Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:30

20 йил - Катта ўйиндаги кичик пиёда


Тоҳир Йўлдошнинг Наманганда мухташам бошланган исломий кураш ҳикояси олис Покистон тоғларида ғамгин ниҳоя топди.
Тоҳир Йўлдошнинг Наманганда мухташам бошланган исломий кураш ҳикояси олис Покистон тоғларида ғамгин ниҳоя топди.

16 август куни Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ўзининг кўп йиллик йўлбошчиси Тоҳир Йўлдош бир йил аввал ҳалок бўлганини тан олди. Ўзбекистоннинг кейинги 20 йиллик тарихи Ислом Каримов билан исломий ҳаракатларнинг қаршилик тарихи сифатида, кўрилади.


Бундан 20 йил олдин Ўзбекистонда исломий ҳаракатнинг илк куртаклари кўрина бошлади.

Бир томондан Горбачёв яратган эркинлик ва ошкоралик, иккинчи томондан ўша пайтдаги Ўзбекистон комфирқаси котиби Раъно Абдуллаеванинг исломга қарши бутун Ўзбекистонда ва асосан Фарғона водийсида олиб борган кескин тадбирлари исломий кайфиятнинг кучайишига сабаб бўлгани айтилади.

Чўкаëтган Совет империяси ҳудудларида тарқалган ўғрилик, талончилик, ички ишлар ходимларининг коррупцияга ботгани, мулозимларнинг лоқайдлиги ҳам кишилар қалбида исломий адолат истагини уйғотди, деб эслайди ўша йиллардаги норасмий сиëсий ҳаракатлар фаоли Носир Зокир.

- Ўғрилик, жиноятчилик, порахўрлик урчиб турган бир мамлакатда бирданига бир гуруҳ одамлар чиқиб, исломий гуруҳлар чиқиб ҳалиги нарсаларни йўқотгандан кейин одамлар кўчага велосипедини ҳам, машинасини ҳам қўйиб кетаверадиган бўлган,- дея эслайди Носир Зокир.

80-йиллар охири ва 90-йиллардаги Наманганнинг сиëсий заминидан албатта бирор бир диний етакчи ўсиб чиқмоғи муқаррар эди. Афғонистон жанггоҳларида тобланган 24 яшар Тоҳир Йўлдош ўша давр одамларининг адолат истаги етиштирган лидер эди, дейди яна суҳбатдош.

- Қайта қуриш пайтларининг охирги пайтлари Наманганда эркинлик берилганда “Адолат” деган гуруҳ тузди олдин булар,- дейди Носир Зокир.


Ислом Каримов ва Тоҳир Йўлдош. 1991 йил 9 декабр Наманган

“Адолат” уюшмаси Намангандаги янги қудрат каби кўрина бошлади. Бу қудрат соҳиби Тоҳир Йўлдош энди вилоят раҳбарлари эмас, мамлакат президенти панжасига панжа уришгача бориб етди. Ўша куни Тоҳир Йўлдош тарафдорлари Наманган обкоми биносини ишғол қилиб, яшил исломий байроқни мажлислар зали узра тикишди.

Ўша воқеалар акс этган видеокассетадаги хира тасвирга орадан 20 йилга яқин вақт ўтиб диққат билан тикиламан.

Ислом Каримов Наманганда
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:53 0:00


Одатда коммунистлар тўпланадиган зал чўкка тушган мусулмонлар билан тўла, ора-сира такбир янграйди.

Залга йиғилган жамоа телпак кийган ëшгина йигит Тоҳир Йўлдош измида. Зал тўрида Ўзбекистон президенти Каримов, республиканинг ўша пайтдаги катта раҳбар ходимларидан бири Исмоил Жўрабеков ва бошқалар тиз чўкиб ўтиришибди.

Зални бошқараëтган Тоҳир Йўлдош оз эмас, кўп эмас Ўзбекистоннинг Исломий давлат дея эълон қилинишини Ислом Каримовдан талаб қилади.

Ислом Каримовнинг Ислом билан тўқнашган илк онлари сифатида бу ҳолат ҳаваскор тасвирчи тарафидан видеокассетага муҳрланди.

Ўша куни залда Ислом Каримовга энг яқин турганлардан бири Носир Зокир эслайди.


