Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:58

15 августдан электр энергияси, газ, бензин ва дизель ёнилғиси қимматлади


15 августдан бошлаб Ўзбекистонда электр энергияси, табиий газ, бензин ва дизель ёнилғисининг янги нархлари кучга кирди. Нархлар ошажаги тўғрисида Озодлик аввал хабар қилган эди. Ёқилғи-энергетика ресурслари нарх ва тарифларига киритилган ўзгартишлар Вазирлар Маҳкамасининг 30 июлдаги қарори билан тасдиқланган.

Инфографика Адлия вазирлигининг Телеграм каналидан олинди.
Инфографика Адлия вазирлигининг Телеграм каналидан олинди.

Адлия вазирлиги Телеграм-каналида хабар қилинишича, 15 августдан бошлаб аҳолига етказиб берилаётган табиий газнинг бир кубометри, ҳисобга олиш приборлари мавжуд бўлса, 380 сўм ёки 0,04 долларни ташкил этди (бунгача - 320 сўм, ўсиш 18,7%).

Ҳисобга олиш приборлари мавжуд бўлмаганда, овқат тайёрлаш ва иссиқ сув таъминоти учун газнинг бир кубометри 660 сўм ёки 0,07 долларни ташкил этади (бунгача - 553 сўм, +19,3%), иситиш учун - 380 сўм ёки 0,04 доллар (бунгача - 320 сўм, +18,7%).

Маиший эҳтиёжлар учун аҳолига сотиладиган 1 кг суюлтирилган газ учун - 1120 сўм ($0,12). Бунгача 950 сўм эди (17,8%).

Электр энергияси маиший истеъмолчилар учун 1 кВт/соат - 295 сўм (бунгача 250 сўм) ёки $0,03 (+18%). Истеъмолчиларнинг бошқа тоифаси учун 1 кВт/соат - 450 сўм.

Ўзбекистонда 15 августдан бензин учун янги нархлар:

АИ-80 - бир литр учун 4 500 сўм ёки $0,5 (+500 сўм);

Дизель ёнилғиси - бир литр учун 5400 сўм ёки $0,6 (+600 сўм);

ЭКО дизель ёнилғиси - бир литр 5700 сўм ёки $0,63 (+1200 сўм).

Айни пайтда...

Тошкентда 15 августдан автобус ва метро йўлкираcи 200 сўмга қимматлади ва 1400 сўмни ташкил қилди.

Тошкент шаҳар ҳокимияти тарқатган расмий хабарда айтилишича, айни пайтда ойлик йўлкира карточкаларининг нархи ўзгармайди. Унинг нархи ҳозирги даражада сақлаб қолинади.

Йўлкира нархининг оширилиши тўғрисидаги қарор Транспорт вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан қабул қилинди.

«Иш ҳақининг ошиши ва ёқилғи ҳамда эҳтиёт қисмларига нархларнинг кўтарилиши, шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш ва шаҳар транспортида йўқотишларни камайтириш бўйича маълумотларнинг таҳлили натижасида Молия вазирлиги таклиф этилган тарифларни тасдиқлади”, дейилади расмий билдирувда.

Бундан аввал пойтахтда йўлкира 2016 йилнинг апрелида оширилган ва 1200 сўм қилиб белгиланганди.

1 августдан Ўзбекистонда энг кам иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақалар миқдори ўртача 10 фоизга кўтарилди.

XS
SM
MD
LG