Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:24

Банклардан қарз кўтарган мижозлар кредит таътили кўпроқ қарзга ботириб қўйишидан қўрқмоқда


Андижоннинг Асака туманидаги "Ҳамкорбанк" биноси.
Андижоннинг Асака туманидаги "Ҳамкорбанк" биноси.

8 апрель куни Ўзбекистон Марказий банки кредит бўйича тўлов муддатлари кечиктирилган даврда ҳам кредитдан фойдаланганлик учун фоизлар ҳисобланиши давом этиши тўғрисида баёнот берди.

Шундай бўлишини МБ баёнотигачаёқ ўзлари мижоз бўлган банклардан эшитган қарздорлар эълон қилинган "кредит таътили" берадиган имтиёздан фойдаланишга шошилмаяпти.​

Озодлик билан суҳбатда бўлган банк ходимлари ҳам кредит тўловига қурби борлар қарздорлик кўпайиб кетмаслик учун ўз кредитларини шартномаларда белгиланган муддатларда тўлаб боришни тавсия этмоқда.

Андижонлик хусусий такси ҳайдовчи Ҳабибулло "Фортуна Микрокредит Бизнес" молиявий ташкилотидан машина сотиб олиш учун март ойида икки йилга 30 фоиз ставка билан 20 миллион сўм кредит олган.

Лекин, коронавирус карантини сабаб таксичилик тўхтаган, Ҳабибуллонинг эса кредит ойлик тўловларини тўлашга имкони йўқ.

"Фортуна Микрокредит Бизнес" карантин боис Ҳабибулло каби қийин аҳволга тушиб қолган мижозларини таназзулдан қутқариш учун кредит таътили берди.

Лекин, карантин даврида фоизлар ҳисоблаб борилади. Йиғилган фоизларни қарздор карантин тугаганидан сўнг ойлик тўлов устига қўшиб тўлайди.

Ҳабибулло Озодлик билан суҳбатда кредит таътили уни қарзга кўмиб ташлашидан хавотирланаётганини айтади:

- Таксичиликдан ойда топганимни тўлаб бораман деб, йиллик 30 фоиз бўлса ҳам шу кредитни олгандим. Ўзимни ёнимдан қўшиб "Матиз" машина олганман. Ҳозир ишим тўхтаб қолган. Булар майли қийналсанг йиғилиб қолган фоизлар билан бирга карантиндан кейин тўлайсан дейишди. Карантинда кечиккан тўлов учун жарима бўлмайди, лекин карантин тугаганидан кейин тўлай олмасам жарима қўллашлари мумкин экан. Энди қаранг. Фоизини ўзи ойига 700 минг сўмдан ошаяпти. Чунки 30 фоизлик кредит, 20 миллион сўмни икки йилда 32 миллион қилиб қайтаришим керак. Агар кечиктирилган муддат ҳисобига кредит муддати узайтириладиган бўлса қарз юки яна ошади. Шунинг учун бу машмаша чўзилмасидан олган машинани сотиб, қарздан қутилишим керак.

"Фортуна Микрокредит Бизнес" ташкилотининг кредит фоизи тўловнинг деярли ярмини ташкил қилади.
"Фортуна Микрокредит Бизнес" ташкилотининг кредит фоизи тўловнинг деярли ярмини ташкил қилади.

Ўзбекистон Марказий банкининг расмий сайтида 8 апрель куни эълон қилинган баёнотда кредит бўйича тўлов муддатлари кечиктирилган даврда ҳам кредитдан фойдаланганлик учун фоизлар ҳисобланиши давом этиши ва ушбу фоизлар кечиктирилган муддат тугаганидан сўнг тўланилиши лозимлиги айтилган.

"Ҳисоблаб чиқсам қайтанга қарзим кўпаяр экан"

Самарқанд вилоят, Каттақўрғон туманида чорвачилик учун 2018 йилда "Агробанк" туман бўлимидан уч йилга 50 миллион сўмлик кредит олган фермер Эркин Рўзиев ҳам кредит таътили олишга шошилмаяпти:

- Ҳозир ҳисоблаб чиқсам қайтанга қарзим кўпаяр экан. Бу масалага анча масъулият билан ёндашиш керак-да. Ойлик тўловни ўзи 2 миллион сўм атрофида. Агар уч ойгами олти ойгами кечиктириладиган бўлса кейин йиғилган фоизи билан қайтариш керак бўлади. Кечиктириладиган муддат ҳисобига кредит муддати узайтириладиган бўлса ҳам менга зарар бўляпти-да. Карантин даврида йиғилган фоизлар, қарз тўловлари ва узайтирилган муддат учун яна фоиз. Бу оғирлик қилиб қолиши мумкин-да. Шунга чорва молларини сотиб​ бўлса ҳам ҳар ойда шу 2 миллион сўмни тўлаб ўтирганим яхши.

Озодлик билан суҳбатда бўлган банк ходимлари ҳам кредит тўловига қурби бор қарздорлар ўз кредитларини шартномаларида белгиланган муддатларда сўндиришни тавсия этмоқда.

