Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:26

Straus House бошлиғи қамалиши ортидан унга алоқаси йўқ сирдарёлик ягона туяқушфуруш синмоқда (ВИДЕО)


Туяқуш фермасини ривожлантириш учун 1 млрд сўм кредит сўраган Sirdaryo Oqoltin straus масъулияти чекланган жамияти раҳбари Дониёр Тошпўлатов 1 октябрь куни рад жавобини олди.

Кредит ажратишнинг рад этилишига Тошкентдаги Straus House фирмаси билан боғлиқ можаролар ҳам сабаб бўлганини тахмин қилаётган оқолтинлик Дониёр Тошпўлатов бу фирмага мутлақо алоқаси йўқлигини айтди.

Марказий банк жавобини олишидан бир неча кун муқаддам Дониёр ижтимоий тармоқларда видео эълон қилиб, унда бир неча ой олдин кредит учун ҳужжатларни расмийлаштиргани, бироқ вилоят ҳокими ўринбосари сансалорлик қилаётганидан шикоят қилган эди.

Марказий банкнинг Sirdaryo Oqoltin straus фермер хўжалигига “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури доирасида кредит ажратиш рад этилгани тўғрисида Сирдарё вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари номига ёзилган 27 сентябрдаги билдируви мазмуни Дониёр Тошпўлатовга 1 октябрь куни маълум бўлди.

Дониёрнинг 1 октябрда Озодликка айтишича, у жавобни олибоқ, кредит ажратиши керак бўлган “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг мулозими билан гаплашган ва у туяқушчилик молиявий пирамида экан, деб Тошкентдаги Straus House ширкатига ишора қилган.

Straus House иши

27 сентябрда Straus House МЧЖнинг таъсисчиси ва бош директори Иброҳим Исроилов ҳибсга олинган эди.

Straus House МЧЖ раҳбари Тошкент шаҳри ва Андижон, Фарғона, Наманган, Бухоро, Қашқадарё вилоятларида яшовчи жисмоний ва юридик шахслар билан 2019 йилнинг январь-апрелида 90 кун муддат ичида Жанубий Африка Республикасидан зотли туяқуш жўжаларини етказиб бериш юзасидан шартномалар расмийлаштириш орқали уларнинг ишончига кириб, 300дан ортиқ фуқаронинг миллионлаб сўм миқдордаги пул маблағларини фирибгарлик йўли билан талон-торож қилишда гумон қилинмоқда.

"Straus Houseга алоқам йўқ!"

Дониёр Тошпўлатовнинг айтишича, 2019 йилда иш бошлаган Straus Houseга унинг алоқаси йўқ, чунки туяқушчиликни у бундан икки йил олдин бошлаган. Икки йилдан бери 4000 тага яқин қуш сотди, лекин асосан насяга сотди, баъзилардан кафолат хати олиб, кўпчиликка эса, кафолат хатисиз сотди. Шу йил баҳорда фермасида 600 дан ортиқ туяқуш бор эди. Дониёр бу иш билан шуғулланишни бошлаганидан буён Риштон туманидаги Straus Farm билан ҳамкорлик қилиб келади.

Дониёр Тошпўлатовнинг туяқуш фермаси тўғрисида маҳаллий матбуот ҳам бир неча бор ёзган.

Маҳаллий матбуот алқаган туяқушчи

Масалан, “Халқ сўзи” 2018 йилнинг 10 октябрида Дониёр Тошпўлатов Гулистонда ўтказилган “Ташаббус –2018” кўрик-танловида қатнашганини хабар қилган.

“Оқолтин туманилик ёш тадбиркор, “Баҳодир ўғли Дониёр” МЧЖ (Дониёрнинг яна бир ишхонаси - Озодлик) раҳбари Дониёр Тошпўлатов туяқуш боқиш билан шуғулланаётганлиги бу йилги танлов тадбирида ўзига хос янгилик бўлди”, деб ёзган эди “Халқ сўзи”.

2018 йилнинг 26 октябрида эса, ЎзА ахборот агентлиги Дониёр Тошпўлатов ўзи яшаётган туман даражасида тўсиқларга учраётганини хабар қилган.

