Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:47

Урганчда уйи бузилиб, товон пули ололмаган минглаб одам норозилик билдириб автомобиль йўлини тўсди (ВИДЕО)


Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов уйи бузилган одамлар билан музокара олиб бормоқда, 27 июл 2019й.
Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов уйи бузилган одамлар билан музокара олиб бормоқда, 27 июл 2019й.

Хоразм вилоят, Урганч туман, Ашхобод кўчасида истиқомат қилган минглаб одам 26 июль куни кечаси Урганч-Ҳазорасп автомобиль йўлини тўсиб қўйгани айтилди.

Озодликка маълум бўлишича, одамлар ҳокимлик уйи бузилганларга товон пулини бермаётганига, қурилиш материаллари нархи ҳаддан ортиқ ошиб кетганига норозилик билдирган.

Озодлик олган маълумотга кўра, 27 июль тушдан кейин воқеа содир бўлган жойга Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов келган.

Урганчда минглаб одам норозилик намойишига чиқди. Улар уйлари бузилишидан норози
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:27 0:00

​Бу ҳақда Озодликка 27 июлга ўтар кечаси содир бўлган норозилик намойишида қатнашганлар хабар қилди.

Суҳбатдошлар тазйиқ бўлишидан чўчиб, исмлари сир қолишини илтимос қилди.

Уйлари бузилган урганчликларнинг ҳозир яшаб турган жойи
Уйлари бузилган урганчликларнинг ҳозир яшаб турган жойи

Намойиш қатнашчиларидан бирининг айтишича, Урганч туманининг Ашхобод кўчасидаги бузилган 400 та уйдан Урганч-Ҳазорасп автомобиль йўлининг ёқасидаги далага кўчирилган аҳоли товон пули тўла берилмаётганидан ва қурилиш материаллари нархи ошиб кетганидан арз қилиб, 26 июль куни вилоят ҳокими қабулига борган.

Вилоят ҳокими уларни қабул қилмаган ва ёрдамчиси орқали ўзи кечқурун маҳаллага боришини айтган.

Нега одамлар ҳоким кирган палаткани йиқитди?

Урганчликка кўра, вилоят ҳокими кечқурун одамлар палаткаларда яшаб турган жойга келиб, норозилик билдираётганлар билан гаплашмай, анчайин шароит яратилган кўргазмали палаткага кирган:

“Маҳаллада одатда "шукроначилар" бўладику, ҳоким халқ билан гаплашмай ўшаларнинг палаткасига кирди. Буни кўриб халқнинг жаҳли чиқди. Нега биз билан гаплашмай, у палаткага кириб кетди деб, одамлар палаткани ушлаб турган арқонларни кесиб ташлади. Палатка ҳоким ва унинг мулозимлари бошига йиқилди. Бир амаллаб палаткадан чиққан ҳоким машинасига ўтириб қочиб кетди. Одамлар унинг машинасини қувиб, катта магистрал йўлгача боришди ва йўлни ёпиб олишди. Бу тахминан соат 11 ларда бўлди. Минглаб ёшу-қари, эркагу аёл автомобиль йўлига ўтириб олди. Келган машиналар тўхтаб қолди. Бир-иккитаси йўлни очинглар деб жанжал қилган эди, одамлар уларга тош отиб деразаларини синдириб ташлади”

Уйлари бузилган урганчликларнинг ҳозир яшаб турган жойи
Уйлари бузилган урганчликларнинг ҳозир яшаб турган жойи

Миллий гвардия ва орган ходимлари халқни занжир қилиб ўраб олди

​Бошқа бир урганчликнинг айтишича, шундан сўнг Ички ишлар органлари ва Миллий гвардиянинг юзлаб ходимлари, ўт ўчирувчи машиналар етиб келган:

“Миллий гвардия фаол йигитлардан бир-иккисини ушлаб олиб кетмоқчи эди. Халқ ёпишиб қўлидан ажратиб олди. Кейин ички ишлар бошқармаси бошлиғи ҳеч кимга тегма деб буйруқ берди. 27 июль соат 1 гача одамлар йўлни тўсиб турди. Кейин миллий гвардия ва милициянинг босими билан аввалги жойи, қурилиш бўладиган жойга қайтишди. Халқнинг атрофини миллий гвардия ва милиция қўлини қўлга бериб ўраб олди. Ҳеч кимни ташқарига чиқартирмади, киргизмади ҳам”.