Президент Ислом Каримов собиқ бош вазир ўринбосари Исмоил Жўрабеков тиз чўкиб, Тоҳир Йўлдошни тинглаб ўтиришибди.
- 50 мингдан ошиқ одам йиғилган. Ташқариларга қозонлар қурилган. Одамлар қўй олиб келиб сўйган. Ўзлари эшикни очиб берган. Қариялар киргандан кейин бу ëқдан булар ҳам кирган. Кўпчиликнинг сайлови билан Тоҳир Йўлдош обком биносини олган диндорларнинг амири этиб сайланган. Ана шундан кейин тепага Ислом байроқлари қўйилган. Ичкарида ҳам одамларнинг байроқ кўтариб юрганини кўзим билан кўрганман. Шахсан президентнинг ўзи келиб, ўша ерда нутқ сўзлаган. Мен ҳам сўзга чиққанман, Тоҳир ҳам сўзга чиққан. Ҳозир одамлар орасида “Тоҳир микрофонни суғуриб олган Каримовнинг қўлидан” деган гап юрадию, лекин унақа бўлмаган ўзи асли. Мана ўзларинг ҳам видеода кўрган бўлсаларинг керак. Лекин президентга нисбатан озгина беҳурмат гапларни гапирган,- дейди Носир Зокир.


Бу Тоҳир Йўлдошнинг Ислом Каримов билан ягона мулоқоти ўлароқ тарихга кирди.


Ханжар ушлаган амир билан учрашув

Тоҳир Йўлдошнинг “Каримов қўлидан микрофонни тортиб олгани” ҳақидаги хабар оғиздан оғизга ўтиб, 24 яшарлик “адолат тамсилчиси” Наманган мўъминларининг “амири” шуҳратини ëйди. Ўша пайтда Тоҳир Йўлдош билан учрашган журналист Паҳлавон Содиқ эслайди.

- 1991 йилнинг декабри эди. Президент сайловларидан сал аввал эди. Намангандаги исломий ғалаëндан озгина ўтиб, мен талаба эдим, журналистика факултетида ўқир эдим ва айни пайтда “Оила ва жамият” газетасида ишлар эдим. Намойишлар билан бир вақтда ëки намойишлардан сал ўтиб, мен туғилиб ўсган Чортоқ шаҳрида бир ҳодиса бўлди. У ерда фоҳиша деб даъво қилинган бир аëлни эшакка тескари ўтказиб, шаҳар марказидаги бозорга кириш жойга боғлаб қўйилган эди. Бу воқеанинг тафсилотлари ҳақида ҳар хил гап-сўзлар юрар эди. Ўша пайтда “Оила ва жамият” газетасининг бош муҳаррири Қулмон Очилов мени Наманганга хизмат сафарига юборди. Менинг вазифам биринчи навбатда ўша ҳодиса тафсилотларини ўрганиш эди. Буни ўрганишнинг йўли бевосита Ислом лашкарлари билан боғлиқ бўлгани учун ўша пайтда Наманганда шаҳар ҳокимиятини эгаллаб турган, намойишчилар бошлиғи, хусусан, Тоҳир Йўлдош билан учрашишим керак эди.

Мен эрта тонгда, бу декабр ойининг ўрталари бўлиши керак, Наманган шаҳрига тушдим. Ўша пайтдаги шаҳар ижроия қўмитаси биносига бордим. Бинонинг тепасида яшил байроқ ҳилпираб турар эди ва унда арабча ëзувлар бор эди. Ҳокимият биноси атрофида ҳали панжаралар йўқ эди. Бинонинг ичига кириб бордим. Бинонинг ичи бўм-бўш эди. Гапирсангиз, овозингиз акс-садо берар эди. Мен “Бинонинг ичкарисида кимдир борми?”, деб чақирдим. Тепадан бир кишининг овози эшитилди ва кейинроқ икки киши “Нима хизмат?”, деб тушиб келишди. Улар оддий наманганлик соқол қўйган, намозхон йигитлар эди.

Шаҳар ижроия қўмитасида улар мени ўзларининг хоналарига бошлаб чиқишди. Мени таажжубга солган нарса шаҳар ижроия қўмитаси биносида бирорта ҳам мебел қолмаган эди. Йигитлар мени ўзлари ўтирган хонага олиб киришди. Катта зал эди бу. Эҳтимол партия йиғинлари бўлиб ўтадиган зал бўлса керак. Ўша ерда айланасига кўрпача тўшалган, у ерда иккита йигит нонушта қилиб ўтиришар эди. Шакар бор эди. Буханка нонга сарëғ суркаб еб ўтиришар эди. Мен гувоҳномамни кўрсатдим ва нима учун келганимни, Тоҳир Йўлдош билан кўришишим кераклигини айтдим. Йигитлардан биттаси чиқиб қаергадир телефон қилди. “У киши бу ерда ўтирмайди. Бизнинг штабимиз бор. Сизни штабга жўнатамиз”, дейишди.

