Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:49

Ўзбекистон Oxus Gold акцияларини сотиб олмоқчи


Ўзбекистонда олтин қазиб олиш билан шуғулланиб келган Британиянинг Oxus Gold ширкати ўз ҳисобидаги 50 фоизлик улушини давлатга сотиш борасида сўзлашувга эришган. Ширкат расмийсининг Озодликка айтишича, ҳозирда гап акциялар нархини белгилашда қолган.


Oxus Gold ширкатининг жамоатчилик билан ишлаш бўлими расмийси Эд Портманнинг Озодликка айтишича, ширкат делегацияси бир ҳафта муқаддам Тошкентда музокаралар ўтказган ва бу масала юзасидан умумиятла қарорга келинган.

Сўзлашувлар натижасида Ўзбекистон ҳукумати ва Oxus Gold ширкати ўртасида тузилган “Amantaytau Goldfields” қўшма корхонасининг Британия ширкатига тегишли 50 фоизлик акциясини ҳам Ўзбекистон томонига сотишга қарор қилинган.

Аммо ҳозирча нархлар бобида бир келишувга эришилмагани боис¸ Эд Портманга кўра¸ ширкат Ўзбекистонни тарк этмоқда, дея комил ишонч билан айтишга ҳали эрта.

- Мен фақатгина “Amantaytau Goldfields” қўшма корхонасидаги 50 фоизлик акцияларимизни Ўзбекистон томонига сотиш бўйича дастлабки музокаралар бошлангани ҳақидаги маълумотни тасдиқлашим мумкин. Ширкат тарқатган пресс-релизда бу масала хусусида принципда бир қарорга келингани, аммо нарх устида келишувга эришилмагани айтилган. Ҳозирда ҳам ҳиссадорлар¸ ҳам Oxus Gold¸ шунингдек Ўзбекистон қарашларини инобатга олинган ҳолда нарх белгилаш бўйича сўзлашувлар бораяпти, деди Эд Портман.

Oxus Gold ширкати вакили Ўзбекистондаги ўз шўъба корхонаси акцияларини сотиш қарори сабаблари ҳақидаги саволга:

- Мен бу ҳақда ҳеч нарса дея олмайман. Бу жамоатчилик учун очиқланмайди, дея қисқа жавоб қайтарди.

Маълумотларга кўра, 2010 йилда “Amantaytau Goldfields” қўшма корхонаси йилига қазиб оладиган олтин миқдори 300 минг унция, яъни 9 тоннадан ортиқроқни ташкил этган.

Ўтган йили ноябр ойида Хитой ширкатининг “Amantaytau Goldfields” Ўзбекистон-Британия қўшма корхонасининг Марказий Қизилқум конларида олтин қазиб олиш ишларини такомиллаштириш лойиҳасига 185 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя киритишга дастлабки розилик бергани ҳақида хабар тарқалган эди.

Эд Портман ўша пайтда Озодликка берган интервюсида ширкатнинг Ўзбекистондаги қўшма корхонада бўлган улуши эвазига берилиши кутилаётган бу сармоя борасида якуний қарор ушбу лойиҳа Хитой ҳукуматининг уч босқичли тасдиғидан ўтгандан кейингина қабул қилинишини айтган эди.

- 2010 йилнинг 31 декабр кунида бу молиявий келишув бўйича музокаралар натижасиз якунланди, деган Эд Портман бунинг Oxus Gold ширкатининг Ўзбекистонни тарк этиш ҳаракати билан алоқаси бор-йўқлигига ойдинлик киритмади.

Oxus Gold ширкати 1998 йилда Ўзбекистон ҳукумати билан “Amantaytau Goldfields” қўшма корхонасини тузиш бўйича келишувни имзолаганидан бери Қизилқумда олтин қазиш билан шуғулланиб келаётган эди.

Андижон воқеаларидан кейин, 2006 йилда Ўзбекистон ҳукумати Oxus Gold ва мамлакатдаги олтин конларини ўзлаштириш билан шуғулланиб келган яна бир хорижий ширкат – АҚШнинг Newmont Mining ширкатларини солиқдан бўйин товлаганлик айби билан судга берган эди.

Ўшанда Newmont Mining Ўзбекистон ғазнасига 48 миллион АҚШ доллари миқдоридаги солиқни тўламагани ваъжидан ширкатнинг “Зарафшон-Нюьмонт” қўшма кохонасидаги улуши тортиб олинган эди.

Бироқ америкаликлардан фарқли ўлароқ, Oxus Gold ширкати Ўзбекистондаги судда ғолиб чиққан. Бунинг эвазига Британия ширкати ўша пайтда президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнорага тегишли экани айтилган собиқ "Зеромакс" ширкатига 16 фоиз акцияларни хатлаб беришга мажбур бўлган эди.

Бироқ ўшандан бери Швейцарияда рўйхатга олинган, лекин бутун фаолиятини Ўзбекистонда олиб борган "Зеромакс" ширкати тугатилиб, унинг активлари Ўзбекистон ҳукумати томонидан мусодара қилинди.

Oxus Gold ширкати расмий баёнотида “Amantaytau Goldfields” қўшма корхонаси директорлар кенгашининг ноижрочи директорлари бўлган Миродил Жалолов ва Жэймс Макбернларнинг истеъфо бериши хабар қилинган.

Oxus Gold ширкати бошқарув кенгаши аъзоси ва "Зеромакс" ширкатининг собиқ ижрочи директори Миродил Жалоловнинг ҳозир қаерда экани номаълум қолмоқда. Норасмий манбаларнинг Озодликка билдиришича¸ Жалолов қамоққа ташланган.

Oxus Gold вакили Эд Портман на "Зеромакс", на Миродил Жалолов тақдири ва на унинг ширкатдаги бугунги ўрни борасида изоҳ беришдан бош тортиб келмоқда.
XS
SM
MD
LG