Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:55

"Тоҳир Йўлдош ўлими 100 % тасдиқланмади"


Покистон разведкасидаги манба¸ Тоҳир Йўлдошнинг ракета ҳужумларидан олган оғир жароҳатлардан ўлганини билдирди.
Покистон разведкасидаги манба¸ Тоҳир Йўлдошнинг ракета ҳужумларидан олган оғир жароҳатлардан ўлганини билдирди.

Покистон разведкасидаги манба Ўзбекистон исломий ҳаракати раҳбари Тоҳир Йўлдошнинг ўлгани ҳақдаги хабарни тасдиқлаган бўлса¸ армия расмийси буни тўлиқ ишонч билан айтишга ҳозирча эрталигини билдирди.

"Ўзбекистон исломий ҳаракати лидери учувчисиз бошқариладиган самолëт томонидан 27 август куни жанубий Вазиристонга уюштирилган ҳужумлар оқибатида олган жароҳатларидан ўлди"¸ дея маълум қилган Пешавордаги разведка бошқармаси расмийси Ройтерс мухбирига.

Номи ошкор этилмаган мазкур манба¸ ҳозирда Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзолари Тоҳир Йўлдош ўлимини бекитишга уринмоқдалар.

Бу хабарни илк бор 26 сенябр куни Озодликнинг “Эркин микрофони”га ҳаракат аъзоларидан бири "Тоҳир Йўлдош ҳалок бўлди¸ 09.09.2009 да" деган мазмунда SMS йўллаш орқали хабар қилган эди.

Ўзини Тоҳир Йўлдошнинг собиқ тан соқчиси деб таништирган бу шахс душанба куни Озодлик билан суҳбатда ЎИҲ етакчисининг айнан ракета ҳужумларидан олган оғир жароҳатларидан 9 сенябр куни ўлгани ва ҳаракатга Абдураҳмон исмли жанггари раҳбар этиб тайинланганини сўзлаб берди.


Эҳтиëткор генерал

2 октябр куни Озодлик билан суҳбатда Покистон армияси матбуот котиби¸ генерал Атҳар Аббос¸ ўз идораси қўлида Тоҳир Йўлдошнинг ўлганини тасдиқловчи¸айни пайтда бу хабарни инкор қилувчи етарли далил йўқлигини билдирди.

- Биз ҳам Вазиристондан Тоҳир Йўлдошнинг ракета ҳужумлари натижасида бир ой аввал ўлдирилгани ҳақида маълумот олмоқдамиз. Аммо ҳозирча буни тасдиқловчи ишончли далиллар йўқ.

Озодлик: Унинг ўлганига Сиз ишонасизми?

- Қўлимизда ҳозирча ишончли ахборот йўқ. Ҳозирча ҳаммаси хабарлар даражаси қолмоқда.

Озодлик: Аммо Покистон разведки хизматлари Ройтерс ахборот агентлигига буни тасдиқлади-ку. Унинг ўлддирилгани борасида сизда қандай маълумотлар бор?

- Тоҳир Йўлдошнинг ҳайдовчиси журналистлар билан гаплашган экан. Лекин унинг ўлимига шахсан гувоҳ бўлган одамни топганимизча йўқ. Унинг ҳайдовчиси бу маълумотни берган бўлса ҳам уни топиб бўлмайди.

Озодлик: Тоҳир Йўлдошнинг ўлими ҳақидаги хабар Сиз учун бу кутилмаган хабар бўлдими?

- Умуман олганда йўқ. Ёдингизда бўлса менинг ўзим сизга бир-икки ой олдин Тоҳир Йўлдошнинг ракета ҳужумлари натижасида жароҳатлангани ҳақида айтган эдим. Ҳозир эса унинг тан соқчиси буни тасдиқлаётган бўлса, бу хабарлар ўртасида қандайдир боғлиқлик борлигини кўриш мумкин.

Озодлик: Тоҳир Йўлдошнинг ўлимини яна қандай тасдиқлаш мумкин?

- Албатта¸ ишончли далиллар олсак, агар бу ҳақда хабар берган тан соқчи бекинмасдан Вазиристон минтақасидан чиқса, бу хабарни 100 фоиз тасдиқлаш имкони пайдо бўлади¸ деди Озодлик билан 2 октябр кунги суҳбатда Покистон армияси матбуот котиби¸ генерал Атҳар Аббос.


Маҳаллий разведка ва тансоқчининг гапи бир жойдан чиқмоқда

Айни 2 октябр куни Озодлик билан суҳбатлашган Ройтерс ахборот агентлигининг Пешавордаги мухбири Роберт Бирсол¸ ўз ҳамкасблари маҳаллий разведка бошқармасидаги манбадан Тоҳир Йўлдошнинг ўлганига доир ишончли маълумот олганини билдирди.