Халқнинг сабри тугади

Норозилик намойишида қатнашган бошқа бир урганчликнинг айтишича, компенсация пулларининг тўхтатиб қўйилгани, қурилиш материалларининг нархи ошиб кетгани, аҳолининг хору-зорликда яшаётгани уларнинг сабр косасини тўлдириб юборган:

“400дан ортиқ оилага қоп-қоп ваъдалар бериб, уйларини бузиб, Чандирқиёт қишлоғидаги далага кўчириб ташлашди. Сув йўқ, чангу тупроқда аҳоли бир неча ойдан буён азоб билан яшаяпти. Бир ой аввал хом ғишт 180 сўм эди ҳозир 250 сўмга чиқиб кетди, пишган ғишт 650 сўм эди, энди 850-900 сўмга чиқди. Усталарнинг иш ҳақи икки бараварга ошди. Уйларни бузишдан олдин 50 фоиз пулини бериб, чайлага борсанг қолган 50 фоизини бераман, деди. Халқ бунга ҳам рози бўлди. Ҳаммани чайлага 100 фоиз чиқариб олганидан сўнг, пул бериш тўхтатилди”

Унинг айтишича, товон пулини тўлиғича, уйи бузилганларнинг бор-йўғи 10 фоизи олган холос:

“Ўзи баҳолашда булар ғирромлик қилди. Масалан шаҳардаги менинг уйим нархи 500 миллион сўмлик эди. Булар эса 200 миллион сўмга баҳолади. Баҳоловчига нега ҳақиқий қийматини баҳоламаяпсан десам, мен агар сени уйингни шундай баҳоласам, қолганлар ҳам талаб қилади. Кам қилиб баҳолаш ҳақида юқоридан топшириқ бўлган, бўлмаса мени ишдан бўшатишади, деди. Халқ аросатда қолди. Бу ёқдан куз келяпти, ҳадемай ёғингарчилик бошланади. Баъзи одамлар ҳали уйларининг фундаментини қуйиб тугатгани йўқ”

Вилоят ҳокими Фарҳод Эрмонов уйлари бузилган урганчликларнинг ҳозир яшаб турган жойини кўздан кечирмоқда 27 июл
Вилоят ҳокими Фарҳод Эрмонов уйлари бузилган урганчликларнинг ҳозир яшаб турган жойини кўздан кечирмоқда 27 июл

Вилоят ҳокими халқни тинчлантиришга ҳаракат қилиб, ваъда беряпти

Воқеа гувоҳларидан бирининг айтишича, Миллий гвардия ва ички ишлар органларининг юзлаб ходимлари 27 июль куни ҳам норозилик намойишида қатнашган аҳолини ҳали ҳам ўраб турибди:

"Одамдан милиса кўп, маҳбус ташийдиган машиналарни, автобусларни, ўт ўчирувчи машиналарни олиб келиб қўйишган. Ҳозир ҳам қоровуллик қилиб туришибди. Бугун эрталаб вилоят ҳокими бир неча муовинлари билан бирга келди. Ҳар бир палаткага кириб, одамлар билан гаплашди. Милисалар бир жойга тўпланиб гаплашишга қўймади. Ҳоким ҳар бир оилага бир мошинадан қум берадиган бўлди текинга, тошни арзонлатадиган бўлди. Газ йўқлиги учун хумдонлар ишламай оҳак қимматлаб кетган эди, оҳакни ҳам нархини туширамиз деди. Ғиштни нархини 10 фоиз арзонлаб берамиз, деди. Хуллас, шунақа ваъдалар берди, халқни тинчлантиришга ҳаракат қиляпти. Қани кўрамиз, бу ҳам ваъдасилигича қолиб кетса, яна йўлни тўсамиз"

Уйлари бузилган урганчликларнинг ҳозир яшаб турган жойи
Уйлари бузилган урганчликларнинг ҳозир яшаб турган жойи

Хоразм вилоят ҳокими халқни тинчлантиришга ҳаракат қилиб, ваъда беряпти
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:32 0:00
Бевосита линк

Озодлик Хоразм вилояти ҳокимлигидан ҳозирча бу воқеага муносабат ололмади.

XS
SM
MD
LG