Бироқ ўтган бир йил ичида тадбиркорнинг туман даражасидаги муаммолари ҳал бўлди. Бу ҳақда Дониёр ижтимоий тармоқларда эълон қилган видеосида алоҳида таъкидлаб айтган.

Дониёр Тошпўлатовнинг туяқушчилик фермаси учун зарур бўлган барча шароитлар яратилганини, унга керакли ёрдам берилганини Оқолтин туман ҳокимлигининг тадбиркорлар билан ишловчи етакчи мутахассиси ҳам Озодлик саволларига 1 октябрь куни жавоб бераётиб билдирди.

Кредит рад этилишидан олдин эълон қилинган видео

Дониёр Тошпўлатовнинг шу кундаги ташвишлари Озодликка унинг бундан бир неча кун муқаддам ижтимоий тармоқларда эълон қилган видеосидан маълум бўлди.

Марказий банкнинг кредитга оид рад жавобидан сўнг видео эскириб қолгандай кўриниши мумкин. Чунки Тошпўлатов унда Сирдарё вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари, Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш маркази раҳбари Анвар Каримовдан шикоят қилган, уни кредит ажратишга доир қоғозларни имзолашни пайсалга солаётганликда айблаган.

Афтидан, видео эълон қилингач, Анвар Каримов Тошпўлатовнинг қоғозларини имзолаб, керакли инстанцияга жўнатганки, иш Марказий банкнинг рад жавоби билан якун топди. Жавобнинг салбий бўлишига ҳоким ўринбосарининг расман алоқаси йўқ.

Ҳа, вилоят ҳокими ўринбосари Анвар Каримовнинг Марказий банк рад жавобига расман алоқаси йўқ. Балки Тошпўлатовнинг видеоси таъсирида унинг Sirdaryo Oqoltin straus учун кредит сўраб ёзган хати ишонарли бўлмагандир?

Дониёр Тошпўлатов бу саволга жавоб беришни истмади. Анвар Каримовнинг ўзи билан эса, боғланишнинг иложи бўлмади.

Тошпўлатовнинг видеоси эскириб қолгандай кўринса ҳам, ундаги асосий гап ўз долзарблигини йўқотмаган.

Дониëр Тошпўлатовнинг ижтимоий тармоқларда эълон қилган видео мурожаати
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:45 0:00

Видеосида Дониёр катта-кичик раҳбарларга мурожаат қилар экан, бундай дейди:

“Бир нарсани қилиб бераман дейишдан олдин яхшилаб ўйлаб олинглар. Чунки сизларнинг гапингизга биз ишонамиз ва ўшанга қараб режа тузамиз. Агар қилолмасаларинг, униям айтинглар, биз ҳам одаммиз, шу юртнинг нонини еб юрибмиз, тушунамиз. Айтсаларинг режани катта тузиб олмай, билиб ишимизни қиламиз”.

Дониёр видеосини эълон қилган вақтда кредитни кута бошлаганига 3,5 ой бўлган, умидсизликка туша бошлаган эди.

“3,5 ой ҳазилакам вақт эмас. 2 йилдан бери туяқушчилик билан шуғулланаётган бўлсам, сизлар шу 3,5 ой ичида ваъда беравериб сабримни тугатдинглар”.

Видеоси давомида Дониёр туяқушчиликни ривожлантириш учун Россияда ишлаб йиққан пулига инкубатор олиб келганини, жўжахоналар, қушлар учун ёзги жойлар қилганини, навбатда қишки жой қилиш турганини, кредит берилмайдиган бўлса, фермани ёпиб, яна Россияга кетажагини айтган.

Президентнинг "туяқуш" қарори

Ўзбекистон президенти 2018 йилнинг 13 ноябрида "Паррандачиликни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорни қабул қилган эди.

Ҳужжат муқаддимасида жумладан бундай дейилган:

"...паррандачилик соҳасида, асосан, товуқ етиштириш билан чекланиб қолинмоқда, бошқа парранда турлари (курка, бедана, ғоз, ўрдак, туяқуш, каклик ва бошқалар) етиштиришни оммалаштириш чоралари кўрилмаяпти". Яъни президент қарорида туяқуш ҳам тилга олинган.

Қарорда паррандачилик билан шуғулланувчиларга кредит ажратишда алоҳида имтиёзлар берилиши белгилаб қўйилган.

XS
SM
MD
LG