"Агробанк"нинг исми ошкор этилишини истамаган мутахассиси кредит таътили баъзилар учун қийин даврдан чиқиб олишлари учун имконият эканини эслатди:

- Жуда қийин аҳволда қолганлар учун бир имконият бу. Кредит таътили ихтиёрий. Қийналиб қолганлар кредит таътилини расмийлаштириб кетишлари мумкин. Яхши томони бу муддат ичида барча пеня тўловлари ва жарима олинмайди. Лекин, тўлашга қурби бўлатуриб, кредит таътили олиш нотўғри. Чунки, бу бепул имтиёз эмас. Ҳар ой фоизлар миниб туради. Шунинг учун имконияти борлар ойдагини ойда тўлаб борганлари маъқул, чунки карантин тугаганидан сўнг тўланмаган фоизлар ойлик тўловга қўшилади. Бу фақат бизда эмас, бошқа давлатлар, Россияда ҳам шундай шартлар асосида таътил бериляпти. Кредит таътили деганда маълум муддатга қарздан кечилиши тушунилмаслиги керак. Мижоз қачон бўлса ҳам фоизи билан қарзини банкка қайтариши керак, - деди "Агробанк"​ мутахассиси.

Ўзбекистонда 9 апрель холатига кўра 24 та банк жисмоний шахсларга ажратилган 100 млн. сўмдан кам бўлган барча кредитлар бўйича тўлов жадвалига асосан узоғи билан 3 ойлик муддатга таътил берган.

“Қишлок қурилиш банк”и ходимининг Озодликка айтишича, имтиёзларни қўллаш 2020 йил 7 апрелдан бошлаб амалга киритилади.

- Kредит олган жисмоний шахслар апрель-июнь тўловларининг асосий қарз қисми 1 июлга қадар кечиктирилиб, кечиктирилган тўловларни улар июль-декабрь ойларида тўлайдилар. Карантин давридаги уч ойлик тўловлар ва фоизлар ҳам июль-декабрдаги 6 ойдаги тўловларга тенг улушда қўшилади, - деди банк ходими.

Тошкентдаги "U Credit" консалтинг гуруҳи мутахассиси Тоҳир Собировнинг Озодликка айтишича, кредит таътили ҳозирги қийин даврда қийин аҳволда қолган кўпчиликка ўзини тиклаб олишига ёрдам бериши мумкин:

- Уч ойга бўлса ҳам банклар нафас ростлаб олиш учун фурсат беряпти. Шунинг ўзи яхши нарса. Айниқса қийин аҳволда қолганларга. Ҳар ҳолда тўламаса пеня минмайди-ку. Фоизга келсак қарз фоизи билан қарз. Фоизга рози бўлиб олишган қарзни, тўғрими? Ҳозир энг муҳими карантиндан эсон- омон чиқиш. Ҳаёт изига тушиб кетса тўловларни ойларга бўлиб-бўлиб тўлаб ташлашади. Банклар бирданига бўйнига қўйиб қўймайди.

Айни пайтда қатор Европа давлатлари ва Россияда ҳам банклар коронавирус карантини сабаб ойлик тўловларини тўлай олмаган мижозларига фоиз тўлови амалда қолган ҳолда кредит таътили эълон қилган.

Баъзи давлатлар карантин сабаб ишсиз қолган аҳолини қўллаб-қувватлаш учун ёрдам пакетларини жорий этди.

Британия ва Европа Иттифоқи давлатларида ҳукуматлар ишини йўқотганларга ёрдам пули бериб туришни ўз зиммасига олган.

Қўшма Штатларда иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун 2 триллион доллар ажратиш тўғрисидаги қонун имзоланиб, ўртачадан кам даромад топадиган одамларга 1200 доллардан, ҳар бир болага 500 доллардан моддий ёрдам кўрсатиладиган бўлди.

3 миллион 700 минг аҳолисига эга Грузияда эса ҳукумат аҳоли тўлайдиган коммунал тўловларнинг катта қисмини ўз зиммасига олди.

Ҳар ой 200 кВт соат электроэнергия ёки 200 куб. метрдан кам газ ишлатадиган хонадонлар уч ойга тўловлардан озод этилди. ​

Ўзбекистон президенти 2020 йил 20 мартда имзолаган "Коронавируснинг иқтисодиётга салбий таъсири ва глобал инқирозни юмшатиш бўйича фармони"да ҳам кредитларни қайтариш муддатини кечиктириш ва кечиктирилган муддатда қарздорлик учун жарима қўлланилмаслиги ҳақида айтилган.

Молиявий қийинчиликларга дуч келган хўжалик юритувчи субъектларга ажратилган кредитлар тўловарини ҳам жарима санкцияларини ҳисобламаган ҳолда 2020 йил 1 октябрга қадар узайтириш президент фармонида таъкидланган.

Айни фармонда, 2019 йил учун жисмоний шахсларнинг жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларацияни тақдим этиш муддатини 2020 йил 1 августга қадар узайтириш¸ жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлаш муддатини ҳам 2020 йил 15 октябрга қадар узайтириш топширилган.

Бутун дунë¸ хусусан¸ Ўзбекистонда ëйилиб бораëтган коронавирус пандемияси сизнинг бизнес фаолиятингизга қандай таъсир қилмоқда? Ҳозирги шароитда Ўзбекистон ҳукуматидан кичик ва ўрта бизнесни банкротликдан сақлаб қолиш учун қандай ëрдам кутяпсиз? Бу ҳақдаги фикрингизни Озодликнинг @ozodnews Telegram каналига ëзиб юборинг.

XS
SM
MD
LG