Кимгадир телефон қилди ва орадан 15-20 минут ўтар-ўтмас ўрта ëшдаги соқолли киши келди ва “Тоҳиржон билан кўришадиган одам сизми?”, деб мени Наманган шаҳрининг Чорсу майдонидан ўтишда, Мулла қирғиз мадрасасининг ëнидан кириб кетган собиқ Энгелс кўчаси бўйлаб олиб борди. Бунинг шаҳар ижроия қўмитаси билан ораси унча узоқ эмас эди. 10 минутча яëв юрдик. Ўша кўча бўйлаб сал пастга тушганимизда, менимча, Энгелс маҳалласи бўлса керак, ўша ерда маҳалланинг чойхонаси бор экан. Чойхонага айлантирилган бу бино аввал маҳалла қўмитасининг биноси бўлган. Абгор, деворлари нураган бино, лекин одам билан жуда ҳам гавжум. Ҳовлиси кичкинагина. Ўша бинога олиб киришди. “Кутиб туринг”, дейишди. Кичкинагина қабулхона эди. Ичкарида Тоҳир Йўлдош бор экан.

10-20 минут кутганимдан кейин бинонинг ичкарисига, хонага чақиришди. Кириб борганда мени даҳшатга солган нарса келишган, гавдали бир йигит, бу Тоҳир Йўлдош эди, қўлида катта пичоқ ушлаб турар эди. Бу пичоқ эмас ханжар эди хаëлимда. Ëки Наманганнинг Чустида ясалган пичоқми. Пичоқдан катта эди аслида. Ўртача бир ханжарга ўхшар ва қалин эди. Тоҳир ҳалиги ханжарни бир қўлида айлантириб турар эди. Мен у пайтда 19 ëш талаба йигитман. Мени қўрқитган биринчи нарса ўша пайтда шу бўлган. Мен кириб, “Оила ва жамият” газетасидан келганлигимни ва Тоҳир Йўлдош билан суҳбат қилмоқчи эканлигимни айтдим. Чортоқда бўлган воқеа, фоҳиша аëл билан боғлиқ масала, Намангандаги вазият, исломий ғалаëн, у ердаги намойишлар ҳақида, президент билан учрашув ҳақида, у пайт матбуот демократик эди. Бу нарсаларни кўтариш мумкин эди.

Тоҳир Йўлдош мени яхши қаршилади, ўтирғизди ва гапини узр айтиш билан бошлади. “Сизга узр айтишим керак”, деди. Деразанинг пардасини тортди ва кўчада турган рус, татар, ўзбек аралаш йигитларни кўрсатиб “Мана бу йигитларни кўраяпсизми? Мана бу йигитлар Россиянинг “Мегаполис экспресс” деган газетасидан келишган. Бир ҳафта бўлди шу ерда ëтишибди. Мен билан сиз сўрамоқчи бўлган саволлар юзасидан суҳбат қилишмоқчи. Лекин мен ҳали буларга интервью бермадим. Сабаби хабарингиз бор президент Наманганга келгандан кейин ўртамизда келишув бўлган. У бизни рўйхатдан ўтказишга рози бўлган. Наманган шаҳрида Худо хоҳласа бизнинг катта-катта офисларимиз, идораларимиз, қароргоҳимиз бўлади. Бу ердаги ишларимизни авж олдирамиз. Партия тузиб рўйхатдан ўтказамиз. Ташкилотларимизни рўйхатга олишга ваъда берган. Буларнинг ҳаммаси учун озгина вақт керак. Менинг интервью беришимга халақит бераëтган яна битта нарса - “Адолат” уюшмаси билан ўртамиздаги низо бор, келишмовчилик бор. Бу келишмовчилик ҳозир ҳал бўлаяпти. Бу узоғи билан икки ой вақт олади. Мен сизга кўпи билан икки ойдан кейин ўзим интервью бераман”, деди ва ўзининг қўли билан дафтаримга уй телефонини ëзиб берди,- дея эслайди Паҳлавон Содиқ.


Ислом Каримов тор-мор қилган Ислом лашкарлари

Ана шундан сал ўтиб Тоҳир Йўлдошнинг “Ислом лашкарлари” гуруҳига катта зарба берилади.