- Бизга буни мамлакат шимол-ғарбий разведка хизмати вакиллари норасмий тарзда тасдиқлашди. Манбалардан бири Пешоварда жойлашган. Улардан қўшимча ахборот олишнинг имкони бўлмади. Бу нозик масала ва улар бу ҳақда матбуотга гапиришни истамайди. Бизнинг ишонишимизча¸ Тоҳир Йўлдошнинг ўлдирилгани рост¸ дейди Ройтерс ахборот агентлигининг Пешовардаги мухбири Роберт Бирсол Озодлик билан суҳбатда.

Жанубий Вазиристондаги паштун журналисти Сайлаб Меҳсуд ҳам¸ маҳаллий разведка манбалари Тоҳир Йўлдошнинг 27 август куни мазкур минтақанинг Канигурум қишлоғига уюштирган ракета ҳужумларидан оғир жароҳат олгани ва кўп ўтмай ўлганини билдирганини айтади.

Маҳаллий журналистга кўра¸ Тоҳир Йўлдош билан бирга унинг қатор жанггарилари¸ шунингдек айрим толиб қўмондонлари ҳам ўлган.

- Разведка маълумотларида айтилишча¸ толибларнинг маҳаллий қўмондонларидан бўлган Нур Ислом¸ Абдуллоҳ ва яан бошқалар айни ҳужумдан жароҳат олган. Айтилишича¸ мазкур ҳужум оқибатида Тоҳир Йўлдош оғир яраланган ва қўли ҳамда оëғидан ажраган. Аммо толибоннинг Покистондаги етакчиси Қори Ҳусайн¸ бундай хабарларнинг асоссизлигини айтишдан қолмаяпти¸ дейди Сайлаб Меҳсуд.


"Адолат"нинг жиҳодга дўниши

Ўзбекистоннинг 1-рақамли террорчиси сифатида кўрилаëтган Тоҳир Йўлдош 1968 йили Наманганда туғилиб¸ совет мактабида ўқиб¸ вояга етган.

У совет иттифоқи қулаши арафасида Наманганда "Адолат" ижтимоий уюшмаси тузиб¸ ҳуқуқ тартибот идораларига муқобил тарзда¸ оддий одамларнинг адолатсизликка оид шикоятлари билан ишлай бошлайди ва шу эвазидан ўз атрофига анча тарафдор тўплайди.

1991 йилнинг декабрида Тоҳир Йўлдош ўз тарафдорлари билан Наманган обкоми биносини ишғол қилади ва ҳукумат олдига бир қатор диний талаблар қўяди.

Ўзбекистондаги илк президентлик сайлови арафасида юзага чиққан бу намойишни тарқатиш учун¸ президентликка номзод Ислом Каримовнинг шахсан ўзи келади ва Тоҳир Йўлдошни катта ваъдалар эвазига тинчлантириб¸ намойишни тарқатиб кетади.

Ислом Каримов Наманганда
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:53 0:00


Сайловлардан ўтиши билан президент Каримов Тоҳир Йўлдош ва унинг тарафдорларини таъқиб қилишни бошлайди ва Тоҳир қўшни Тожикистонга қочиб кетади. Тожикистондаги фуқаролик уруши даврида Тоҳир Йўлдош тожик исломчилари билан бир сафда курашади.

Фуқаролик уруши тугагач¸ 1997 йили у Тожикистондан Афғонистонга ўтади ва 1998 йили Ўзбекистон исломий ҳаракатига асос солади. Бу ҳаракат жанггарилари 1999-2001 йилларда Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳудудларига қуролли ҳужум уюштиради.

Ўзбекистон ҳукумати 1999 йил 16 февралда Тошкент марказида амалга оширилган портлашлар учун Ўзбекистон исломий ҳаракатини айблайди ва Тоҳир Йўлдошни сиртдан ўлим жазосига ҳукм қилади

Бу ерда Тоҳир Йўлдош ва ҳаракатнинг ҳарбий қўмондони Жума Наманганий Ўзбекистон исломий ҳаракатини Ал-Қоида террор тармоғи¸ глобал жиҳодий жараëнлар билан боғлайди¸ АҚШ эса бу ҳаракатни Ал-Қоидага алоқадор террор гуруҳи рўйхатига қўшади.

Жума Наманганий 2001 йили АҚШ нинг Афғонистондаги ҳаво ҳужумлари оқибатида ўлганидан сўнг¸ Ўзбекистон исломий ҳаракатини бошқариш тўлиғича Тоҳир Йўлдошга ўтади ва у кўп ўтмай ўз жанггарилари билан Покистоннинг Вазиристон минтақасидан бошпана топади.

Агар илк бор Озодликка етиб келган хабар 100 фоиз тасдиғини топса¸ Тоҳир Йўлдош 2009 йилнинг сенябрида Вазиристонда АҚШ ракета ҳужумлари давомида олган оғир жароҳатларидан ўлган.
XS
SM
MD
LG