Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:19

Oxus Gold Тошкент ҳукуматини халқаро судга бермоқчи


Британиянинг Oxus Gold ширкати Ўзбекистон ҳукумaтини халқаро арбитраж судига бермоқчи.

Ўтган ойда Oxus Gold ширкати Ўзбекистон ҳукумати билан тузилган “Amantaytau Goldfields” (AGF) қўшма корхонасидаги 50 фоизлик улушини ўзбек ҳамкорларига сотиш қарорини эълон қилган эди.

Бироқ қўшма корхонанинг қолган 50 фоизига эгалик қиладиган Ўзбекистон ҳукумати улушларини тортиб олиш ниятида эканини пайқаган Oxus Gold ширкати “Amsterdam & Peroff LLP” адвокатлик фирмасини ёллаб, ўзбек ҳамкорлари билан халқаро арбитраж судида орани очиқ қилиш йўлини танлади.

“Улушимизни сотиш ҳақида эълон қилганимиздан кейин Ўзбекистон Молия вазирлиги тайинлаган аудит комиссияси томонидан “Amantaytau Goldfields” корхонасининг молиявий ва иқтисодий фаолиятига доир кенг қамровли аудит текширувлари бошланди”, дейилади Британия ширкати тарқатган баёнотда.

Унда айтилишича, расмий комиссия қўллаётган усуллардан аудитнинг холис ниятда эмас, балки “Amantaytau Goldfields” корхонасини йўқ қилишга қаратилгани яққол кўриниб турибди.

Ўзбекистонда 1998 йилдан бери олтин қазиш билан шуғулланиб келадиган Oxus Gold ширкати бу мамлакатда биринчи марта муаммоларга дуч келаётгани йўқ.

Хусусан, 2006 йилда Ўзбекистон ҳукумати Oxus Goldни солиқдан бўйин товлаганлик айби билан судга берган эди.

Британия ширкати президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага тегишли экани айтилган собиқ "Зеромакс" ширкатига 16 фоиз акцияларни хатлаб бериш эвазига Ўзбекистон судида ғолиб чиққан эди.

Ўшандан кейин собиқ "Зеромакс" директори Миродил Жалолов ҳатто Oxus Gold бошқарувчилар кенгаши аъзолигига қабул қилинган эди.
Ўтган ойда ширкат Жалолов кенгаш аъзолигидан истеъфо берганини эълон қилди.

Миродил Жалоловнинг ҳозирда Ўзбекистон расмийлари томонидан ҳибсга олингани айтилади.

Британиянинг Oxus Gold ширкати олтин қазиш ишлари билан Ўзбекистоннинг марказий Қизилқум конларидагина шуғулланиб келган ва бошқа мамлакатларда лойиҳалари йўқ.

2010 йилда “Amantaytau Goldfields” қўшма корхонаси қазиб олган олтин миқдори 300 минг унция, яъни 9 тоннадан ортиқроқни ташкил этган.
XS
SM
MD
LG