- Тоҳир Йўлдош қочиб кетди. Ислом лашкарлари гуруҳида бўлган Намангандаги, Чортоқдаги йигитларнинг кўпчилиги бир кечада ҳибсга олинди. Масалан менинг эшитганим Чортоқда ўша пайтда бир кечада 12 та одам ҳибсга олинган. Адашмасам бу 1992 йилнинг феврал ëки март ойи. Бир кечада бутун Наманган бўйлаб ўнлаб одамлар ҳибсга олинган. Лекин Тоҳир Йўлдош қочиб, қутулган эди. Менда қолдирган тасаввури жуда кўтаринки руҳда эди. У президент Каримов берган ваъдаларга ишонган эди. Ўз гуруҳининг расмий бир гуруҳ сифатида рўйхатдан ўтказилишига, Ўзбекистонда фаолият олиб боришига ишонар эди. Жуда ҳам ўзига ишонган йигит сифатида таассурот қолдирди.

Лекин кейинроқ мен президент Каримов билан Тоҳир Йўлдош музокаралари акс этган видеотасвирларни кўрганимда уни анчайин соддадил, лақма бўлганига ўша пайт ишондим. Чунки президент Каримов усталик билан вазиятдан чиқиб кетган. Президент Каримов амалда Исломий давлат, деб эълон қилинишга рози бўлган буни парламентнинг зиммасига юклаган бўлса ҳам, уларга қоп-қоп ваъдаларни берган. Лекин кейинроқ бу гуруҳларнинг ҳаммаси ҳибсга олинди. Унинг ўнлаб аъзолари ҳалигача қамоқда ўтирибди.

Менинг назаримда ўша пайт, тўғри Тоҳир Йўлдошнинг исломий даъвоси бор эди. Ҳали 24 ëшлигида Тоҳир Наманганда кўпчилик қўрқадиган, ўзини амир деб эълон қилган шахсга айланган эди. Даъвоси бор эди, лекин менинг назаримда ўша пайтда бутун Совет иттифоқи парчаланиши арафасида, бутун Совет иттифоқида бўлгани каби қонун устуворлиги таъминланмаган, куч тизимлари заифлашган, бўшлиқ пайдо бўлаëтган, тартиб ўрнатилмаган, тартибсизликлар кўпайган муҳитда Тоҳир Йўлдош бир нави кўнгилли дружиначиларга ўхшаган. Булар ўзларининг тушунчасида. Албатта у ерда исломий бўëқлар бўлган, исломий шиорлар бўлган. Афсуски, ҳукумат булар билан музокарага киришишни истамади, назаримда бу дружиначиларни жуда жиддий қабул қилди ва уларга жуда қаттиққўллик билан чораларни кўришни бошлади. Натижада йирик исломий мухолифат, дея танилган ва кейинроқ Покистонда, Вазиристонда, Афғонистонда глобал исломий жиҳодга қўшилган ўзбек жанггариларининг гуруҳи пайдо бўлди,- дейди Паҳлавон Содиқ.

Ўша даврларни яхши билган Носир Зокир Тоҳир Йўлдошни қўллаб-қувватлаган мулозимлар қамалмасдан, кўпроқ унинг тарафдорлари бўлган оддий мусулмонлар қамалганини айтади.

Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати маълумотларига кўра, Тоҳир Йўлдош 1991 йили Наманганда одамларни жазолаш ва қамашнинг муқобил тизимини яратган ва Уйчи туманида зиндон барпо қилиб одамларни қамаган.

Орадан 10 йиллар ўтиб Вазиристондаги ҳарбий лагеридан туриб берган интервьюсида Тоҳир Йўлдош ўзини “Туркистондаги исломий курашларнинг давомчиси”, дея тамсил қилди.

- Ҳатто ўша Сталин даврида ҳам дин даъвати тўхтаб қолган эмас. Ана шу кураш, яъни ўша Мовароуннаҳрни коммунистик босқинчилардан ҳимоя қилишлик учун мужоҳидлар, улар “босмачилар” деб аталарди, бу кураш ана шу мужоҳидлар шаҳид бўлиб кетгандан кейин ва қанчалар асир бўлиб қолгандан кейин, Сибирларга олиб бориб қатл қилингандан кейин ҳам алҳамдулиллаҳ мана бу нурни кофирлар ўчиришликка муваффақ бўлмади. Уламолар оҳиста-оҳиста сирли равишда мана бу ислом даъватининг, Ислом умматининг бир бўлаги бўлган Бухоро, Самарқанд ва умум Мовароуннаҳрда ҳаттоки то Русияга қадар мана бу даъватни ëйишди. Сирли равишда бу даъват 80- йилларгача ер остида, ертўлаларда, махфий ҳужраларда бошланди ва 80 йилдан кейин мана бу ошкор даъват босқичига чиқди,- деган эди Вазиристондаги ҳарбий лагеридан туриб берган интервьюсида Тоҳир Йўлдош.

