - дейди маҳаллий журналистлардан бири.

Бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг бугунги нуфузи ва унинг теграсидаги муҳитни кузатиб бораётган мухолифат етакчиларидан бири, “Эрк” демократик партияси етакчиси Муҳаммад Солиҳ эса бу фикрларни қувватламайди.

Унинг фикрича, бу Шавкат Мирзиёевни сиёсий саҳнадан олиб ташлаш учун ташланган биринчи жиддий қадам.

- Бу нарса бугунги Ўзбекистон парламентида ғаройиб бир нарса. Ўзбекистон парламенти ҳеч қачон баҳс-мунозарага саҳна бўлмайдиган парламент. Айниқса, Мирзиёев даражасидаги шахсга қарши гапириш бу жасорат ва бу ҳам изн олиб қилинадиган жасоратдир.

Ўйлайманки, бу Мирзиёевга қарши биринчи зарба ва Мустақиллик байрамидан кейин унинг кетиши учун тайёрланаётган заминнинг биринчи ғишти ўша аёлнинг чиқиши, деб ўйлайман, - дейди Муҳаммад Солиҳ.

Шу тариқа, 15 июл куни Ўзбекистон Олий Мажлиси икки палатаси қўшма йиғилишида содир бўлган, аммо расмий хабарларда акс этмаган манзара – Бош вазирнинг ҳисоб бериши-ю, кейин унинг депутат томонидан танқид қилиниши ушбу вазиятни кузатаётганлар ўртасида тузуккина баҳс бўлмоқда.

Бу баҳсда иштирок қилаётганлар орасида, шунингдек, бу — Ўзбекистонда ҳукуматнинг демократиявий эканини иддао қилиш учун уюштирилган бир манзара, холос ва унинг оқибатлари, мисол учун, Шавкат Мирзиёевнинг ишдан олиниши ёки унинг президентга ворис сифатида танлангани ҳақида гапиришга мутлақо асос йўқ, деган фикрни таъкидлаётганлар ҳам бўлмоқда.
XS
SM
MD
LG