Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:52

Бобомурод Ҳамдамов 70 ëшда


1940 йил Аму лабидаги кун ва сув бир-бири билан тиллашадиган Лебоб шаҳрида туғилган Бобомурод Ҳамдамов 70 ëшга кирди. 17 декабр куни Тошкентда Бобомурод ака элга ош бериб, бу санани ўзи нишонлашга қарор қилди.



“Бу сана баҳона қўшиқларим тартиб берилган диск чиқараман. Шунақа қилиб қўшиқларимни тарқатмасам, бошқа йўл йўқ. Бизга телевидениега йўл ëпиқ”, дейди таниқли санъаткор.

- Биз ўзимиз диск чиқарамиз. Бозорларда сотилади, дейди Бобомурод Ҳамдамов.

Бундан олдин Бобомурод Ҳамдамов ўз 70 йиллик тўйини ўзи туғилган Туркманистонда ва санъаткор бўлиб етишган Хоразмда ҳам нишонлаган эди. Ўзи бундай тадбирларни Ўзбекистон Маданият вазирлиги уюштириши вожиб эди. Улар бизни унутган, дейди ҳукумат назаридан қолса ҳам эл ҳурмати ва эътиборидан тушмаëтган санъаткор.

- Йўқ, уларнинг ҳозир иши йўқ ҳеч ким билан, дейди Бобомурод Ҳамдамов.

Кўтарма кранчидан чиққан ҳофиз

Бобомурод Ҳамдамов ўрта мактабдан кейин кўтарма кранчилар тайëрлайдиган қисқа курсни ўқиб қурилишга ишга кирди. Қурилиш ўртасида қад кўтарган улкан кранни бошқараëтган хушбичим ëш йигит қўшиқ айтишга ҳавасманд эди.

Ўша пайтда урф бўлган ҳинд киноларидаги қўшиқларни кран кабинасида ўтириб бекаму кўст куйлар экан, Бобомурод Ҳамдамовнинг овози олисларга таралди.

Қурилишдаги ғишт терувчилар, бетончилару ҳайдовчилар ишларини қўйиб Раж Капур филмидаги “Оввораман” қўшиғига қулоқ беришди.

Сеҳрли қўшиқ совет зарбдор қурилишини фалаж ҳолга келтирди. Бундан ғазабланган прораб Бобомурод Хамдамов олдига ултиматум қўйди. “Сен ë кран ҳайда, ë қўшиқ айт” дейилди.

Бобомурод Ҳамдамов қўшиқчиликни танлади.

Уста ва шогирд ҳикояси

Ўша пайтда Амударëнинг икки соҳилида ҳам Комилжон Отаниëзовдан довруқлироқ ҳофиз йўқ эди. Ўша пайтда ëшгина ўсмир бўлган Бобомурод Ҳамдамов Комилжон Отаниëзовнинг олдига бориб “Мен ҳофиз бўлмоқчиман” деди.

Кўпни кўрган ҳофиз “Қани бир қўшиқ айтчи” деганида, Бобомурод Ҳамдамов “Дайди” филми қаҳрамони тилидан ҳиндча қўшиқ айтди.

"Олдин ўзбекча қўшиқ айтишни ўрган", деб дакки берган экан ўшанда Комилжон Отаниëзов.

Бу ҳикоянинг турли талқинлари бор. Ана шундай талқинлардан бирини Комилжон Отаниëзов билан 60-йилларда бир мусиқий таркибда юрган Аҳмаджон ака эслайди.

- Комилжон ака Чоржўйга ўзининг концерт гуруҳи билан борган пайтида, шунда айтган “Бошқа бир одам бор бу ерда. Сизни илоҳийдан устоз деб ҳисоблайди. Сизнинг фотиҳангизни олмоқчи. Сизга шогирд тушмоқчи” деб Комилжон акага бошқа бир одам айтган. Комилжон ака “чақир” деган. Кейин Бобомурод ака келибди. “Сен қанақа ашула айтасан?” деса, “Мен ҳиндча ашула айтаман” деган. Кейин Комилжон ака “Сен аввал ўзбекча қўшиқларни айт. Кейин айтаверасан бу ҳиндча қўшиқни. Майли қани бир айтчи” дебди. Кейин шу ерда қўшиқ айтган. Комилжон ака кейин “Сени тарбияласа одам бўласан экан” деб шундан кейин ўзининг тарбиясига олган¸ деб эшитганман мен, дея ўз эсдаликлари билан ўртоқлашади Аҳмаджон ака.