Тоҳир Йўлдош Сталин даврида ҳам Ислом даъвати тўтамаганини айтган эди.
1992 йили Тоҳир Йўлдош сафдошларидан бир гуруҳи қамоққа олингач¸ у мамлакатдан чиқиб кетишга муваффақ бўлади. Горбачев даври берган диний эркинлик Каримов даврида тумандай тарқаганини айтади Тоҳир Йўлдош.

- Мана бу неъмат узоқ давом этмади. Яна қайтадан куфр мана бу нурни яна хомуш қилишлик учун қаттиқ зарба мусулмон умматига нима қилишди, булар берди. Охир-оқибатда ислом умматининг пешволари яна ë қатл қилинди, шаҳид қилинди ëки куфр режимлар тарафидан маҳбус қилиб, асир қилинди. Бир қанчалари ҳозиргача сақланиб турибди¸ деди Вазиристондаги ҳарбий лагеридан туриб берган интервьюсида Тоҳир Йўлдош.

1992 йили Тоҳир Йўлдош сафдошларидан бир гуруҳи қамоққа олингач¸ у мамлакатдан чиқиб кетишга муваффақ бўлади.

1993 йили Афғонистонга қочган Тоҳир Йўлдош 1996 йили Ўзбекистон Исломий Ҳаракатини тузади.

1997 йилда Тоҳир Йўлдошнинг уч укаси – Мадамин, Муҳаммад ва Зоҳиджон Ўзбекистон МХХ тарафидан қамоққа олинади.

1999 йилда Тожикистоннинг Жирғатол туманида қўним топади ва ўша ердан Қирғизистоннинг Боткент вилоятига ҳужум уюштиради.

Бу ҳужумларни биз уюштирдик, деб тан олган эди Тоҳир Йўлдош ўзи тайëрлаган тарғибот филми воситасида.

- Мана шу Қирғизистоннинг Боткенти орқали ҳаракат қилинган. Бизнинг ҳаракатимиз, жамоатимиз қилди буни. Сариосиëга кирган гуруҳ бизнинг гуруҳимиз эди. Тошкентга кирган бизнинг гуруҳимиз эди,- деган эди Тоҳир Йўлдош ўзи тайëрлаган тарғибот филмида.

Тожикистонда улар фуқаролар урушидаги мунтазам ҳаракатларда иштирок қилмаган, дейди душанбелик таҳлилчи Саймуддин Оймуҳаммад.

Тоҳир Йўлдош ва Жума Намангоний жанг қилган Жирғатолга бориб тафсилотларни ўрганган Оймуҳаммад Тожикистондаги ўзбек жангарилари Россия ҳавфсизлик хизмати билан ҳамкорлик қилган, дея тахмин қилади.

- Уларда энг янги рус қуроллари бор эди, рус жиплари яъни УАЗИКларда юришган. Россия армияси назоратидаги ҳудудларда бемалол ҳаракатланишар эди,- дейди Оймуҳаммад.

“Ўзбекистон исломий ҳаракати Россия хавфсизлик кучлари билан ҳамкорлик қилди”, деган гапни Тоҳир Йўлдош ўз вақтида инкор қилган эди.

- 1992 йили ҳижрат қилиб чиққан бўлсак, қўштирноқ ичидаги дўстлик қўллари узатилди. Хоссатан, Ельцин ҳукумат устида турган вақтида биз Тожикистонда жиҳод қилиб турган вақтимизда жуда кўп уринишлар бўлдики, Ўзбекистоннинг қаршисига биз Русия билан иттифоқ, дўстлик қилишлигимизни улар тарафидан даъват бўлди. Биз бу куфрга қўл бермадик,- деган эди Тоҳир Йўлдош.

Шу билан бирга Тоҳир Йўлдош Тожикистондаги Имомали Рахмон ҳукуматининг ҳам ҳамкорлик чақирувларига рози бўлмаганини айтган эди.

- Мана шу Тожикистон Русия билан иттифоқ қилиб бизларга бу даъватни қилдики, “Ўзбекистон режими Каримов Маҳмуд Худойбердиевни бизга доим қарши тайëрлаяпти. Кейин сизларни ҳам тайëрлаймиз, биз қуроллантирамиз. Ўзбекистоннинг хоҳлаган жойига сизларни олиб кирамиз”, деган вақтда биз бу куфрнинг даъватини қабул қилмаганмиз ва қабул қилмаймиз. Биз “Амриконинг аскари бўлмаймиз, рус аскари бўлмаймиз, Каримов аскари бўлмаймиз”, деб доим айтганмиз,- деган эди Тоҳир Йўлдош.

