Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:55

Сўмнинг қурби. Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми пандемиягача бўлган кўрсаткичдан ошди


2021 йилнинг дастлабки саккиз ойида хориждан Ўзбекистонга юборилган пул ўтказмалари ҳажми 4,9 миллиард долларга етди. Бу ўтган йилга нисбатан 35 фоизга кўпроқдир.

Мутахассислар ва меҳнат муҳожирлари пул трансфери кескин ошгани сабабларини бир неча омил билан изоҳламоқда.

Ўзбекистон Марказий банкининг билдиришича, мамлакатга 2021 йилнинг дастлабки саккиз ойида хориждан юборилган пул ўтказмалари ҳажми 4,9 миллиард долларни ташкил этган. Пул ўтказмалари 2020 йилнинг мос даврига (3,6 миллиард доллар) нисбатан 35 фоизга, 2019 йилнинг мос даврига (3,9 млрд. АҚШ доллари) нисбатан эса 26 фоизга кўпайган.

Қайд этилишича, трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми ортиши аҳолининг истеъмол ва инвестицион фаоллигини қўллаб-қувватловчи омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Бу эса, ўз навбатида, ички валюта бозорида таклиф ҳажмининг барқарор бўлиши ва миллий валюта курси шаклланишида муҳим роль ўйнайди.

Жаҳон банки иқтисодиётнинг тикланишига меҳнат мигрантлари пул ўтказмалари ҳажмининг ортиши кўмаклашишини қайд этган.

Айни дамда, энг кўп пул жўнатмалари, асосан Россияда ишлаётган меҳнат муҳожирларидан келиб тушаётгани маълум.

Таниқли миграция эксперти, профессор Сергей Абашин пул жўнатмалари ҳажмининг ошишини энг аввало меҳнат муҳожирлари маошларининг пандемия даврида кўтарилганига боғлади. Профессор Абашин Озодлик билан суҳбатда маблағлар ўтказмалари миграция донорлари саналган барча Марказий Осиё давлатларида кузатилаётганини билдирди:

- Келтирилаётган рақамлар пул ўтказмаларининг сезиларли ўсганини кўрсатмоқда. Бу эса муҳожирлар учун иш ҳақининг ошгани ва мигрантлар сонининг кўпайгани кўрсаткичидир. Биргина Қирғизистонга пул ўтказмалари унчалик тез ўсмаяпти, лекин бу шуни англатадики, Қирғизистон ватандошлари топган пул маблағларининг катта қисми Россиянинг ўзида қолмоқда, - дейди Сергей Абашин.

Айни пайтда охирги бир неча ойда Россияга ишга келган меҳнат муҳожирлари сони ҳам кескин кўпайгани кузатилмоқда. Пандемия даврида фалаж ҳолатга келган Россиядаги арзон ишчи кучига таянган ишлаб чиқариш соҳалари яна жонлана бошлагани кўплаб мутахассислар эътиборидан четда қолмади.

Хусусан, кўплаб ўзбек муҳожирлари чегараларини ёпган Россия Федерациясига турли йўллар билан киришга ҳаракат қила бошлади.

Россиянинг Краснодар ўлкасида қурилишда бригадирлик қилиб келаётган Баҳромжоннинг айтишича, пул ўтказмалари ошишига яна бир сабаб бор:

- Коронавирус даврида Россиядан Ўзбекистонга борди-келди қимматлашиб қолди. Одамлар йўлга пул сарфламай қўйди. Иккинчидан, Россияга чегаралар қисман очилганидан сўнг миллионлаб юртдошларимиз катта қарзга ботиб Россияга кела бошлади. Энди улар бироз пул ишласа ҳам ўзи емай, қарзини узишга киришди. Мисол учун, мен қишлоғимиздан 4 нафар мутахассис йигитни олиб келишга 520 минг рубль жўнатдим. Карантин пайтида пулсиз ўтириб қолган одамларимиз юз минглаб қарз олди йўлкирага. Одамлар даволанишга деб, ҳатто чегарани ноқонуний кесиб ўтиб кириб келди ва пул ишлашга киришди.

Вазиятнинг яхши томони – иш кўплигида! Тўғри, маошларимиз бирозга ошган бўлса-да, бу пайт орасида нарх-наво ошганини ҳам ҳисобга олинг, - дея хулоса қилди Баҳромжон.

Суҳбатдош уйга жўнатаётганидан ташқари, ҳар бир патентга ишлаётган меҳнат муҳожири камида 30 минг рублни солиқлар, қайдга туриш, миграция ҳужжатларини расмийлаштириш, озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа харажатларга сарфлаётганини маълум қилди.

Ўзбекистон Марказий банкига кўра, 2021 йил январь-август ойларида Ўзбекистонда банклар орқали нақд пул айланмаси ҳажми 317,4 трлн. сўмни ташкил этгани ҳолда, 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 48,8 фоизга ошган.

Пул жўнатмалари Ўзбекистон иқтисодиётида ўсаётган ягона кўрсаткич эмас. Шу кунларда Молия вазирлиги Ўзбекистон давлат қарзи 24,2 миллиард долларга етгани ҳақида маълумот берди.

Қарзнинг ўсиш кўрсаткичи 858,6 миллион доллар ёки 3,7 фоизни ташкил этмоқда. Давлат қарзининг ялпи ички маҳсулотдаги (ЯИМ) улуши 38,5 фоизга етган.

Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгач, Россиядаги мигрантларни ватанга қайтариш, уларга ўзлари яшайдиган ҳудудларда муносиб иш ўринлари яратиш режасини эълон қилган эди. Ўтган беш йилда ҳукумат Каримов давридаги каби ҳар йили 1 миллион янги иш ўринлари яратилаётгани ҳақидаги сохта статистикадан воз кечганини эълон қилган, ўртача ярим миллионга яқин иш ўринлари яратилгани ҳақида ҳисоботлар берилган.

Аммо маошларнинг камлиги ҳамда вақтида берилмаслиги каби тизимли муаммолар юз минглаб ўзбекистонликларни четдан иш излашга мажбур қилмоқда.

15 сентябрь куни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги 10 минг нафар ўзбекистонлик "соддалаштирилган тартибда" Россияга ишга юборилишини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG