Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:33

Иш ташламоқчилиги тўғрисида баёнот берган артистлар 1 кунда пушаймон бўлди (ВИДЕО)


Қўқон театри актёрлари
Қўқон театри актёрлари

Ойлик қисқаришига норозилик сифатида иш ташламоқчи бўлган Қўқон шаҳар мусиқали драма театри актёрлари пушаймонлик билдириб, 1 ноябрь куни Озодликка янги видео жўнатди.

31 октябрь куни президентга видео мурожаатини Озодлик орқали эълон қилинишини сўраган театр актёрлари ойлик маошлари 25 фоизга қисқарганига норозилик сифатида иш ташлаш акцияси ўтказишни режалаётганини айтганди.

Янги видеодан маълум бўлишича, ҳоким театр ходимлари билан учрашиб, "тушунтиргач", актёрлар пушаймонлик билдирган.

Пушаймонлик

1 ноябрь куни Озодликка Қўқон шаҳар мусиқали драма театри актёрлари томонидан йўлланган видеода улар бир кун олдин қилган ишига пушаймонлик билдиришган.

Қўқон театри актёрлари пушаймонлик билдирди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:10 0:00
Бевосита линк

“31 октябрь Озодлик радиосига йўллаган мурожаатимизга бугун театр жамоаси номидан раддия берамиз.

Бизга мана шу муаммо ҳақида келиб тушунтириш қилишди, жамоа билан суҳбат қилишди.

Биз ҳаммасини тушундик ва бу хатоимиздан пушаймонмиз.

Лекин бизга буни тўғри тушунтиришмагани оқибатида келиб чиққан деб ўйлаймиз.

Бизга тўғри тушунтириш беришмади. Аксинча, “25 фоиз устама устига 45 фоиз устама қўшилди, энди 25 фоизни қайтариб, кесиб ташлаймиз”, деб тушунтиришди.

Лекин ваҳоланки, ҳокимимиз келиб, ўзлари тўғри тушунтиришди. 25 фоиз жойида турибди. Аксинча, “юқори ташкилотлар, молия вазирлиги билан ҳисоб-китоб қилиниб, 25 фоиз 45 фоизга айлантирилди”, дейишди.

Бизга тўғри тушунтириш бермагани оқибатида шу муаммо юзага келиб чиқди”, дейилади Озодликка йўлланган видеода.

1 ноябрь куни Қўқон театри ходимлари ва раҳбарлари билан боғланиб бўлмагани (телефон қўнғироқларига жавоб берилмади) сабаб видеога оид қўшимча тафсилотларни аниқлаш имкони бўлмади. Театр жамоаси билан қайси ҳоким (Қўқон шаҳрининг ёки Фарғона вилоят ҳокими) учрашгани видеодан англашилмайди.

Видеода актёрларнинг “25 фоиз 45 фоизга айлантирилди” дейишгани, эндиликда улар ойлиги 25 фоизга ошди деган мазмунни билдирадими ёки йўқми, бу савол ҳозирча жавобсиз қолди.

Қўқон театри актёрларининг бир кун олдинги видеоси:

Қўқон театри актёрларининг президент Мирзиёевга мурожаати
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:52 0:00
Бевосита линк

25 фоизнинг қисқариши

Марҳум президент Ислом Каримовнинг фармонига кўра, 1993 йилнинг 1 декабридан бошлаб, театрларда ишловчи артистлар учун мансаб окладларининг 25 фоизи миқдорида маошларига ҳар ойлик устама ҳақ белгиланган эди.

Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 23 сентябрдаги 798-сонли қарорига мувофиқ, маданият муассасалари ходимлари ойлигига 26 йил аввал қўшилган 25 фоизлик устама 1 октябрдан бекор қилинди.

Бахшичилик санъатини ривожлантиришга бағишланган ушбу қарорнинг 4-иловасида театрлар ходимлари ойликларига доҳил қисми бор:

“Мазкур қарор билан базавий лавозим маошлари миқдори тасдиқланган театрлар ходимларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республика театрлари артистларининг меҳнатига ҳақ тўлаш шартларини яхшилаш тўғрисида» 1993 йил 3 декабрдаги ПФ-692-сон Фармони билан белгиланган ҳар ойлик устама ҳақлари татбиқ этилмайди”.

Қарорда театр ходимлари ойлигидаги ушбу ўзгаришга бирор изоҳ берилмаган.

31 октябрь куни Озодлик мухбири Маданият вазирлиги мулозимларидан ҳам бу борада бирор изоҳ ололмади.

Озодлик боғланган вазирлик мулозимлари, қабул қилинган янги қарорни ўқиб бериш билангина чекланди холос.

Қўқон театри раҳбарияти эса, улар ҳукумат қарорларига амал қилган ҳолда иш кўраётганликларини таъкидлашди.

Вазирлар мағкамасининг 2018 йил 19 июндаги қарорига кўра, маданият муассасалари ходимлари ойлги 45 фоизга оширилганди.

XS
SM
MD
LG