Расмий Тошкент иддосига кўра, 1999 йили 16 феврал куни Тоҳир Йўлдош Теҳрондан туриб Тошкентнинг бир неча жойида портлаш уюштирган. Ўзбекистон олий Суди 2000 йилда "феврал портлашлари" юзасидан ўтказилган маҳкамада Тохир Йўлдошни сиртдан ўлим жазосига ҳукм қилади.

Бу маҳкамада судланган, ЎИҲнинг воизи деб билинган Зайниддин Асқаров қамоқда журналистлар билан учрашган пайтда Тоҳир Йўлдошнинг портлашларга алоқаси йўқлигини айтган эди.

Тоҳир Йўлдошнинг ўзи ҳам Ўзбекистон исломий ҳаракати номидан чиқиш қилиб, Тошкент портлашларига алоқаси йўқлигини айтади.

- 1999 йили Тошкент портлаши бўлди. Яна мусулмонларга қаттиқ зулмлар бўлди. Бир нуқтани муҳим эслатиб ўтишим керак. 1999 йилги портлашга Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг ҳеч қанақа алоқаси йўқ эди. Чунки бу ҳаракат (ЎИҲ) ҳозиргача қилаëтган ўзининг амалий ишини қилган бўлса, қилганмиз, қилмаган бўлса, қилмаганмиз деган. Мана бу портлашдан кейин яна мусулмонлар умумий репрессияга учради. Жуда кўп мусулнмонлар ноҳақ, бегуноҳ қамалиб кетди, қатл қилинди, шаҳид қилинди,- деган эди 1999 йилги Тошкент портлашлари ҳақида гапирган Тоҳир Йўлдош.


Тоҳир Йўлдош ва Муҳаммад Солиҳ ëки халифат ва демократия

Зайниддин Асқаров қамоқда туриб Озодлик мухбирига Тоҳир Йўлдош билан учрашганини ва Тоҳир Йўлдошнинг Мухолифат етакчиси Муҳаммад Солиҳ билан учрашганини айтади.

- Тоҳирвой билан кўришдик. Тоҳирвой билан ман бориб, юзма-юз кўришиб, олдинига Эронда, кейин Покистоннинг Пешавор шаҳрида кўришдим. Кейин кўришиб, Тоҳиржоннинг гапларини эшитиб, анча таъсирландим. Уни мақсади ўша маҳалда ман эшитишимча, биз буни қочиб кетган ўғриларни қувалаб юрган одам сифатида кўрган бўлсак, бу ерда биз кўрсак, “Ўзбекистонда Ислом давлати қурмоқчимиз, Ислом давлатини қуролли йўл билан қиламиз ва бунга ҳар томонлама тайëргарлигимиз кетаяпти”, деган гапларни гапиргандан кейин бизнинг ëшлигимиз ҳам, шижоатимиз ҳам ëки Исломга қизиқишимиз ҳам анча уйғонганлиги учун ўшанда Тоҳир Йўлдошевнинг ҳаракатига қўшилдим, оддий бир мухлис сифатида,- деган эди Зайниддин Асқаров.

Оддий мухлис сифатида Тоҳир Йўлдош этагини тутган Зайниддин Асқаров Ўзбекистон Исломий Ҳаракати воизига айланади.

Зайниддин Асқаров исломий ҳаракатга Ўзбекистон мухолифати вакилларини тортишга уриниб, Муҳаммад Солиҳ билан Тоҳир Йўлдошни учраштиради.