Бобомурод Ҳамдамовнинг қўшиқчиликка қадам қўйган даври ҳақида таниқли ҳофиз Ортиқ Отажонов эслайди.

- Комилжон устанинг олдига мен борганимда, Бобомурод акалар Чоржўйдами Тошҳовуздами юрган бўлса керак, мендан 7 ëш катта Бобомурод ака. Мана 70 йиллигини ўтказди Урганчда. Мана 17 декабр куни Тошкентда дўст-ëрларга чой берди. Туркманистонда туғилиб ўсиб, Комилжон устанинг санъати билан шунчалик мартабага эришиб, уста айтган қўшиқларни ҳоли етганча халқимизга манзур қилиб, ўзбек-туркман ўртасида бўлган дўстликка ўзининг ҳиссасини қўшаяпти. Бобомурод ака ҳинд қўшиқларини ҳинд ашулачиларидан ҳам зўр қилиб ҳинд халқига маъқул қилган. Худо берган ажойиб овоз соҳиби.

Бу инсонни 70 йиллиги билан табрикладик. Яна табриклаймиз. Ижодига улкан барака тилаймиз. Халқимизнинг бахтига, санъатсевар, қўшиқсевар халқимизнинг бахтига соғ-саломат бўлсинлар. Яшасин ўзбек-туркман дўстлиги. Шу дўстликка ким санъати билан ўз ҳиссасини қўшиб турган бўлса, яхши гап-сўзлари билан қўшиб турган бўлса, ҳамиша барака топсион, соғ-саломат бўлсин.

Озодлик: Ортиқ ака, мана сиз у киши билан кўпинча бирга бўлгансиз. Бобомурод ака билан боғлиқ қизиқ воқеалар бўлганми?

- Бобомурод ака энди ëши катта одам. Мен Тошкентда ишлаганман. У киши олдин Комилжон аканинг Тошҳовузда қилинган ансамблида ишлаган. Кейинчалик шу ерда раҳбар бўлиб қолди. Кейин Хоразмда филармония очилди. Шу ерда Комилжон устанинг ишини давом қилдирди. Биз фақат концертларда, тўйларда, катта-катта пахта байрамларида учрашиб турар эдик.

Озодлик: Комилжон ака “Сен ҳиндча эмас¸ ўзбекча қўшиқ айтгин” деб дакки берган деган гап юради. Қандай бўлган бу нарса?

- Биз ëш пайтларимизда ҳамма ëқда ҳинд қўшиқлари, ҳинд кинолари кириб келди. Шарқона бўлгани учун ҳинд кинолари, ҳинд санъати ўзбекларни, Туркманистондаги ўзбекларни қойил қолдириб келган. Айниқса¸ Раж Капурнинг филмлари, қўшиқлари. Бобомурод акамнинг овози ҳиндчага яқин бўлгани учун бошда ҳинд қўшиқларини айта бошлаган. Касб қилишни балки ўйламагандир ҳам, лекин ëшлигидан ҳинд қўшиқларини кўп айта бошлаган.

Кейинчалик Комилжон устанинг қўшиқларини эшитиб, устоз Чоржўйга борганда ëнларига боргандир. Мен биламан 1962-1963 йиллардан Бобомурод ака устанинг ëнига келиб, байрамларда битта-яримта ашула айтиб юргани эсимда. Кейинчалик ансамблда яккахон хонанда бўлиб иккита-учта ашула айтар эди. Хоразм қўшиқларини маъқул қилиш учун Хоразмда туғилиб ўсиш бошқача бўлади.

Бобомурод акам Туркманистонда туғилиб ўсган бўлгани учун устоз балки айрим қўшиқларга камчиликларини топиб, шунга дакки бериб айтгандир. “Қунт билан ўрган. Яхшилаб ҳаракат қилсанг, яхши бўлади. Чунки овозинг бор” деган бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам Бобомурод ака мана қўлидан келгунча Хоразм қўшиқларини халқимизга маъқул келадиган даражада айтиб келаяпти. Ëмон эмас¸ жуда яхши. Хурсандмиз, дейди Ортиқ Отажонов.

