Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:35

Ярим миллион долларлик уйи суд қарорисиз бузилган инвесторнинг прораблари қамаб қўйилди


Қурдирган уйи қонунсиз бузилган инвестор Муҳаммадбобур Хўжаев
Қурдирган уйи қонунсиз бузилган инвестор Муҳаммадбобур Хўжаев

Тошкентлик 28 яшар тадбиркор Муҳаммадбобур Хўжаевнинг яқинда бузиб юборилган иморати қурилишида прораб бўлиб ишлайдиган 29 яшар Аброр Сайфуддинов ва 40 яшар Шуҳрат Аҳмедов Мирзо Улуғбек туман ИИБ вақтинчалик тергов изоляторига 13 ноябрь куни қамаб қўйилди.

Прораблар ишлаган “Unique arh project” ширкати мухандисининг Озодликка айтишича, бу икки прораб "уй қурилиш чоғида техника хавфсизлигига амал қилмаганликда" гумон қилиниб, Мирзо Улуғбек туман ИИБ терговчиси тарафидан 48 соат муддатга тергов изоляторига қамаб қўйилган.

Шу билан бирга ширкатнинг вилоятлардан келиб ишлаëтган қурувчилари паспортлари ИИБ терговчиси тарафидаан олиб қўйилган.

Муҳаммадбобур Хўжаев Мирзо Улуғбек туманида қурган 3 қаватли турар-жой бино 4 ноябрь куни Бош вазирнинг оғзаки буйруғи билан бузиб ташланган эди.

Муҳаммадбобур Хўжаевнинг 14 ноябрь куни Озодликка айтишича¸ суд қарорисиз чиқарилган бундай ноқонуний ҳаракатга эътирози оммавий ахборот воситаларида чиққанидан кейин у шаҳар ҳокимияти ва ҳуқуқ- тартибот органларининг кучли босими остида қолган:

- Мен бир куннинг ўзида 620 минг АҚШ доллари миқдорида зарар кўрдим. Барча рухсатномаларини расмийлаштирилиб қурган уйимни бир кечада суд қарорисиз бузилгани ҳақида Озодликда гапирганим ҳокимиятдагиларга малол келибди. Аввалига "бекор гапирдинг, хуже будет", деб таҳдид қилишди, - деди тадбиркор.

Хўжаевнинг айтишича¸ у 13 ноябрь куни прокуратурага чақиртирилган:

- Тошкент шаҳар прокуратурасидан чақиришди. Повестка юбормасанглар бормайман, дедим. Повестка олиб келиб беришди. 13 ноябрь куни¸ шаҳар прокуратураси терговчиси Фаррух Нематжонов мен билан гувоҳ сифатида гаплашди. "Нега Озодликка чиқиб гапирдингиз", деб савол-сўроққа тутди¸ - деди тадбиркор.

Озодлик Тошкент шаҳар прокуратураси терговчиси Фаррух Нематжонов билан 14 ноябрь куни боғланиб, ундан "Нега тадбиркорга матбуотга гапиргани учун босим қилдингиз", деб сўради. Терговчи мухбир саволига жавоб бермади.

Тадбиркорга келган чақирув қоғози
Тадбиркорга келган чақирув қоғози

Бундан олдин¸ 8 ноябрь куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати “ëмон уйлар қуриб аҳоли ғазабига учраган тадбиркор” ҳақида видеолавҳа суратга олиб ҳокимлик расмий сайтида эълон қилган эди.

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Озодлик гаплашган мулозими¸ бу лавҳа 6 ноябрь куни Озодлик эълон қилган лавҳага қарши тайëрланганлигини билдирди.

- Жаҳонгир Обидович (шаҳар ҳокими) ўз таблетида Озодлик видеосини кўриб қолиб, ответ қилинглар деб топшириқ берди. Фақат Озодликда деган жойини хорижий оммавий воситаларида деб ëздик¸- деди Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Озодлик гаплашган мулозими.

Уйи бузилган тадбиркор Хўжаев эса, бу видеолавҳани “ўч олиш” деб атади:

- Сан видео қилсанг, менам видео қиламан деганга ўхшади. Шунча одамни менга қарши гапиртиришди. Аммо лавҳада асосий саволга жавоб йўқ. Мен рухсат олиб қурган уйимни нега суд қарорисиз бузиб ташлашди¸ қонун қаерда қолди деган савол жавобсиз қолди.

Тадбиркор бузилган уй боис ўзига етказилган зарарни қоплаш учун қонуний ўзанда курашни давом эттиришини билдирди.

Тадбиркор қурган уй нега бузилган эди?

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Озодлик 6 ноябрь куни гаплашган мулозими Тошкентда янги қурилган уйларда ис газидан заҳарланиб ўлиш холлари кўпайганидан дарғазаб бўлган Бош вазир шундай буйруқ берганини билдирган эди.

"Шу боис Абдулла Ниғматович (Бош вазир) Жаҳонгир Обидовичга (шаҳар ҳокими) топшириқ берди. Бу инвестор қурган бошқа уйларни ҳам текширинглар¸ деб. Шу топшириқ асосида Улуғбек тумани Риштон тор кўчасидаги 106-уй шанба кечқурун бузилди. Буларнинг ҳаммаси оғзаки буйруқ асосида бўлди"¸ - деди исми айтилмаслигини истаган ҳокимлик мулозими.

Бу мулозим¸ тадбиркор томонидан қурилган Мирзо Улуғбек туманидаги уйни бузиш учун суд қарори бўлмаганини эътироф қилди.

Озодлик Бош вазир идорасидан бу воқеа юзасидан изоҳ олишга ҳозирча муваффақ бўла олмади.

XS
SM
MD
LG