- Биринчи марта ва охирги марта кўришганда ҳам, 17 марта кўришувнинг ҳаммасини ўзим ташкиллаштирганман Муҳаммад Солиҳ билан Тоҳир Йўлдошни. Тоҳирвойни Ўзбекистондаги Исломий жиҳодни амири шаклида Муҳаммад Солиҳ кўрди, Муҳаммад Солиҳ билан Тоҳиржонни келишган, келишмаган тарафлари шу бўлдики, келишган тарафлари “Ислом Каримов диктатор, тоталитар, буни ўнтарип ташламаса бўлмайди, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари оëқ ости бўлаяпти”, деган ғояга булар иккови келишди. Ҳақиқатни шунақа деди. Лекин кураш услубига келганда Тоҳиржон маҳкам туравердики, “Бу фақат ҳарбий йўл билан бўлади. Жиҳодий бостириб киришлик билан, террор, портлатиш йўллари билан, йўқ қилишлик билан”, деди. Лекин Муҳаммад Солиҳ “Йўқ. Биз ўзбек миллати тарихда ҳам ҳар бир жойда маърифат билан ичкарида илм билан курашган. Ҳозир агар миллий демократик ғоялар билан биз халқнинг кўзини очадиган бўлсак, умуман халққа жанжал-тўполонсиз демократик сайловлар билан президентни олиб ташлашимиз мумкин холос”, деган ғояни гапирди. Шунда Муҳаммад Солиҳга бир нарса келдики, “Бўпти. Сан жиҳодий ҳаракатингда тургинда, ман демократик ҳолатда турайда, ман санга қўшилмайман, сан манга қўшилмайсан. Лекин аввал ҳамма нарсадан олдинга биз нимани қўяйлик, диалогга ўтайлик, яъни Ўзбекистонда қон тўкмаслик демократик, инсон ҳуқуқлари бўйича бўлайликда, агар бўлмаса, кейин сан нима қилсанг қилаверасан”, деган сўзни гапираяпти.

Тоҳиржоннинг битта шарти шу бўлаяптики, Муҳаммад Солиҳга айтган гапи ва шу 17 мажлисда тўхтамай қайтараëтган гапи шу бўлганки, “Муҳаммад Солиҳ, биз санинг партиянгни тан олмаймиз. "Эрк" партиясини умуман тан олмаймиз. Тан олмасликда куч сифатида эмас тўғри йўл сифатида тан олмаймиз. Тўғри эмас бу йўлинг. Сан агар Ислом динига кирсанг, шариат дейдиган бўлсанг, Қуръон ҳадисга юраман, жиҳод қиламан десанг, санга қўшиламиз. Керак бўлса, лавозим берамиз. Керак бўлса, бошлиқ қиламиз, керак бўлса, биз бошлиқ бўламиз, сан итоат қиласан. Агар йўқ, мана шундай туришда биз бирлашамиз. Ман демократ туравераман, сан шариат туроврасан дейдиган бўлсанг, ман келиша олмайман сан билан”,- деган эди Зайниддин Асқаров.


Нишон алмашди, мерганлар адашди

Кейинги 5-6 йил давомида Тоҳир Йўлдош бошчилигида Ўзбекистон Исломий Ҳаракат ўз олдига қўйгани айтилган Ўзбекистондаги режимга қарши курашиш мақсадини унутиб, Покистондаги ички можароларга сафарбар қилингани кўпчилик ўзбек мужоҳидлар ўртасида норозиликка сабаб бўлди. Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг исми сир қолишини истаган собиқ жангчиларидан бирининг Озодликка айтишича, бу катта бир адашиш бўлган.

- Тоҳиржоннинг баъзи бир хатолари ҳам бўлган. Хато деб биламизда шуни ҳам. Бир мухолиф бўлса, бошқа мухолифат партияларни оладиган бўлсак демократик, ҳар қандай кучни олсак ҳам ўзингизнинг устингизга бўлаëтган зулмга, босқига қарши бўлганингиздан кейин ўзингизнинг давлатда бўлаëтган нарсага аралашиш керакда. Мана 2005 йилда Андижон воқеаси бўлиб, андижонликлар чиқиб кетди. Улар ҳам Андижонда бўлган воқеа билан тааллуқли холос. Бошқа давлатга бориб, “сизларга мухолифмиз”, демайдию. Чиқиб олиб ҳамма ëққа мухолиф бўлиб туришлиги, уларнинг сиëсий ишларига аралашишлиги нотўғри. Мўлжалланган ҳадаф фақат Ўзбекистон бўлиши керак эди,- дейди Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг собиқ жангчиларидан бири.

Суҳбатдошимизга кўра¸ Тоҳир Йўлдош мужоҳидлар орасидаги мутахассислардан кўра, кўпроқ яқин қариндошларига суянган. Тоҳир Йўлдош ҳукмдор Доро аскарларини дашту биëбонда атайлаб, адаштирган "Широқ"қа айланди, дегувчилар ҳам бор.


Амирнинг ўлими

“Ал-Қоида” билан ҳамкорлик қилган террорчи сифатида, Тоҳир Йўлдош БМТ хавфсизлик кенгашининг хавфли жиноятчилар рўйхатига тиркалди.

2009 йили 27 август куни Тоҳир Йўлдош Вазиристонда учувчисиз бошқариладиган АҚШ учқичи отган ракета ҳужумида яраланиб, сал ўтмай касалхонада жон таслим қилади.