Ўтган асрнинг 70- йилларида Бобомурод Ҳамдамовнинг санъат осмонида юлдуз бўлиб порлаган дамлари бўлди. Пахта режаларига бағишланган жонли телеконцертларнинг исталган меҳмони эди Ҳамдамов.

Яна Аҳмаджон ака ҳикоясига қулоқ берсак.

- Менинг эсимда бор. 70-йиллар атрофида эди. Бобомуроднинг яхши чиқиб юрган вақтлари. У пайтларда ҳар бир вилоят давлат режасини бажарган пайтларда концерт берар эдилар телевизорда. У пайтлардаги телевидениедаги концерт тўғридан-тўғри эфирга берилар эди. Андижон тўлган пайтида Бобомурод чиқиб бир ашула айтди. Шу ашула айтганда обкомнинг секретаридан тортиб машҳур одамларнинг ҳаммаси ўтирди. Шунинг ичида бир бригадир бор экан. Этик кийиб четдаги столда ўтирган экан. Бобомуроднинг ашуласига жуда берилиб кетдида у. Буни Бобомурод ҳам сезиб қолди. Оператор ҳам шунга кўпроқ эътибор берди ўхшайди. Шунда айтаëтган ашуласи ҳам эсимда. Шунда “Сарвиравоним галади, оромижоним галади” деган ашула эди. Шундай ўтириб курсидан ағдарилиб тушса бўладими. Ҳамма кулиб юборди. Шунда Бобомурод ҳам кулиб юборган шунга, дея эслайди Аҳмаджон ака.

Тошкентлик Мукеш

Бобомурод Ҳамдамов юрагига чўғ ташлаган нарса Раж Капур рол ўйнаган ҳинд филмидаги Мукеш Чанд Матхур ижро этган қўшиқлар эди. Раж Капур Тошкент фестивалига келган 1976 йили Мукеш АҚШда оғир хасталик боис оламдан ўтган эди. Бобомурод Ҳамдамов билан танишгач, Раж Капур “Мукешни Америкада йўқотиб¸ Тошкентда топдим” дейди. Раж Капур мен билан биргаликда "Мери жуппа ҳиндистоний" дея куйлаган дамлар ҳаëтимнинг энг масъуд дамлари эди¸ деб эслайди Бобомурод Ҳамдамов.

Яна Аҳмаджон ака гапиради.

- Ҳар ким бир қирраси билан чиқиб қолар экан. Шу пайтда ҳинд ашулаларини Бобомуроддай қилиб айтадиган одам бўлмаганми ëки у одам ашула айтишни шундан бошлаганми, эсингизда бўлса, Ҳиндистон фестивали бўлди Тошкентда. Менимча, бу 1968 йилда бўлса керак. Ўзбекистон меҳмонхонасида учрашди. Бизлар ҳам бордик. Шунда Раж Капур билан Бобомурод Ҳамдамов қучоқлашиб ашула айтишди. Бир неча марта телевизорда ҳам берди. Раж Капур Бобомуроддан жуда хурсанд бўлган. Кейин уни Ҳиндистонга ҳам чақирди¸ шекилли, дейди Аҳмаджон ака.

Туркманбоши, Юртбоши ва ҳофиз

Ўзбекистон президенти Каримов Туркманистонга қилган иккала сафарида ҳам ўзи билан бирга Бобомурод Ҳамдамовни олиб кетди. Туркманларнинг туркманбошиси ўзбекларнинг юртбошисидан кўра Бобомурод Ҳамдамовга кўпроқ иззат-икром кўрсатгани Оқсарой таъбини тирриқ қилгани ҳақида ҳам гаплар юради. Бобомурод Ҳамдамовга туркманбоши тарафидан кўрсатилган иззат-икромга рашк қилган юртбоши "Бобомурод ака, сиз ўзи ойликни қаердан оласиз" деб кесатганини ўша сафарда бирга бўлганлар ҳикоя қилиб юришади. Мустақиллик даврида Бобомурод Ҳамдамовнинг ойнаи жаҳондан ғойиб бўлгани шу билан изоҳланади.