Тоҳир Йўлдошнинг Наманганда бошлаган кураш йўли Покистондаги бўйра сартахтада тугади.
Ўлимидан бир неча кун аввал Тоҳир Йўлдош ўз хатоларини тан олган тазарру оҳангидаги васиятномасини аудитасмага ёзиб қолдирди.

- Оллоҳ учун сўраяпман, кимнинг катта бўлсин, кичик бўлсин менда ҳақи бўладиган бўлса жонида, молида, обрўсини тўккан бўлсам, келиб туриб мендан ҳақини олиб олсин. Келиб, дарра урсин, елкамни очиб туриб бераман. Иншооллоҳ Оллоҳга қасам туриб бераман. Ҳеч қайсинглар ҳижолат чекмaнглар. Лекин охиратга қолдирманглар. Чунки мен қалбим соф Роббимга йўлиқмоқчиман. Ҳаммамиз бир биримиздан шаҳид бўлиш учун ажраяпмиз,- дея кўз ёш қилган эди олис Наманганда бошлаган йўлининг Покистондаги ниҳоясини ҳис қилган Тоҳир Йўлдош.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати бу хабарни жиҳод фиқҳи нуқтаи назаридан яшириб келганини тан олиб, Тоҳир Йўлдошнинг ўлганлигини жорий йилнинг 16 августида эълон қилди.

Ўзбекистон исломий ҳаракатига мансуб деб билинган нашр Тоҳир Йўлдош жасадининг фотосуратини чоп қилди.


Интиҳо ва параллел чизиқлар

Олис Наманганда бошланган 20 йиллик мужодаланинг ғамгин ниҳояси, Тоҳир Йўлдошнинг ҳамшаҳри Паҳлавон Содиққа кўра, бир авлод туғилиб, унган давр интиҳосига менгзайди.

- Тоҳир Йўлдошнинг ўлими албатта битта даврнинг тугаши. Бу Ўзбекистоннинг охирги 20 йилдаги тарихи бу маълум маънода Ислом Каримов билан Тоҳир Йўлдошнинг ҳам, албатта бу ерда бошқа шахсиятлар ҳам бор, сиëсий шахсиятлар бор, соф диний шахсиятлар бор, лекин шуларнинг қаторида бир маънода Ислом Каримов билан Тоҳир Йўлдошнинг ҳам мужодаласининг тарихидир. Тоҳир Йўлдошнинг ўлими билан бу давр тугаяпти. Лекин унинг ўлимидан кейин унинг ҳаракати, исломий ҳаракати, жиҳоди нима бўлади, буни вақт кўрсатади албатта.

Озодлик: Тоҳир Йўлдошнинг курашини нима билан параллел қилиш мумкин? Кубада инқилоб ясаб, Боливияда Америка ўқидан ўлган Че Геварами ëки ўтган асрнинг 20 йилларидаги Мадаминбек Эргаш қўрбошилар биланми?

- Ўтказаман десангиз, истаганча параллел ўтказишингиз мумкин. Чунки 20 аср бошларида худди ўша минтақаларда, Тоҳир Йўлдошлар турган минтақаларда ëки Афғонистонда худди шунга ўхшаган ҳаракатлар бўлган. У пайт бу ҳаракатларнинг даъвоси, ғояси, мафкураси бошқа бўлган. Россиянинг мустамлакачилигига қарши, босмачилик ҳаракати деб айтдингиз ўзингиз, миллий-озодлик ҳаракати бўлган бу. Жўғрофиясига қарайдиган бўлсангиз, одамларнинг ҳаракатига, чегаралардан у ëқ бу ëғига ўтиб юришига қарасангиз, ўзбекларнинг бугун қаерга сочилиб кетганига қарасангиз, жангларга қарасангиз, албатта параллел ўтказишингиз мумкин. Лекин манзара бошқача, вазият, ғоя, даъвоси бошқача бу одамларнинг. Мен ўтказмаган бўлардим бунақа параллелни. Параллеллар кўп албатта. Ўша пайт ҳам биринчи катта ўйин бўлаëтган эди, бугун ҳам катта ўйин бўлаяпти. Тоҳир Йўлдош катта ўйиндаги кичкина пиëдалардан биттаси эди менимча,- дейди 20 йил аввал ҳанжар ушлаган "Амир" билан учрашган Паҳлавон Содиқ.

Ҳар ҳолда Тоҳир Йўлдош ўлими Ўзбекистондаги сўнгги 20 йилни қамраган даврни якунлагандай кўринади, дейди суҳбатдош.
XS
SM
MD
LG