- Бориб келдим. Уч йил бўлди шекилли унга.

Озодлик: Ундан олдин биринчи мустақиллик пайтларида ҳам бордингиз-а?

- У пайтларда ҳам Каримов билан бордим.

Озодлик: Сизга Каримовнинг, Туркманбошининг муносабати қандай эди?

- Яхши, ҳаммаси яхши. Мен билан ҳаммаси ажойиб, дейди Бобомурод Ҳамдамов.

Бобомурод Ҳамдамов ўз таввалуд кунини давлат ëрдамисиз ўзи нишонламоқда. Янги қўшиқлар устида ишламоқда.

- "Ҳаззатамиз" деган қўшиқлар чиқди. Кайфуем деган қўшиқнинг ўзбекчасида бу, дейди Бобомурод Ҳамдамов.

Бизда инсон қадри ҳам аввалгиларга ўхшамас

Бобомурод Ҳамдамов каби ўзбек мумтоз мусиқаси дарғасининг ҳукумат эътиборидан четда қолаëтганини Аҳмаджон ака мана бундай изоҳлади.

- Шу масалада менинг ҳам юрагим оз-моз оғрийди. Негаки Ортиқ, Бобомурод ака деган одамлар халқнинг севган одамлари. Бундай олиб қараганда ҳозирги замон санъатининг даҳолари булар. Булар сиëсатни қўллайдиган ашулалар кам айтган ëки айтмаган. Халқ севса уларни, сиëсатга аралашмаса. Яшасин режим¸ деб ашула айтмагани учун бу. Бунинг бошқа бир сабаби йўқ. Биттагина Ортиқ эмас, Феруза ҳам, Шерали ҳам, номдор ашулачиларнинг кўпчилигига бўлган бу. Радиода, телевизорда кутамиз, жуда кам эшитамиз шу одамларни. Менимча, уларнинг биргина айби шу. Режимни қўллаб-қувватлаб қўшиқ айтмагани учун бўлса керак. Бошқа баҳонаси йўқ уларнинг. Режимнинг маддоҳлари эмас улар, дейди Аҳмаджон ака.

70 ëшни қаршилаган Бобомурод Ҳамдамов ўз мухлислари қутловига Озодликдан туриб жавоб берди.

- Қаерда бўлса ҳам омон бўлсинлар¸ дейман. Ҳаммасига оилавий бахт тилайман. Мана телефон қилиб, қўшиқларни сўраб, сиëсатдан сўрамасдан фақат қўшиқлардан сўрадингизлар. Мен жуда хурсанд бўлдим¸ сизларнинг телефон қилганларингизга,. Раҳмат сизларга. Шу мухлислар учун айтаман мен қўшиқларни. Мухлислар ўргатади менга. Тўйларга борсам сўрашади бу қўшиқни, у қўшиқни айтинг деб. Бизнинг бахтимиз бу. Мухлислар учун машқ қилиб турибман. Ҳар ким ҳар хил одамнинг ашуласини яхши кўради. Биров уни, биров буни. Мен ўзим раҳматли Комилжон акани ва Мукешни яхши кўраман. Шуларнинг қўшиқларини мен кўп эшитаман, дейди Бобомурод Ҳамдамов.

Бобомурод ака суҳбат сўнгида Маҳтумқулидан хиргойи қилди.

Ҳарнинг иши ҳардир, дўстлар,
Минг мақтасанг, отча бўлмас.
Бад аслга амал тегса,
Билинг, асл зотча бўлмас.

Фоний дунёга инонманг,
Олтин-кумушга қувонманг,
Кўнгилсизга кўнгил берманг,
Бир туққан зурёдча бўлмас.

Кўп йўлларни кўрса кўзинг,
Ҳар маънидан билсанг ўзинг,
Бир нодонга айтган сўзинг
Эсиб кетган бодча бўлмас.

Бошинг ёстиққа етганда
Сабру қарор бўлмас сенда,
Кучинг-қувватинг кетганда
Ўғил-қизинг ётча бўлмас.

Маҳтумқули, ажаб чоғлар,
Кимдир кулар, кимдир йиғлар,
Турли мева берган боғлар
Соврилар, Жаннатча бўлмас!
XS
SM
MD
LG